Ўзбекистон | 09:25 / 28.07.2018
8589
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда миллий электрон кутубхона ташкил этилмоқда

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Миллий умумтаълим электрон кутубхона” лойиҳасини амалга ошириш ва республикамизда электрон  ахборот-кутубхона  тизимини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Фото: Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги 

Тадбирда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар ахборот-кутубхона марказлари ходимлари иштирок этдилар. Унда мутахассислар учун яқинда Жанубий Корея Республикасида шу соҳа бўйича малака ошириб қайтган кутубхоначилар ҳамда хорижлик мутахассислар электрон турдаги ахборот-кутубхона ресурсларини кўпайтириш ва улардан интернет тармоғи орқали фойдаланиш бўйича зарур тавсияларини бердилар.

Фото: Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги 

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Тангриев сўзга чиқар экан, миллий умумтаълим электрон кутубхона лойиҳасини амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад ахборот-кутубхона тизимини янада ривожлантириш, аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш сифатини юксалтириш эканини алоҳида қайд этди. “Жанубий Корея тажрибаси асосида ташкил этилаётган миллий электрон кутубхона мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришда олимларга уларнинг тадқиқотлар олиб боришида энг яқин ёрдамчи бўлиши зарур. Айниқса, улар учун ташкил этиладиган махсус бўлим дунёдаги етакчи илмий кутубхоналар билан тўғридан-тўғри боғланиш, зарур манбалардан тўсиқсиз фойдаланиш имконини бериш керак”  деб таъкидлади.

Фото: Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги 
Фото: Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги 

Шунингдек давра суҳбатида ўз маърузаси билан Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директор ўринбосари У.Тешабаева сўзга чиқар экан, у “Миллий умумтаълим электрон кутубхона” лойиҳасини техник жиҳатдан таъминлаш ишлари Корея Республикасининг LG CNS компаниясига топширилганлиги, лойиҳа доирасида Ўзбекистон Миллий кутубхонасида  “Рақамлаштириш ва сканерлаш”, “Мультимедиа” марказлари ташкил этилаётганлиги, бугунги кунда зарур техник жиҳозларни олиб келиш ва жойлаштириш билан боғлиқ  ишлар ўз якунига етаётганлиги ҳақида гапириб ўтди. 

Фото: Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги 

Халқаро семинар-тренингда иштирок этишдан кўзланган яна бир устувор мақсад “Миллий умумтаълим электрон кутубхона” лойиҳаси тизимини яратиш стратегияси, маълумотлар базасидан фойдаланиш имкониятлари, лойиҳа дизайни ва илғор тажрибаларни ўрганиш, Жанубий Корея Республикасининг кутубхоначилигига доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар базаси билан яқиндан танишиб, илғор намуналарни мамлакатимиз кутубхоналари фаолиятини такомиллаштириш жараёнида қўллаш ва китобхонларга хизмат кўрсатишнинг замонавий усулларини жорий этиш кераклигини таъкидлади.

Фото: Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги 
Фото: Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги 

Миллий умумтаълим электрон кутубхона лойиҳа менежери Томас Ким ҳисобот маърузаси билан қатнашиб, мазкур лойиҳанинг моҳияти ва аҳамияти, бугунги кунда лойиҳа доирасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтди. 

Мавзуга оид