Жаҳон | 22:40 / 17.08.2018
31005
3 дақиқада ўқилади

ОАВ Хитойда америкалик 30 нафар жосус қатл этилганидан хабар топди

2017 йилда The New York Times нашри АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси (МРБ) тарихидаги энг йирик муваффақиятсизликлардан бири ҳақида ёзганди. Унга кўра, Хитойда 2010 йилдан 2012 йилгача ўнлаб америкалик агентлар ҳибсга олингани ва ўлдирилгани, ўнлаб йиллар давомида яратилган разведка тармоғи эса деярли барбод бўлгани маълум қилинган.  

АҚШда ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган тергов давомида МРБнинг собиқ ходими Жерри Чунь Шин қўлга олинган. Америкалик агентларни хитойликларга айнан Шин сотгани тахмин қилинган. 2018 йил 15 августда АҚШнинг Foreign Policy нашри Хитойда МРБнинг 30 ходими ва уларнинг хитойлик манбалари қатл этилгани, разведка тармоғи эса нафақат сотқин, балки алоқа тизимидаги хатолар сабабли фош қилингани ҳақида мақола чоп этди.

МРБ ва Федерал қидирувлар бюросининг махсус комиссияси муваффақиятсизликка уч омил – сотқинлик, агентларнинг пала-партиш ишлаши ва алоқа тизимидаги сизиб чиқишлар сабаб бўлгани ҳақидаги фикрга келган.

Нашр манбаларининг маълум қилишича, МРБ янги агент билан ишлаганда, одатда вақтинчалик алоқа тизимидан фойдаланади. Бу тизим кураторга агент билан масофадан мулоқот қилишга имкон беради, бироқ янги манба қўш агент бўлиши ҳолатига хавфсизликни таъминлаш учун МРБнинг асосий тармоғидан тўлиқ ажралган.

Аниқланишича, МРБнинг вақтинчалик тизими техник хатога эга бўлган. Бу хато туфайли у орқали МРБ ишончли манбалар билан алоқа қилишда фойдаланадиган умумий тизимга кириш мумкин бўлган.

Тахмин қилинишича, хитойлик мутахассислар қўш агент ёки Ли томонидан ошкор қилинган манбалардан бирининг компьютери орқали вақтинчалик тизимга кира олишган ва ундан умумий базага кириб, бутун тармоқни фош қилишган бўлиши мумкин.

Хитойда МРБ қўллаган алоқа тизими даставвал Яқин Шарқдаги операциялар учун яратилган. Foreign Policy манбасининг таъкидлашича, у ерда разведка умуман бошқача спецификага ва пастроқ хавфсизлик даражасига эга, хитойлик мутахассислар эса анча яхшироқ ўргатилган. 

Нашрнинг ёзишича, юз берган воқеа америкалик разведкачиларнинг манбалардан ахборот олишнинг кам даражада технологик усуллари афзалликлари ҳақида ўйлашларига олиб келган. Эндиликда Хитойда МРБнинг кўплаб ходимлари кўпроқ вақт олса-да, ўз агентлари билан шахсан учрашишни афзал кўрмоқдалар.

Мавзуга оид