00:17 / 24.07.2018
16302

Ашхободда товуқ гўшти қимматлашгани норозиликларга сабаб бўлди

Ашхобод шаҳрида товуқ гўшти нархи ва ҳукумат олиб бораётган сиёсатга нисбатан норозилик ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан дарҳол бостирилди. Бу ҳақда «Альтернативные новости Туркменистана» портали хабар берди.

Нашрнинг хабар қилишича, норозиликлар Ашхободдаги Абадан тумани бозорида юз берган. Бозордагилар тозаланган товуқ гўшти келтирилишини кутиб туришган.

Фото: Озодагон

«Товуқ гўшти давлат дўконларига келтирилади. Унинг нархи 14 манат этиб белгиланган. Аммо бу сафар гўшт давлат дўконларини айланиб ўтиб хусусий дўконларда бир килоси 25 манатдан пайдо бўлди. Бу тўпланганларда норозилик келиб чиқишига сабаб бўлди ва ҳақиқий тўполонга айланиб кетди», — деган нашр суҳбатдоши.

Гувоҳларнинг айтишича, тўпланганлар баланд овозда норозилик билдиришган ва дўконга киришга уринишган. Оломон орасида нархларнинг ўсиши, аҳолининг қашшоқланиши ва ишсизлик ҳақида гап-сўзлар айтилган. Кейинроқ тўпланганлар уларнинг фикрича мамлакатни шу ҳолатга олиб келган президент Гурбангули Бердимуҳамедовни танқид қила бошлашган.

Орадан 20 дақиқа ўтгач тўпланганларни фуқаро кийимидаги кишилар ҳар тарафдан ўраб олган ва бир неча кишини тутиб ерга ётқизишган. Сўнгра улар махсус транспортга олиб чиқилган. Қолганлар эса ҳар тарафга тарқаб кетган.

Ўша куни қўлга олинганлар сони ва уларнинг кейинги тақдири номаълум, дейилади хабарда.

Top