Жаҳон | 12:30 / 17.07.2018
53758
8 дақиқада ўқилади

Хельсинки саммити: Путин ва Трамп нималар ҳақида гаплашди?

Фото: Reuters

16 июль куни Финляндия пойтахти Хельсинкида Дональд Трамп 2016 йилда АҚШ президенти этиб сайланганидан буён илк бор тўлиқ шаклдаги Россия-АҚШ саммити бўлиб ўтди.

Бунга қадар Путин ва Трамп икки марта ва фақатгина халқаро тадбирлар «майдонида» – 2017 йил июлда Ҳамбургда «Катта йигирматалик» саммитида ва ўша йил ноябрида Вьетнамда ОТИҲ (Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги) саммитида учрашишганди.

Мазкур учрашув дастурига кўра икки давлат раҳбарлари бир ярим соат яккама-якка суҳбатлашиши ва сўнгра кенгайтирилган таркибдаги Россия-Америка музокаралари ўтказилиши лозим эди. Ўзаро мулоқотдан олдин Россия ва АҚШ президентлари қисқа салом-алик қилишди ва журналистларнинг саволларига жавоб қайтаришмади.

Путин ва Трампнинг яккама-якка учрашуви 55 дақиқа кеч бошланди ва 2 соату 10 дақиқа давом этди.

Учрашув баҳоси
Путин саммит якунлари бўйича Трамп билан музокаралар фойдали бўлганини ва ишчан руҳда ўтганлигини қайд этди. «Музокараларни жудаям муваффақиятли ва фойдали деб ҳисоблайман», - деди у.

Россия президентининг сўзларига кўра, Америка раҳбари билан музокаралар Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни яхшилашни ҳар икки томон ҳам хоҳлаётганини кўрсатди. «Бугунги музокаралар бизнинг президент Трамп билан икки томонлама муносабатлардаги салбий вазиятни ўнглаш, илк қадамларни ташлаш, ишончни тиклаш ва аввалги даражадаги ҳамкорликни қайтариш борасидаги истакларимизни акс эттирди», - деди Путин.

Россия президенти Россия ва АҚШ муносабатларидаги қийинчилик ва оғир муҳит объектив сабабларга эга эмаслигини билдирди. «Совуқ уруш» аллақачон тугаган, икки давлатнинг кескин мафкуравий қарама-қаршилиги узоқ ўтмишда қолган, дунёдаги вазият тубдан ўзгарган», - деди Путин. У «бугунги кунда Россия ҳам, АҚШ ҳам буткул бошқача чақириқлар олдида қолгани»ни ва «бунга фақатгина кучларни бирлаштириш орқали қарши тура олиш мумкинлиги»ни таъкидлади.

Трамп ўз навбатида Москва ва Вашингтон муносабатларининг ҳозирги ҳолати ҳақида гапирар экан, «юзага келган вазият учун жавобгарлик» ҳар икки томон зиммасида эканлигини қайд этди.

«АҚШ ўзини аҳмоқона тутди. Биз Россия билан мулоқотни аллақачон, мен ҳокимиятга келмасимдан аввал бошлашимиз керак эди», - деди Америка етакчиси.

«Мен бунга ҳаммамиз айбдормиз деб ҳисоблайман. Ва ҳозирда АҚШ Россия билан биргаликда муносабатларни тикламоқда. Бизда ҳамкорлик қилиш ва энг муҳим масала - ядровий қурол тарқалишини тўхтатиш устида ишлаш имконияти мавжуд», - деди АҚШ президенти.

АҚШдаги сайловларга аралашув
Трамп Путин билан музокаралар чоғида Москванинг Америкадаги сайловларга аралашиши ҳақидаги саволни берганлигини айтди. У президентлик сайловлари пайтида унинг сайловолди штаби ва Москва ўртасида келишув бўлганлиги ҳақидаги гап-сўзларни яна бир бор рад этди ва «унинг сайловолди кампанияси соф бўлгани»ни билдирди: «Биз шунчаки бу пойгада ғолиб чиқдик».

Трампнинг сўзларига кўра, АҚШдаги президентлик сайловига Россиянинг эҳтимолий аралашувини текшириш «энг йирик ядровий давлатлар ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир қилган». АҚШ президенти Россиянинг АҚШдаги сайловларга эҳтимолий аралашувини текшириш борасидаги ФҚБнинг хатти-ҳаракатларига шубҳа билдирди ва Путин Москвага нисбатан айбловларни қатъиян рад этганини қайд этди. У Ҳиллари Клинтоннинг электрон мактублари билан қандай ҳодиса рўй берганини тушуниб олиш кераклигини айтди. «33 мингта электрон мактуб шунчаки йўқолиб қолган. Бу шармандалик. Биз бу 33 мингта электрон мактубни кўра олмаймиз», - деди у. Трамп шунингдек, АҚШдаги сайловларга аралашишда айбланган 12 нафар россиялик жосус сайлов жараёнларига мутлақо алоқадор эмаслигини билдирди.

Путин ўз навбатида Россия АҚШнинг ички ишларига аралашмаслигини ва аралашиш ниятида эмаслигини таъкидлади. У Россия киберхавфсизлик бўйича гуруҳ доирасида Америкадаги сайловларга аралашиш ҳақидаги далилларни АҚШ билан биргаликда кўриб чиқишга, агар далиллар тақдим этилса, Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Америкадаги сайловларга аралашишда айбланганларни сўроқ қилиш ва Вашингтонга жавоб йўллашга тайёрлигини маълум қилди. Бундан ташқари, Россия президенти мазкур сўроқ жараёнларида АҚШ расмий вакилларининг иштирок этиши мумкинлигини, бунда Москва ҳам Россия ҳудудида ноқонуний ҳаракатлар қилишда гумонланган АҚШ махсус хизмати вакилларининг россиялик терговчилар иштирокида сўроқ қилинишини талаб қилишини билдирди. Путин хусусан, Россияда товламачилиги учун судланган молиячи Уильям Браудернинг Hermitage Capital фонди ишини эслатиб ўтди.
Путин шунингдек, Россиянинг «Конкорд» фирмаси АҚШдаги сайловларга аралашгани ҳақидаги айбловлар Америка судида йўққа чиқишини айтди. Россия президенти «Конкорд» ходимлари Россия давлатини тамсил этмасликларини ва махсус хизматлар эмас, балки фақат суд Россиянинг АҚШдаги сайловларга эҳтимолий аралашуви борасида ҳукм  чиқариши мумкинлигини эслатди.

Энергетика масалалари
Путин Стокгольм арбитражида Россия ва Украина низоси ҳал қилинган тақдирда Россия Европага Украина орқали газ етказиб беришга тайёрлигини билдирди. 

Ўз навбатида, АҚШ президенти Америка томони Германиянинг «Шимолий оқим 2»да иштирок этиш қарорига эътироз билдирмаслигига, аммо АҚШ энергия ресурслари бу қувур билан рақобат қилишига ваъда берди. «Биз қувур ҳақида гапирар эканмиз, у билан рақобатлашамиз. Бу Германия учун манфаатли эканлигига ишончим комил эмас. АҚШ нефть ва газ бўйича энг йирик давлат бўлади ва бўлди. Биз суюлтирилган газ сотамиз ва қувур билан рақобат қиламиз», - деди у.

Трамп бу масалани аввалроқ ГФР канцлери Ангела Меркель билан муҳокама қилганлигини айтди: «Мен Ангела Меркель билан буни кескин кўринишда муҳокама қилдим. Уларнинг яқин манбаси (Россия) бор».

Суриядаги вазият
Матбуот анжумани давомида Путин Франция президенти Эммануэл Макрон билан Сурияга гуманитар ёрдам кўрсатиш борасида келишиб олганини ва Россия бунинг учун самолётлар ажратишга тайёрлигини айтди. Унинг айтишича, Сурияга гуманитар ёрдам кўрсатиш масаласи АҚШ президенти билан музокараларда ҳам муҳокама қилинган. 

Путин матбуот анжуманида Суриядаги вазиятни барқарорлаштириш борасида «тўп ким томонида» эканлигини антиқа тарзда ифодалади. У Трампга футбол бўйича жаҳон чемпионати ўтказиш ваколатини Россиядан Қатарга бериш маросимида намойиш этилган тўпни Трампга топширди.

Путин аввалроқ АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг Суриядаги вазиятни барқарорлаштириш борасида тўп Россия томонида эканлиги ҳақидаги фикрига шу тарзда жавоб қайтарди. Трамп тўпни ўғли Баронга беришини айтди: «Мелания, тўпни ўғлимизга олиб қўй». У шу сўзларни айтиб тўпни биринчи қаторда ўтирган турмуш ўртоғига узатди.

КХДРнинг қуролсизланиши
«Шахсан АҚШ президентининг иштироки туфайли Корея яриморолида вазият барқарорлашига эришиш мумкин бўлди», деди Путин.

«Корея яриморолидаги муаммо ҳал бўлиб бораётгани яхши. Бу асосан вазиятни барқарорлаштиришга шахсан президент Трампнинг ўзи киришгани, қарама-қаршилик эмас, ҳамкорлик руҳида мулоқотни йўлга қўйгани эвазига юз берди», - деди у.

Трамп ўз навбатида КХДРни қуролсизлантириш масаласида Россия АҚШ билан ҳамкорликка тайёрлигини айтди. «Ўтган ойда Ким Чен Ин билан Шимолий Кореянинг қуролсизланиши масаласини муҳокама қилдим ва бугун президент Путин ва Россия ҳам бу муаммони ҳал қилиш устида ишлашга тайёрлигига ишонаман», - деди АҚШ президенти.

Мавзуга оид