16:20 / 19.08.2018
7357

Рақобатбардош йўл тармоғини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда

Ўзбекистонни ривожлантиришнинг замонавий босқичида кенг кўламли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, давлат бошқарувининг мутлақо янги ва самарали тизимини яратиш Адлия вазирлигининг асосий мақсадларидан бирига айланди.

Президентнинг 2018 йил 13 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, вазирлик тузилмасида Давлат бошқаруви тизими самарадорлигини таҳлил қилиш бошқармаси ташкил этилди.

Унинг асосий вазифаси — соҳада тегишли ислоҳотларни амалга ошириш бўйича асосли таклифлар ишлаб чиққан ҳолда, давлат бошқаруви тизими самарадорлигини комплекс ва танқидий таҳлил этиш ҳисобланади.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси фаолиятини ўрганиш орқали йўл хўжалигида давлат бошқаруви тизими самарадорлиги таҳлил этилди. Таҳлил натижалари Маъмурий ислоҳотлар концепцияси, амалдаги қонунчиликка зид бўлган ҳамда тармоқни жадал ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган изчил камчилик ва муаммолар мавжудлигини кўрсатди.

Хусусан, автомобиль йўллари давлат қўмитаси республикамизда йўл хўжалиги соҳасида ягона техник сиёсат юритувчи давлат бошқарув органи ҳисобланади ва айни пайтда автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга оширади. Қўмитада ишлаб чиқариш жараёнлари концентрациялашган.

Таъкидлаш жоизки, давлат тартибот ва хўжалик фунцияларининг бирлашуви ҳамда битта органда буюртмачи, пудратчи ва назоратчи ваколатларининг концентрацияси мазкур соҳада рақобатнинг бутунлай чеклангани белгиси ҳисобланади ва йўл тармоғини ривожлантиришга тўсқинлик қилади.

Масалан, 2017 йилдан то жорий йилнинг I ярим йиллигига қадар йўл хўжалиги соҳасида 70дан ортиқ йўл-қурилиши ташкилотларига қараганда, кўпроқ салоҳиятга эга бўлишиги қарамай, автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича хусусий ташкилотлар билан бирорта ҳам шартнома имзоланмаган.

Бундан ташқари, йўл хўжалиги тармоғининг лойиҳа эҳтиёжлари «Йўл лойиҳа бюроси» МЧЖ давлат лойиҳа ташкилоти имкониятларидан сезиларли даражада ошган. Бунинг натижасида, давлат дастурлари ҳамда Раҳбарият ва Ҳукумат топшириқларида белгиланган ишларни бажаришда кўплаб асоссиз кечикишлар юзага келмоқда. «Йўл лойиҳа бюроси» МЧЖ томонидан 2017-2018 йилларда 81 келишувдан 26тасидаги келишув (умумий миқдорнинг 32 фоизи) мажбуриятларини бажармаслиги натижасида, хусусий лойиҳа ташкилотлари билан битим тузилган.

Бу йўл хўжалиги фаолиятида хусусий сектор хизматларига бўлган талабнинг юксаклигидан далолатдир.

Техник ва муаллифлик назорати замонавий талаблар, бажарилган иш ҳажми ҳамда қурилиш объектлари сонига жавоб бермайди. Ҳар бир инспекторга 8тадан 25тагача объект тўғри келади, улар оралиғидаги масофа 50 километрдан 500 километргача бўлган масофани ташкил этади.

Ходимлар штатидаги етишмовчиликлар, улар малакасининг пастлиги, қурилиш объектлари сони кўплиги ва ортиқча назорат шакллари мавжудлиги сабабли улар устидан олиб борилаётган назорат самарасиз ҳисобланади. Бу назоратни расмийлаштириш ва иш сифати пасайишига олиб келади.

Шунингдек, автомобиль йўллари тармоғига инновацион технологиялар ва материалларни жорий этиш бўйича амалий чораларнинг қабул қилинмагани, жумладан, қурилиш-таъмирлаш ишларида қўлланилаётган маҳаллий-ресурс услуби қатор муаммоларни келтириб чиқариб, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш имконини бермаяпти ва бу иш сифатининг ёмонлашуви билан бирга назоратчилар занжирининг ошишига сабаб бўлмоқда.

Шу билан бирга, Қўмита тузилмасида давлат-хусусий шериклик ва концессия асосида хорижий сармояларни жалб қилиш учун масъул бўлган бўлинмалар олдиндан назарга олинмаган, «Концессиялар тўғрисида»ги Қонунда автомобиль йўллари концессиялар сифатида кўзда тутилмаган, ўтган вақт мобайнида пулли йўллар қуриш ва ишга туширишни тартибга солувчи бирорта ҳам ҳужжат ишлаб чиқилмаган, тармоқда бюджет харажатларини оптималлаштиришга доир чора-тадбирлар қабул қилинмаган.

Ўтказилган таҳлил якуни бўйича ҳамда хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, Адлия вазирлиги томонидан йўл хўжалиги бошқаруви тизимини такомиллаштириш ҳамда рақобатбардош йўл тармоғини ривожлантириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.

Top