Жаҳон | 11:50 / 26.07.2018
35318
5 дақиқада ўқилади

Марсда суви бор кўл топилди 

Олимлар Марсда суюқ ҳолатда сув борлигининг илк исботларини аниқлашганини эълон қилишди. Сув кўндалангига 20 км келадиган кўлда бўлиб, кўл сайёранинг жанубий қутбида жойлашган ва қалин муз остида яширинган.

SCIENCE PHOTO LIBRARY

Аввал олимлар Марс сиртида баъзида эриётган музликларнинг суви бир муддат оқиши мумкинлиги, аммо сайёрадаги паст босим сабабли бу сув тез буғланиб кетишини тахмин қилишган. Бироқ энди Қизил сайёрада доимий равишда суюқ сув мавжуд деб ўйлашга илк асослар пайдо бўлди.

НАСАнинг «Кьюриосити» марсоходи аввалроқ сайёра юзасида қуриган кўллар мавжудлигини аниқлаган ва бу билан ўтмишда Марсда сув бўлгани исботланганди.
Сайёрада ҳароратнинг сезиларли равишда пасайиб кетгани оқибатида сувнинг аксарият қисми музга айланган.

Фото: NASA

«Бу унча катта бўлмаган кўл бўлиши керак», - дейди тадқиқот раҳбари, Италия астрофизика миллий институти профессори Оросеи.

Радар сув қатламининг қалинлигини ўлчай олмади, аммо олимлар унинг бир метрдан кам эмаслигини тахмин қилишмоқда.

«Уни сувли резервуар деб аташга асос бор. Бу шунчаки тоғ жинси ва муз қатлами орасида қолиб кетган сув билан тўла кўл эмас», - деди профессор.

Фото: ESA/INAF

Кўл қандай топилди?
Marsis радари сайёра юзасини ва тупроқнинг юқори қатламини тадқиқ қилади, электромагнит тўлқинлар тарқатади ва қайтган сигналларни ўрганади.

Юқоридаги суратда узлуксиз ёрқин чизиқ сайёра жанубий қутбидаги қатламни акс эттиради. У чанг ва музлаган сувдан иборат аралашмадан ташкил топган.
Аммо олимлар унинг остида ғайриоддий нарса борлигини пайқашди.

«Мовий ранг билан сигнал сайёра юзасидан кўра яхшироқ келган ҳудуд ифодаланган. Бу эса сув мавжудлигидан дарак беради», - деб изоҳлайди профессор Оросеи.

Фото: BBC

Бу Марсда ҳаёт борлигини билдирадими?
Бу саволга аниқ жавоб беришнинг имкони йўқ. Ҳозирча.

«Биз Марс юзаси ҳаёт учун яроқсиз эканлигини биламиз. Шунинг учун тупроқнинг юқори қатламидан ҳаёт аломатларини изламоқдамиз», - дейди Очиқ университет профессори Маниш Патель.

«У ерда зарарли нурланишдан етарлича ҳимоя мавжуд, босим ва ҳарорат эса меъёр даражасига етади. Аммо асосийси, ҳаёт асосини ташкил этувчи сув худди мана шундай шароитда суюқ ҳолатда бўлиши мумкин», дея давом этган у.

Янги кашфиёт сайёрада сув борлигини тахмин қилиш имконини беради, аммо бундан ортиқ ҳеч нимани исботламайди.

«Биз ҳаёт мавжудлигини аниқлашга яқинлашганимиз йўқ, - дейди Патель, - аммо бу кашфиёт ҳаётни Марснинг қаеридан излаш кераклигини кўрсатиб беради».

Фото: BBC

Сув ҳарорати ва унинг кимёвий таркиби ҳам Марсдаги эҳтимолий организмлар яшаши учун муаммо туғдириши мумкин.

Сув бундай совуқ ҳароратда суюқ ҳолда қолиши учун унинг таркибида туз жуда кўп бўлиши керак.

«Тахмин қилиш мумкинми, бу сув ўта совуқ тузли аралашмадан иборат бўлиб, унда ҳаёт учун мақбул шароит йўқ», - дейди Сент-Эндрюсс университети астробиологи.

Буёғига нима бўлади?
«Ҳозирда ўтказилган тадқиқотларни ўхшаш сигналларни аниқлаш учун бошқа жойларда ҳам такрорлаб кўриш керак. Бундай натижаларнинг сабабларини ўрганиш ва бошқа муқобил изоҳларга ҳожат қолдирмаслик лозим», - дейди Очиқ университети профессори Мэтт Балми.

Фото: BBC

Олимлар Анктарктикадаги Восток кўли тубида бактериал ҳаёт мавжудлигини аниқлашганини маълум қилишган, аммо Марсда буни аниқлаш қийин масала.

«У ергача бориш ва унинг айнан кўл эканлигига ишонч ҳосил қилиш осон иш эмас», - дейди профессор Оросеи.

«Бунинг учун муз қатламини 1,5 километр чуқурликда ўя оладиган учар робот керак. Ҳозирда бундай технология мавжуд эмас», - дейди у.

Мавзуга оид