23:57 / 27.08.2018
11067

Дунёдаги энг катта самолёт-амфибия парвоз синовларидан ўтказилди

Фото: AFP 2018 / Stringer

Хитой томонидан ишлаб чиқилган, дунёдаги энг катта самолёт-амфибия AG600 “Цзилун” Гуандун вилоятидаги Чжухай шаҳридан Хубэй вилоятидаги Цзинмэнь шаҳрига синов парвозини муваффақиятли амалга оширди. Таъкидланишича, самолёт энди сув сиртидаги синовлардан ўтишга тайёр.

Маълум қилинишича, самолёт ҳавода 3 та вилоят ҳудудида устидан учиб ўтган. Сув сиртидаги синовларнинг бошланиши вақти ҳали маълум қилинмаган.

Аввалроқ самолётни 2022 йилга келиб буюртмачиларга етказиб бериш бошланиши режалаштирилаётгани маълум қилинган.  

Самолёт ёнғинларни ўчириш ва сувда қутқарув ишларини амалга оширишга мўлжалланган. Бундан ташқари, самолёт денгизни, йўловчи ва юк ташишларни мониторинг қилиш ва фойдали қазилмалар конларини қидириш учун қўшимча қурилмалар билан жиҳозланиши мумкин.

Самолёт 4 та турбовинт двигател билан жиҳозланган ва бортига 20 сонияда 12 тонна сув олиши мумкин. Самолётнинг максимал парвоз вазни 53,5 тоннани, корпуси узунлиги 39,3 метрни, қанотлари қулочи 38,8 метрни, максимал учиш узоқлиги 4,5 минг кмни ташкил қилади. Самолёт 50 нафар одамни таший олади.

Самолёт лойиҳаси 2009 йилда маъқулланган, уни қуриш ишлари 2016 йил июлда якунланган.

Top