00:14 / 12.07.2018
12019

Гиёҳвандликка оид жиноят қилган шахсларга хукм ўқилди

2018 йил июнь ойида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судида Ё.Хайдарова раислигида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Судланувчилар Курамбаев Ойбек Тохтасунович ва Халиков Миродил Миралимовичларга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. 

О.Курамбаев 2018 йил 21 февраль кунига қадар ўзи истиқомат қиладиган Мирзо Улуғбек тумани Қорасу-6 даҳаси, 15-уй, 23-хонадонда ўтказиш мақсадини кўзламай, қоғоз бўлагига ўралган “марихуана” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сақлаб келган.

М.Халиков эса 2018 йил 20 февраль куни тахминан соат 22:00да Мирзо Улуғбек туманининг Қорасу-6 даҳасида жойлашган UzGazOil АЁҚШ олдида Mersedes-benz русумли давлат рақами 01 J 316 UA бўлган автоуловда йўловчи сифатида ҳаракатланиб, эгнидаги курткасининг ташқи ўнг чўнтагида гугурт қутисига қадоқланган “марихуана” гиёҳвандлик воситасини қонунга ҳилоф равишда ўтказиш мақсадини кўзламай сақлаб кетаётган вақтда ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ушланган.

Суд қуйидаги тартибда айбланувчиларга ҳукм ўқиди:

О.Курамбаевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 276-моддаси 2-қисмининг “б” банди билан (Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар, б) илгари гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятни содир этган шахс томонидан содир этилган бўлса) 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, ЖК 96-моддасига (Алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка йўлиққан шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги чораларни қўллаш) асосан жазони ўташ муассасаларида гиёҳвандликдан (анаша) мажбурий даволаниш чоралари қўлланилди.

М.Халиковга ЖК 276-моддасининг 1-қисми билан ойлик иш ҳақининг 20 фоиз давлат даромадига ундириш шарти билан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Шунингдек, ЖК 96-моддасига (Алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка йўлиққан шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги чораларни қўллаш) асосан жазони ўташ муассасаларида гиёҳвандликдан (анаша) мажбурий даволаниш чоралари қўлланилди.

Ҳукмдан норози тарафларга ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчилар ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб, ўн сутка ичида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига, ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг эса жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанцияси судлов ҳайъатига шикоят бериши ёки протест билдириши мумкинлиги тушунтирилди.

Top