«Табиий» йогуртда газли ичимликдан ҳам кўпроқ шакар борлиги маълум бўлди
Дўконлардаги йогуртларнинг аксариятида ширин газ ичимликдан кўра кўпроқ шакар бўлади. Буни Лидс университети ва Суррей университетидан бўлган британиялик тадқиқотчилар аниқлашди. Тадқиқот натижалари BMJ Open журналида эълон қилинди.
Йогурт шакар миқдори кам бўлган маҳсулот деб ҳисобланиши учун 100 г йогуртда кўпи билан 5 грамм шакар бўлиши керак. Тадқиқотчилар Буюк Британиянинг бешта йирик савдо тармоғидан йогурт ва йогурт маҳсулотларининг қарийб 900та намунасини танлаб олдилар. Маълум бўлишича, ҳаттоки «органик» йогуртларда ўртача шакар миқдори 100 г маҳсулотга 13,1 г экан. Болалар учун йогуртнинг 100 граммида 10,8 грамм шакар аниқланди. Таққослаш учун, 100 мл газли ичимликда 10,6 г шакар бор. Болалар йогуртларининг атиги 2 фоизида 100 г маҳсулотга шакар миқдори 5 г.дан ошмаган.
Кунлик истеъмол қилиниши тавсия этилган шакар миқдори 30 граммга тенг. Агар истеъмолчилар газли ичимлик ва қадоқланган шарбатларда шакар кўп деб ҳисобласалар, унда йогурт соғлом овқат сифатида қабул қилинади ва харидорларда турли хавотирлар, ташвишли ҳолатларга сабаб бўлмайди. Улар қадоқларда кўрсатилган маълумотларга кўпроқ эътибор қаратишга чақирганлар. Бироқ, йогурт таркибида бўлган бошқа озиқ моддалар ва витаминлар ҳисобга олинса, тадқиқотчилар уни шоколад батончасидан кўра фойдалироқ маҳсулот, деб топишди.