19:14 / 06.08.2018
12439

«Атлетико» Испаниянинг бўлажак чемпионими?

Диего Симеоне жамоаси Ла Лиганинг янги мавсумида нима учун «олтин медал»ларни қўлга киритиши кераклигини кўриб чиқамиз.

«Реал»ни Зинедин Зидан тарк этиб унинг ўрнига Хулен Лопетеги таклиф этилиши ортидан Испания терма жамоаси Россиядаги жаҳон чемпионатида муваффақиятсизликка учраб, «Реал»дан Криштиану Роналду ҳам Италияга кетиб, «Барселона» одатдаги каби ўзи истаган футболчиларни трансфер қила олмай юрганида «Атлетико» ими-жимида таркибни кучайтириб, янги мавсумга ҳозирланди. 

Бу тайёргарлик бир қатор қадамларни ўз ичига олади, бу қадамлардан кейин айтиш мумкинки, «Атлетико» чин маънода Испания чемпионати фаворити. «Барселона» ҳам, «Реал» ҳам ҳозирда бундай барқарор кучли таркибга эга эмас. Демак, бу таркиб учун «матрасчилар»нинг раҳбарлари нималар қилишди?

Гризманн таркибда сақлаб қолинди

Асосий ютуқ сифатида «Атлетико»нинг кейинги йиллардаги юлдузи, жаҳон чемпионига айланганидан кейин футболчи сифатида янада ўсган Антуан Гризманн билан шартнома узайтирилганини айтиш мумкин. Ҳолбуки, кейинги бир йил давомида унинг «Барселона»га ўтиши ҳақида ёзишганди. Каталонларни мадридликлар клубини айланиб ўтиб, футболчи билан музокаралар ўтказишда айблашди, футболчи қолиш-қолмаслиги ҳақидаги саволларга муайян бир жавоб бермасди. Кейин бирдан жаҳон чемпионати бошлангунигача аниқ жавоб беришини айтди, буларнинг барчаси у шу ёзда Мадридни тарк этишини кўрсатаётганди.

Франциялик футболчи ўз қарорини ҳақиқий шоуга айлантирди. Бундан Жерар Пике ҳам четда қолмади - унга тегишли Kosmos Studios компанияси икки ой мобайнида Гризманнинг иккиланишлари, ота-онаси, рафиқаси (айнан у ҳал қилувчи рол ўйнаган), синглиси ва билан маслаҳатлашувлари ҳақида ҳужжатли фильм ишлади. Унинг охирги саҳнасида футболчи «Атлетико»нинг уй стадиони бўлмиш «Ванда Метрополитано» қаршисида туради ва барчага Диего Симеоне жамоасида қолишини маълум қилади.

Янги келишув 2023 йилгача мўлжалланган, шартномада бадал пули сифатида 200 миллион евро кўрсатилган, футболчининг йиллик маоши миқдори 20-22 миллион евро атрофида. Олдиндаги чемпионатга Гризманн жаҳон чемпиони сифатида киради, ушбу юлдуз жамоани Испания чемпиони қилиш. Жамоа охирги марта 2013-14 йилги мавсумда мамлакат чемпиони бўлган, Гризманн «Реал Сосьедад»дан 2014 йил ёзида трансфер қилинган. У келганидан буён жамоа икки марта ЕЧЛ финалига чиқди ва икки сафар ҳам Мадриднинг бошқа бир жамоаси «Реал»га ютқазди. Учинчиси эса ҳал қилувчиси бўлиши мумкин.

Лемарнинг келиши

Бу ишда Гризманнга «Атлетико»даги барча жамоадошлари ёрдам беришади. Улардан бири шу ёзда трансфер қилинган ватандоши Тома Лемар бўлади. Ушбу 22 ёшли жаҳон чемпиони Мадридга «Монако»дан 70 миллион евро эвазига келди, у монегаскликлар жамоаси ёшлар билан ишлашдаги омилкорлигининг навбатдаги намунасидир.

Бир неча йил муқаддам Лемарни хафа қилишганди. Гваделупадан мураббийи Филипп Траншан билан Канга келган 14 ёшли ўсмир Нголо Канте ҳам бўлган «Кан»да ўйнатилмасди. У ҳар замонда захирадан ўйинга тушириларди. Аммо бундай тушишлардан бири унинг тақдирини ўзгартириб юборган. 2015 йил баҳорида Тома «Монако»га қарши ярим соат майдонда ҳаракат қилади ва рақиб жамоа бош мураббийи Леонарду Жардимда яхши таассурот қолдиради. Бир неча ой ўтиб у Нормандиядан Лазур қирғоғига йўл олади. «Кан»дагилар яқиндагина Кантени «Лестер»га 9 миллион еврога пуллашганди, шу туфайли Лемар бўйича кўп савдолашмасдан уни 4 миллион евро эвазига қўйиб юборишади. Ўшандан буён Кантенинг нархи қарийб 10 марта ўсди (80 миллион евро), Лемар эса 20 баробар қимматлашди (70 миллион евро).

Фото: Атлетико

Франция чемпионатидаги икки мавсумда у 20дан ортиқ голли узатма муаллифи бўлди ва Франция терма жамоасидан доимий ўрин эгаллади.

Мартинш тарихи

Гризманни тўп билан таъминлаб туриш учун олинган фақат бир Лемар эмас. «Спортинг»дан Желсон Мартинш ҳам «Атлетико» сафига келиб қўшилди. Кабо-Вердеда туғилган ушбу иқтидор бир неча йил муқаддам «Барселона» футболчисига айланишга яқин келганди.

2012 йил ёзида лиссабонликлар клуби инқироз кўчасига кириб қолганди. «Спортинг»да ўшанда каталонияликларга Хеффрен Суарес учун тўлашга 1 миллион евро топилмаганди. Натижада, «Барселона» спорт директори «қарз эвазига» футболчи олиб кетиш учун келишади.

Уларга ёш Желсон Мартинш таклиф этилган, аммо унинг ўрнига Лиссабондан Эдгар Иэ ва Агоштиньо Ка олиб кетилган. Улар «Барселона Б»да 3 йил ўтказишди. Кейин Эдгар Иэ «Вильярреал»нинг дублида ўз омадини синаб кўрди, ниҳоят ватанга қайтиб, «Белененсеш»да тўп сурди. Иккинчиси эса ижарама-ижара юриб, бир йил футболсиз ҳам қолди ва 2017 йилда Литванинг «Штумбрасе» клубида пайдо бўлди.

«Спортинг»да қолган Мартинш эса 2014 йилда Португалия ёшлар терма жамоаси билан Венгрияда ўтказилган Европа чемпионатида кумуш медалларга эга чиқди, бир йил ўтиб Жаҳон чемпионати U-20 турнирида Куарежма услубида гол ургач, уни ҳар қадамда «Янги Фигу» деб атай бошлашди.

Можароли трансфер

Фото: Атлетико

Мартиншнинг трансфери оддий трансферлардан бўлмади. 23 ёшли португалиялик июнь ойида «Спортинг» билан шартномани бирёқлама бузган футболчилар гуруҳида эди (ўтган мавсум охирида клуб президенти футболчиларни камситгач ва клуб мухлислари клуб базасига ҳужум қилиб, футболчиларни ҳамда мураббийлар штаби аъзоларини қонга белагач, жамоа пароканда бўлиб кетди). Ҳужумдан жабр кўрган бўлсада, Баст Дост ва Бруну Фернандеш каби футболчилар жамоага қайтиб, янги шартномаларга имзо қўйишди, аммо бошқалар ўз билганларича иш тутишди. Масалан, Виллиам Карвалью «Бетис» аъзосига айланган бўлса, Руй Патришиу «Вулверҳемптон»га ўтди. Мартинш эса «Атлетико»га келди. «Спортинг»да эса «матрасчилар»га бир вагон эътирозлар бор.

Гап шундаки, мадридликлар жамоаси Желсонни текинга қўлга киритишни истамаган ва унинг учун 15 миллион евро (плюс бонуслар кўринишида 10 миллион евро) таклиф қилганди. Аммо португалияликлар жамоаси бу қадар кам суммага рози бўлмади. Якунда футболчи шартномасини бир томонлама бекор қилиб, эркин агент мақомида испан клубига қўшилди. Қуруқ қолган «Спортинг» эса ФИФАга арз қилди, улар «Атлетико»дан 50-100 миллион евро ундириб олишни истамоқда. Лекин бу иш ҳали жуда узоқ давом этади.

Родрининг қайтарилиши

Фото: Атлетико

«Атлетлар»нинг қудратли жамоа қуриш йўлидаги навбатдаги қадами «Вильярреал»дан собиқ футболчиси Родрини (Родриго Эрнандес Касканте) қайтариши бўлди. Жамоа академияси тарбияланувчиси ҳисобланадиган Родри кейинги 5 йилни «Вильярреал» сафида ўтказди. У бу жамоада Испаниянинг энг кучли таянч ярим ҳимоячиларидан бирига айланган, уни эндиликда Серхио Бускетсга қиёслашмоқда.

У ҳали 22 ёшда, у Қатарга йўл олган собиқ жамоа сардори Габининг рақамини - 14-рақамни олди. У кейинги йилларда ўз ўйинлари билан барчани маҳлиё этиши мумкин.

Худди «Атлетико»нинг ўзи каби.

Top