00:00 / 28.07.2018
11755

“МТС” Туркманистон устидан халқаро ташкилотга арз қилди  

Фото: ТАСС/Валерий Шарифулин

“МТС” компанияси Туркманистондаги филиали “МТС Туркменистан” ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлгандан кейин Жаҳон банки қошидаги Инвестициявий баҳсларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказга арз қилди.

МТС хабарида айтилишича, мобил оператор фаолиятини тўхташидан кўрган умумий зиёни ҳали охиригача белгиланмаган, бироқ дастлабки ҳисоб-китобларга кўра камида 750 млн долларга баҳоланмоқда.

“МТС Туркменистан” 2017 йил 29 сентябрдан Туркманистондаги мижозларига уяли алоқа хизматларини кўрсатишдан тўхтаган. 

“МТС” Туркманистон давлати унинг хорижий сармоячи сифатидаги ҳуқуқини бузган деб ҳисобламоқда. Бу натижада “МТС”нинг Туркманистондаги инвестицияларидан тўлиқ маҳрум бўлишига олиб келган”, деб маълум қилган компания.  

“МТС” Туркманистон билан зиддиятлар ҳал қилинмагани сабабли халқаро ташкилотга мурожаат қилишга мажбур бўлган.  

Компания Туркманистонда 2006 йилдан ишлашни бошлаган ва 2010 йилгача мобил алоқа соҳасида деярли монополчи бўлган ҳамда 2,5 млн мижозга хизмат кўрсатган. Бу орада миллий оператор “Алтин Асир” бор-йўғи 0,5 млн мижозга хизмат кўрсатган.

2017 йил сентябрда “Туркментелеком” “МТС” билан ҳамкорлик шартномасини узайтирмаган ва бу халқаро ва шаҳарлараро алоқа ҳамда интернетга кириш хизматларининг ўчирилишига олиб келган. 

2017 йил якунларига кўра, “МТС” Туркманистондаги активлари қадрсизланишидан 3,2 млрд рубллик зарар кўрган.

Top