08:52 / 31.07.2018
2769

Тунис аэропортидаги иш ташлаш бекор қилинди

Фото: REUTERS/Zoubeir Souissi

Тунис халқаро аэропорти ходимлари шу ҳафтада ўтказилиши режалаштирилган «иш ташлаш»ни бекор қилинаётганини билдирди. 

Reuters хабарига кўра, аэропорт касаба уюшмаси ҳукумат билан ходимларнинг иш шароитини яхшилаш бўйича келишувга эришган. 

Тунисга ташриф буюрувчи сайёҳлар кўпайиши кутилаётган бир паллада аэропорт ходимлари оғир иш шароитидан норози бўлиб, бир ҳафта иш ташлашни эълон қилганди. Шунингдек, шу ҳафтада «Ҳаж» сафарига отланган тунислик фуқаролар ҳам аэропортда қўшимча иш кучини талаб қиларди. 

Тунисдаги иқтисодий аҳволни унча яхши деб бўлмайди: Халқаро валюта жамғармаси билан эришилган келишув қатъий талаблар устида амалга оширилган. Ҳукумат шишиб кетган давлат харажатлари туфайли аэропорт ишчиларининг маошини ошира олмаслигини айтмоқда.

Жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакатга 3 миллионга яқин турист ташриф буюрган. 2015 йили Тунисдаги экстремистлар томонидан ўлдирилган икки нафар хорижий сайёҳ воқеасидан сўнг, мамлакатга ташриф буюрувчилар сони ҳам кескин камайганди.   

Top