11:40 / 22.07.2018
7959

Лос-Анжелесдаги супермаркетда 50 нафарга яқин киши гаровга олинди

Фото: Reuters

Американинг Лос-Анжелес шаҳрида полиция таъқибидаги жиноятчи Trader Joeʼs супермаркетлар тармоғи дўконларидан бирида мижозларни гаровга олди. Гаровдагилардан бири — дўкон ходимаси — ҳалок бўлган. Бу ҳақда матбуот анжуманида шаҳар мэри Эрик Гарсетти маълум қилган.

Ҳужум вақтида супермаркетда бўлган 6 киши шифохонага ётқизилган, уларнинг ҳаётига жиддий хавф йўқ.

Супермаркетга қуролли жиноятчи полиция таъқибидан қочатуриб кириб қолган. У автомобилини Trader Joeʼs биноси яқинида уриб олганди.

Полиция уни ўз бувиси ва яна бир аёлни ўқотар қуролдан жароҳатлаганидан кейин қуваётганди.

У супермаркетга бостириб кирганида ичкарида ходимлар ва мижозлардан иборат 50 нафарга яқин киши бор эди. Уларнинг айримлари ойна орқали чиқиб қочган, айримлари дўконнинг турли нуқталарига яширинган.

Полиция билан 3 соат давом этган музокаралардан кейин жиноятчи таслим бўлган. Полиция маълумотига кўра отишма вақтида унинг қўли жароҳатланган.

Ҳозирча ҳодисанинг бошқа тафсилотлари ошкор этилмаган, жиноятчи 28 ёшда экани маълум.

Top