16:57 / 01.06.2018
7673

Toshiba 18 млрд долларлик бизнесини сотиб юборди

Фото: Reuters

Япониянинг Toshiba Corp ширкати ўзининг микрочиплар ишлаб чиқариш бўлинмасини 18 миллиард долларга сотилиши бўйича келишувни ёпди. Сотиб олувчига Американинг Bain Capital хусусий ширкати бошчилигидаги консорциум бўлди, дея хабар беради Reuters Toshiba баёнотига таянган ҳолда.

Консорциумга, шунингдек, Жанубий Кореянинг микросхемалар ишлаб чиқарувчиси SK Hynix, Apple, Dell Technologies, Seagate Technology ва Kingston Technology киради.

Toshiba ва Bain Capital сотув ҳақида 2017 йилда келишиб олди. Дастлаб томонлар келишувни 2018 йил март ойининг охирига қадар ёпишни режалаштирдилар, аммо бу жараён Хитойнинг монополияга қарши идоралари сабаб чўзилиб кетди. Хитой расмийлари келишув давомида Жанубий Кореянинг SK Hynix’и Toshiba бизнесида катта улушга эга бўлиши ва рақобат тамойилларини бузиши мумкинлигидан хавотирланган.

Микрочипларни ишлаб чиқариш Toshiba бизнесининг асосий йўналишларидан биридир. Корпорация 2017 йилнинг баҳорида уни сотувга қўйди. Бу АҚШнинг атом энергияси билан шуғулланадиган Westinghouse Electric ширкати банкротлиги сабабли миллиардлаб доллар йўқотилгани туфайли рўй берди. Бизнесни сотиш ҳисобидан компания зарарнинг ўрни қопланишини кутмоқда.

Top