11:04 / 31.08.2018
13009

Мусулмонлар геноцидида айбланган Мьянма ҳарбийлари «ВКонтакте»дан «бошпана» топди

Фото: U Aung / Xinhua / Global Look Press

Россиянинг «ВКонтакте» ижтимоий тармоғида Мьянма армиясининг бош қўмондони Аунга Хлайннинг саҳифаси пайдо бўлди. Унинг номи роҳингя мусулмонларини геноцид қилиш ҳақидаги БМТ ҳисоботида тилга олинганди, деб ёзмоқда РБК.

Аввалроқ, Хлайннинг саҳифаси  Facebook маъмурияти томонидан блокланганди. Таъкидланишича, «ВКонтакте»даги саҳифаси айнан Мьянма армиясининг бош қўмондонига тегишли экани ҳарбий манбалар томонидан тасдиқланган. «Мьянма армияси VK орқали янги фойдаланувчиларни жалб қилишни бошлаганига оид белгилар мавжуд», - дейилади хабарда.

Ҳозирги пайтда саҳифа 16 мингдан ортиқ обуначига эга. Ижтимоий тармоқ вакилларининг айтишича, гуруҳларда ва фойдаланувчилар саҳифаларида эълон қилинадиган маълумотларни мониторинг қилиш учун бирма тилида гаплаша оладиган модераторлар ёлланган. «Зўравонлик чақирувлари билан боғлиқ эълонлар модераторларимиз жамоаси томонидан ўчирилади ва уларни жойлаштирадиган фойдаланувчилар блокланади», - дея қайд этди улар. 

Аввалроқ,  БМТ Мьянмада мусулмонлар қатлиом қилинганини маълум қилганди.

Мьянма ҳарбийлари қатлиом мақсадида мусулмон роҳингя халқини оммавий равишда қирган ва зўрлаган. Бу ҳақда БМТ терговчиларининг маърузасида маълум қилинди. Ҳужжатда қайд этилишича, давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи бошчилигидаги фуқаролик ҳукумати кам сонли халққа нисбатан нафрат тарғибот қилинишига рухсат берган, ҳужжатларни йўқ қилган ва роҳингяларни ҳарбийларнинг уларга қарши жиноятларидан ҳимоя қила олмаган. Ҳукумат шу тарзда ёвузликларга ўз ҳиссасини қўшган.

Top