Фан-техника | 12:05 / 11.07.2018
4010
2 дақиқада ўқилади

WhatsApp ҳиндистонликларга сохта хабарларни аниқлашни ўргатди

Facebook компаниясига тегишли бўлган WhatsApp мессенжери Ҳиндистоннинг етакчи газеталарида сохта хабарларни аниқлаш бўйича йўриқномани чоп этди.

Фото: Twitter/@AnujSrivas

Сервис мессенжер орқали тарқатилаётган миш-мишлар сабабли, айбсиз одамларга ҳужум уюштириш ҳолатларининг кўпайиб кетганидан сўнг, шундай қилишга мажбур бўлди.

WhatsApp одамларни қайғуга солиши ёки дарғазаб қилиши мумкин бўлган хабарларни, фотосуратлар ва ҳаволаларни бошқа манбалар орқали текшириб кўришни тавсия қилмоқда. Бундан ташқари, сохта хабарлар 
вирус бўлиши ҳам мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

WhatsApp мутахассислари тарқатилаётган хабарларни ажратиб кўрсатувчи махсус белгини ҳам жорий қилишди. 

«Бу белги туфайли юборилаётган хабарнинг ҳақиқатдан ҳам дўстингиз ёки қариндошингиз орқали ёзилгани, ёки бошқа бировнинг ёзган хабарини сизга юборилаётганини билиш мумкин», — дейилади сервис блогида.

Ҳафта давомида WhatsApp худди шундай хабарларни инглиз, ҳинд ва бошқа тилларда Ҳиндистондаги барча кундалик газеталарда чоп этишни режалаштиряпти.

WhatsApp мессенжерининг Ҳиндистондаги ойлик аудиторияси 200 миллион фойдаланувчидан ортиқдир. Сўнгги пайтларда одамларни ўғрилаб кетиш ҳолатлари ҳақидаги мессенжер орқали тарқатилган хабарларни муҳокама қилиш жараёнида, айбсиз шахсларга ҳужум қилиш ҳолатлари кўпайган эди. Охирги уч ой ичида Ҳиндистоннинг бир неча ҳудудларида камида 17 одам оломон томонидан уриб ўлдирилган.

Мавзуга оид