Light | 13:46 / 21.09.2018
47432
5 дақиқада ўқилади

Қандай қилиб болани ёзишга ўргатиш мумкин?

Мактабгача ёшдаги фарзандлари бўлган ота-оналарга педагог ва руҳшунослардан маслаҳатлар.

Фото: Лайфхакер

Умумий қоидалар

Кунига 15 дақиқадан ортиқ шуғуллантирманг

Ёзув – қўлларнинг мутаносибликдаги ҳаракати, ривожланган кўриш хотираси, диққат ва ўтириб ишлашни талаб этадиган мураккаб кўникма. Мактаб ёшидаги бола учун уни дарҳол ўзлаштириш мушкул. Шунинг учун бир қоидага риоя қилинг: бироз ёзамиз – дам оламиз. Зўриқишни ошириб юбориш бола организми ривожланишига қаттиқ таъсир қилади.

Шоширманг

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, болалар ўқишни билиш билмаслигидан қатъи-назар, уч ёшидан бошлаб сўзлар ва расмлар ўртасидаги фарқни кўра бошлайди.  Бироқ бола бундай эрта ёшда ёзишга тайёр бўлмайди: уларнинг мияси керакли кўникмаларни 5-7 ёшга келиб шакллантиради.

Ёзишга тайёрликни қуйидагича текшириш мумкин:

  • Болага бир варақ қоғоз бериб, бирор нарса чизишни таклиф қилинг.
  • Расмнинг бир қисмини бўяшни сўранг.
  • Агар бола қоғозни доимий равишда айлантириб, чизиқлар йўналишини базўр ўзгартирса, демак, у ҳарфларни ёзишга ҳали тайёр эмас.
Фото: Лайфхакер

Мажбурламанг

Агар бола ҳарфларни ўрганишни истамаса, уни мажбурламанг. Яхшиси кичик моторика ва хотирани ривожлантирадиган машқлар билан шуғулланинг.

Бўлажак биринчи синф ўқувчисига “ёзишни билиш” расмий талаби мавжуд эмас. 5-7 ёшда мактабда ёзиш учун қўлни тайёрлаб боришга эътибор бериш керак.

Марина Суздалева, руҳшунос, эрта ривожлантириш педагоги, ота-оналар учун китоб муаллифи, оналар учун клуб асосчиси

Маълумотни ўйин тариқасида етказинг

Машғулотларни - мажбуриятга, ўзингизни эса жиддий ўқитувчига айлантирманг. Мактабгача ёшдаги боланинг ўқиб-ўрганиши қизиқ ўйинни ёдга солиши лозим.

Марина Суздалеванинг сўзларига кўра, ҳеч қандай салбий ҳислар, баҳо ва танқиддан фойдаланмаслик зарур.

Ёзма ҳарфларни ўргатманг

Бошланғич синф ўқитувчилари ота-оналардан мана шуни илтимос қилишади. Гап шундаки, ўқув қўлланмаларда ҳарфларни ёзиш усуллари бир-биридан фарқ қилади.

Агар ота-оналар, энг муҳими кичкинтойларда каллиграфияни ўзлаштиришга қизиқиш бўлса, ҳарфлар элементлари устида ишлашингиз мумкин. Бундай машқларни мактабгача ёшдаги болаларнинг ёзув дафтарларида учратиш мумкин.

3-5 ёшдаги тайёргарлик

Майда моторикани ривожлантиринг

Бола ёзишни ўрганиши учун унинг майда моторикасини ривожлантириш керак. Бу унинг катта бўлмаган буюмларни қийинчиликсиз бошқариш ва кўз ҳамда қўлларнинг мувофиқ ҳаракатини талаб этадиган ҳаракатларни бажара олишини англатади. Масалан, хамирдан нарсалар ясаш ёки расмлар чизиш.

Мактабгача ёшдаги боланинг қўлини ёзишга тайёрлаш учун қуйидаги машқларни бажариб кўринг:

  • Қоғоздан чизиқ бўйлаб шаклларни қирқинг.
  • Рангли қалам, фломастер ва бўёқлар ёрдамида чизинг ва бўянг.
  • Хамир ва пластилиндан нарсалар ясанг.
  • Конструктордан моделлар йиғинг.
  • Мозаикалар билан ишланг.
  • Илмоқда тўқинг.

Машқларни доимий тарзда болага қулай тезликда катталар билан биргаликда бажариш лозим.

Айтганча, бармоқлар ҳаракатида миянинг нутқ учун жавоб берадиган пешона ва чекка қисмлари фаолияти кучаяди: моторикаси ривожланган болалар яхши гапиради.

Элементлар ва босма ҳарфларни ўргатиш – 5-7-ёш

Фото: Лайфхакер

Бармоқлар билан чизинг

Ҳарфларни кўпик, патнисга ёйилган дон-дун, терлаган ойна, ҳавода, асфальт устида бўр билан ёки бармоқ бўёқлари билан қоғозда ёзишни ўрганиш мумкин. Уларни полиз экинлари уруғларидан териб чиқиш ва пластилиндан ясаш мумкин. Ҳарфларни айтаётганда унга мувофиқ товушлар ҳамда у билан бошланадиган сўзларни ёдга олиш керак.

Ҳарфлар ва рақамларни чизиш альбомида ёзинг

Ишни элементларни ўзлаштиришдан бошланг: вертикал ва горизонтал чизиқлар, овал ва бошқалар. Вазифаларни мактабгача ёшдаги болалар учун қўлланмалардан топиш ёки мустақил равишда чизиш мумкин.

Элемент намунасини чизинг ва боладан уни такрорлашини сўранг. Агар хато қилса, нима учун айнан шундай қилиш кераклигини сўранг. Дастлабки тажрибалар учун алоҳида чизиш альбомини тутиш керак.

Махсус ёзув дафтарлардаги машқларни бажаринг

Мактабгача ёшдаги болалар учун ёзув дафтарида кўплаб фойдали машқларни учратасиз: “нақшни давом эттир”, “тасвирни якунла”, “намунага қараб чиз”, “нуқталарни бирлаштир” ва бошқа ҳ.к. Ушбу машқлар болани тартибли ёзув, босма ҳарфларни ёзишга ўргатади. Катак ва чизиқлар ичида йўналиш олишни осонлаштиради.

Мавзуга оид