18:35 / 03.06.2018
90101

Велосипедда ҳаракатланиш қоидаларини  биласизми?

Фото: Pixabay

3 июнь Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан "Бутунжаҳон велосипед куни” деб белгиланган. Қонунчиликка мувофиқ, велосипед одам кучи билан ҳаракатлантириладиган (ногиронлар аравачасидан ташқари) икки ёки ундан ортиқ ғилдиракли транспорт воситасидир. Йўлда велосипед ҳайдаб ўтиш 14 ёшдан кичик бўлмаган шахсларга рухсат этилади. "Ҳуқуқий ахборот" матбуот хизмати йўлларда велосипедда ҳаракатланишга қўйилган талабларни ёдга солди.

Велосипедлар йўлнинг чеккасида имкон қадар ўнг томондан бир қатор бўлиб ҳаракатланиши керак. Агар пиёдаларга халақит бермаса, йўл ёқасидан ҳаракатланишга ҳам рухсат этилади.

Йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишда велосипедчилар жамланмаси йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлайдиган ҳамда уларни қувиб ўтишни осонлаштирадиган гуруҳларга бўлиниши лозим.

Велосипед товушли ишора мосламаси билан жиҳозланган ва тормоз тизими соз бўлиши зарур. Қоронғу вақтда ҳаракатланиш учун велосипеднинг олд томонига - оқ рангли нур қайтаргич ва чироқ, орқа томонига - қизил рангли нур қайтаргич ва чироқ, ён томонларига эса зарғалдоқ ёки қизил рангли нур қайтаргич ўрнатилиши керак.

Велосипед ҳайдовчиларига қуйидагилар тақиқланади:

  • рулни бир қўлда ушлаб ҳаракатланиш;
  • йўловчи ташиш (ишончли оёқ қўйгич билан жиҳозланган қўшимча ўриндиқда 7 ёшгача бўлган йўловчини ташиш бундан мустасно);
  • габаритдан бўйига ва энига 0,5 метрдан ортиқ чиқиб турган ёки бошқаришга халақит берадиган юкларни ташиш;
  • велосипед йўлкаси бўлган ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланиш;
  • трамвайлар ҳаракатланадиган йўлларда ва тегишли йўналишда йўналишлари биттадан кўп бўлган йўлларда чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш.

Велосипед ҳайдовчиларининг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя қилмаслиги — энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Top