22:16 / 30.07.2018
114661

МХХнинг тергов бошқармаси собиқ бошлиғи қидирувга берилди

Шу йилнинг 6 июнида Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ тергов бошқармаси бошлиғи Олег Бусигинга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. 

О.Бусыгинга нисбатан сиртдан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиб, у қидирувга берилган. Бу ҳақда Kun.uz’га Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан маълум қилишган.

Хозирги кунда мазкур жиноят иши юзасидан Ўзбекистон Республикаси  Бош прокуратурасининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Архив маълумотларига кўра, 2008 йилда Олег Бусигин «мамлакатимизнинг мудофаа салоҳиятини янада юксалтириш, ёшларни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қўшган улкан ҳиссаси, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ва ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаол иштироки учун» «Жасорат» медали билан тақдирланган.

Манбаларнинг таъкидлашича, Олег Бусигин айни пайтда Россия Федерацияси ҳудудида яшириниб юрибди.

 Жиноят кодексининг 165 моддаси товламачилик жинояти ҳисобланади. Товламачилик - жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш.

Top