Жамият | 07:28 / 18.08.2018
90304
3 дақиқада ўқилади

Ҳалима Худойбердиева вафот этди 

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz манбалари хабар берди.

Ҳалима Худойбердиева 1947 йил Сирдарё вилояти Боёвут туманида туғилган. Ўзбекистон халқ шоираси (1992). Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тугатган (1972). «Саодат» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1972-75), бош муҳаррир ўринбосари ва бош муҳаррир (1982-94), Ёшлар нашриётида бўлим мудири (1978-82), Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси (1990-94), «Ёзувчи» нашриётида етакчи муҳаррир (1996-98), «Санам» журналида бош муҳаррир ўринбосари (1998-2003), 2004 йилдан «XXI аср» газетасида бўлим муҳаррири бўлиб ишлаган.

Ҳалима Худойбердиеванинг илк шеърлари ўқувчилик йилларида Янгиер туман газетасида босилган (1964). Шундан кейин унинг «Илк муҳаббат» (1968), «Оқ олмалар» (1973), «Чаман» (1974), «Суянч тоғларим» (1976), «Бобо қуёш» (1977), «Иссиққор» (1979), «Садоқат» (1983), «Муқаддас аёл» (1987), «Бу кунларга етганлар бор», «Ҳурлик ўти» (1993), «Тўмариснинг айтгани» (1996) «Йўлдадирман» (2005) ва бошқа шеърий китоблари нашр этилган.

Ҳалима Худойбердиеванинг шеърлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган. Тўфон Миннуллиннинг «Алла» пьесаси Ҳалима Худойбердиеванинг авторлаштирилган таржимасида ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри саҳнасида қўйилган.

У Фазу Алиева, Силва Капутикян, Иброҳим Юсупов ижодидан таржималар қилган.

1-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1990).

Ҳалима Худойбердиева
БИЛМАСЛАР

Кўрдим қишлоқ, гўзал шаҳарлар кўрдим,
Оҳорлари кетиб борар, билмаслар.
Жамалаксоч пари-пайкарлар кўрдим,
Баҳорлари кетиб борар, билмаслар.

Тугмак бўлса етмас белбоғ учлари,
Дунё молин маҳкам тишлар тишлари,
Боғларининг ширинзабон қушлари –
Олқорлари кетиб борар, билмаслар.

Отлари-я, қорабайир отлари
Гижинглайди, деб ўйласам, додлади.
Ёли бўрон бўлганлигин ёдлади –
Шунқорлари кетиб борар билмаслар.

Кузатиб бу дунёнинг ўр-қирини,
Билмай қолдим келмак, кетмак сирини.
Ёлғон ёрлар ялашиб бир-бирини,
Чин ёрлари кетиб борар, билмаслар.

Чарсиллаган бир ўт ёнар ичимда,
Мен шеър айтсам, айтмадим тил учинда.
Бу талотўп, қув-қув, чоп-чоп ичинда
Ҳалима ҳам ўтиб борар, билмаслар.

Kun.uz таҳририяти марҳуманинг оила аъзоларига ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этади.

Мавзуга оид