16:00 / 06.09.2018
26884

Кун ўйини анонси. Ўзбекистон—Сурия

Бугун, 6 сентябрь куни Тошкентдаги «Миллий» (собиқ «Бунёдкор») стадионида Ўзбекистон миллий терма жамоаси янги бош мураббий Эктор Купер бошчилигидаги​ илк учрашувда майдонга тушади.

Купернинг дастлабки ўйинида Ўзбекистонга Сурия терма жамоаси рақиб бўлади. Учрашув соат 20:00да бошланади.

Ўйин «Спорт ТВ» телеканали орқали жонли эфирда намойиш қилинади.

Сурия термаси бугун қизил, Ўзбекистон эса оқ-кўк либосда майдонга тушади.

Ўзаро учрашувлар
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Сурия билан шу вақтгача 3 марта учрашди. Умумий ҳисоб Сурия фойдасига 2:1. Бу терма жамоалар илк марта – 1996 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқичида учрашган. Ўшанда сурияликлар 2:1 ҳисобида зафар қучганди. Иккинчи ва учинчи тўқнашувлар эса ЖЧ-2018 саралашининг учинчи босқичи доирасида кечди. Дастлаб, 2016 йилнинг 1 сентябрида Тошкентда кечган ўйинда Александр Гейнрихнинг ягона голи мезбонлар ғалабасини таъминлади ва ўзбекистонликлар гуруҳ пешқадамига айланиб олишганди.

Аммо иккинчи даврада, 2017 йилнинг мартида Малайзиянинг Малакка шаҳрида кечган баҳсда ўйин охирида пенальтидан гол урган сурияликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди ва Ўзбекистонни мундиал йўлланмасидан узоқлаштирди. Саралаш босқичи якунида Сурия гуруҳда учинчи ўринни эгаллаб, кейинги босқичга йўл олди, Ўзбекистон тўртинчи ўринда қолиб кетди.

ФИФА рейтингидаги ўрни
Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни дамда ФИФА рейтингида 97-поғонадан жой эгаллаб турибди. Осиё мамлакатлари орасида миллий терма жамоа Эрон, Австралия, Япония, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Сурия, Хитой, БАА, Ливан, Уммон, Ироқ ва Қирғизистондан кейин ўн учинчи ўринда жойлашган.

Сурия терма жамоаси ФИФА рейтингида 73-ўриндан жой олган. Осиё мамлакатлари орасида Сурия Эрон, Австралия, Япония, Жанубий Корея ва Саудия Арабистони каби мамлакатлардан кейинги олтинчи ўринда жойлашган.

Сўнгги учрашувларда қайд этилган натижалар
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сўнгги уч ўртоқлик ўйинининг барчасида мағлубиятга учраган.
Марокаш - Ўзбекистон - 2:0 (27. 03. 2018)
Эрон - Ўзбекистон - 1:0 (19. 05. 2018)
Уругвай - Ўзбекистон - 3:0 (08. 06. 2018)

Сурия терма жамоаси сўнгги учта ўртоқлик ўйинида уч дуранг қайд этган.
Ироқ - Сурия - 1:1 (13. 11. 2017)
Қатар - Сурия - 2:2 (24. 03. 2018)
Ироқ - Сурия - 1:1 (27. 03. 2018)

Сурия футболи

Сурия футбол федерацияси 1936 йили ташкил топган бўлиб 1937 йили ФИФАга, 1970 йили эса ОФКга аъзо бўлган. Илк халқаро учрашувини Туркия терма жамоасига қарши ўтказиб, 0:7 ҳисобида мағлуб бўлган. 

Сурия терма жамоаси илк бор 1958 йили Жаҳон чемпионати саралаш босқичида қатнашганди. Шу йили Сурия терма жамоаси илк бор Осиё қитъаси номидан иштирок этади. 1966 йилги Осиё қитъасида иккита терма жамоа мундиал иштирок этиш учун саралаш баҳсларида қатнашади. Ушбу икки терма жамоанинг бири Сурия, иккинчиси Исроил миллий терма жамоаси бўлади. Бу терма жамоалар Европа континентал зонаси номидан иштирок этиши керак бўлган. Сурия терма жамоаси ўшанда жаҳон чемпионатидаги Африка ва Осиё терма жамоаларига қарши бойкотга қўшилади. Мана шу иш учун ФИФА Сурия терма жамоасини мундиалдан четлаштиради. 1986 йили Сурия терма жамоаси жаҳон чемпионати финал раундида иштирок этиши учун бир қадам қолади. Аммо, Италия терма жамоасидан қабул қилиб олинган мағлубият сурияликларни мундиалда иштирок этишдан маҳрум қилади. 

Осиё кубогида Сурия терма жамоаси 5 мартаа иштирок этган, охирги иштирок 2011 йилга тўғри келган. Осиё чемпионатлари тарихида «қора бургутлар» гуруҳ босқичидан уёғига ўта олишмаган. Сурия терма жамоаси 2010 йилги мундиалда ҳам, 2014 йилги Жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этмади. 2010 йилги дунё биринчилигида иштирок этиш учун «қора бургутлар» саралашдан ўта олишмайди. Сурия термаси Жорж Мурадни тўлиқ маҳаллийлаштирмасдан ноқонуний равишда рўйхатдан ўтказгани учун 2014 йилги мундиал саралашидан четлаштирилади. Жорж Мурад муқаддам Швеция ёшлар терма жамоаси сафида ўйнаган эди. Шунингдек, сурияликлар 2015 йили Австралияда бўлиб ўтган Осиё чемпионатига саралаш баҳсларидан ўта олмаганди. ЖЧ-2018 саралашида муваффақиятли иштирок этган Сурия учинчи босқичда гуруҳ босқичида Ўзбекистон ва Хитой терма жамоаларини ортда қолдириб, плей-оффга ўтди. Аммо кейинги гуруҳда учинчи бўлган Австралияга қарши ўйинларда яшил қитъа вакиллари устун келиб, КОНКАКАФнинг тўртинчи вакили бўлган Ҳондурасга қарши ўйинларда ҳам ғолиб чиқиб, мундиалга йўл олди.

Суриянинг 6 нафар футболчиси Малайзия чемпионатида тўп суради. Саудия Арабистонида тўп сураётган Омар Хрибин ва Омар Аль-Сома ҳамда Қатар Юлдузлар лигаси иштирокчиси Маҳмуд Ал-Мавас терма жамоанинг асосий тўпурарлари ҳисобланади.

Учрашув расмийлари
Учрашувни туркманистонлик ҳакамлар бошқариб боради. Бош ҳакам Чоримурод Қурбонов, унга қанотларда Полвон Полвонов ва Аҳмет Бекназаров ёрдам беради.​

Сурия терма жамоасига айни вақтда тажрибали мутахассис, 70 ёшли германиялик Берндт Штанге бош мураббий ҳисобланади. Турли йилларда ГДР, Уммон, Ироқ, Беларусь ва Сингапур каби терма жамоаларда ишлаган ушбу мутахассис шу йилнинг 1 февралида лавозимга киришган.

Эктор Купер эса 6 август куни Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. У билан «3+1» кўринишида шартнома имзоланган. Ушбу мутахассисга терма жамоани 2022 йилги жаҳон чемпионатига олиб бориш вазифаси қўйилган.

Ўйин олди фикрлари

Эктор Купер: «22 август куни йиғинга киришган бўлсак, биринчи ишни футболчиларни инсон сифатида ўрганишдан бошладим. Ўзбекистон терма жамоасининг олдинги ўйинлари билан танишдим. Қўл остимда жамланган футболчилар билан машғулотлар ўтказиб, уларнинг жисмоний тайёргарлигини кузатдим. 10-12 кунлик муддат давомида ва олдинги кўрган ўйинларимдан келиб чиққан ҳолда футболчиларни оптимал ҳолатга олиб киришга ҳаракат қилдик. Терма жамоа ўйин услуби ва тактикасига ўзгаришлар амалга оширишга мажбур бўлдик. Бу жараён ҳали якунига етмаган, бу келажак учун бажарилган ишлар ҳисобланади. Ҳозирча Жанубий Корея лигасида тўп сураётган футболчилар йиғинга етиб келишмади. Бундан ташқари, Одил Аҳмедов ва Виталий Денисов эндигина Тошкентга келишган. Футболчилар техник жиҳатидан жуда ҳам яхши ҳолатда. Машғулотлар жараёнида глобал ўзгаришлар қилганимиз йўқ. Шу сабабли ҳам, биринчи ўйинданоқ мўъжизалар кутмаслигингизни сўрайман. Терма жамоа ўйинидаги ўзгаришлар энг камида бир ойдан сўнг кўзга ташланишига умид қиляпман».

Берндт Штанге: «Ўзбекистон билан ўйин Суриянинг ФИФА ва ОФК томонидан ташкил этиладиган мусобақалардаги баҳслари учун тайёргарлик вазифасини ўтайди ва бу ўйин биз учун жуда ҳам муҳим. Биз Ўзбекистон билан ўйинга асосан легионерларни таклиф этдик. Биз фақат кеча тўлиқ таркибда йиғилишга улгурдик ва дастлабки машғулотни «Пахтакор» стадионида ўтказдик. Ўзбекистонда футболни ривожлантириш учун кенг кўламдаги ишлар амалга оширилаётганини ўз кўзим билан кўрдим ва бу ҳали жаҳон миқёсида ўз мевасини бериши аниқ. Олдинги даврданоқ ўзбек футболи ривожига тамал тоши тўғри қўйилган ва ривожланиш стратегияси ҳам тўғри йўлда деб ҳисоблайман. Бунга «Пахтакор» жамоасининг тарихи ҳам яққол мисол бўла олади».

Эктор Купер бугун Сурияга қарши ва 11 сентябрь куни Эронга қарши ўртоқлик учрашуви арафасида ўтказилган йиғин учун 30 футболчини жалб қилган. Бундан ташқари, Осиё ўйинларида иштирок этган олимпия терма жамоасидан ҳам бир неча футболчи таркибга қўшилиши мумкин.

Дарвозабонлар: Суюнов Элдорбек («Пахтакор»), Зуҳуров Муроджон («Бунёдкор»), Қувватов Санжар («Насаф»), Нестеров Игнатий («Локомотив»);
Ҳимоячилар: Денисов Виталий («Крилья Советов», Россия), Шихов Санъат («Бухоро»), Холмуҳамедов Мурод («Қўқон-1912»), Исмоилов Анзур («Локомотив»), Тўхтахўжаев Ислом («Локомотив»), Гадоев Шоҳруҳ («Тэджон Ситизен», Ж.Корея), Кримец Егор («Пахтакор»), Муҳаммадиев Шуҳрат («Локомотив»), Зотеев Олег («Локомотив»), Азъамов Шерзод («Локомотив»), Сайфиев Фаррух («Пахтакор»), 
Ярим ҳимоячилар: Аҳмедов Одил («Шанхай СИПГ», Хитой), Ғофуров Ҳусниддин («Локомотив»), Ҳайдаров Азизбек («Бунёдкор»), Мирзаев Сардор («Локомотив»), Шукуров Отабек («Шаржа», БАА), Собирхўжаев Сардор («Бунёдкор»), Рашидов Сардор («Локомотив»), Шомуродов Элдор («Ростов», Россия), Турсунов Санжар («Тэджон Ситизен», Ж.Корея), Козак Владимир («Пахтакор»), Иброҳимов Жавлон («Бунёдкор»).
Ҳужумчилар: Абдухолиқов Темурхўжа («Локомотив»), Бикмаев Марат («Локомотив»), Нагаев Иван («Қизилқум»), Игорь Сергеев («Пахтакор»).

Top