21:40 / 01.10.2018
9449

Устоз қачон йиғлайди?

СУРТМА АҚЛ

Ҳеч ким она қорнидан авлиё бўлиб туғилмайди! Чунки билим мисқоллаб, тажриба вақтни харжлаб йиғилади. Биз буни яхши биламиз!

Эсимизни танибмизки, тезроқ катта бўлсак, деймиз. Юксакликка талпинамиз. Аммо юксала-юксала бир кун ногоҳ кифтимиз булутларга текканда илкис оёғимиз ердан узилади... ва... Ер-у осмон аро муаллақ қоламиз...

Муаллақ нарса омонат бўлади.

Омонат нарса, шаксиз, шамолларга эрмак бўлади.

Биз буниям биламиз!

Биз балониям биламиз!

Гурсиллаб ерга йиқиламиз-у шундаям паст келмаймиз: «Хом сут эмган бандамиз-да!» деймиз. Хом сут – зўр баҳона! Тўғрими?!

Модомики, сут ҳақида сўз очилган экан, хонаси келганда, бир гапни айтиб қўяй: она сутида гап кўп! Чинданам, гап кўп! Чунки она сути билан кирмаган ақл тана сути билан кирмайди.

Кир-май-ди!   

Шунинг учун нимаики яхши хислатимиз, нимаики яхши туғма инстинкт – кўникмамиз бўлса, энг аввало, оналаримиздан миннатдор бўлишимиз керак! Зотан, сиз-у бизни туртма ақлга муҳтож қилмаган, суртма ақлни жон томирларимизга қуйган илк устозимиз – оналаримиздир!

Донога – ишора. Мана, гапимнинг каштаси қай томонга «ўрмалаётгани»ни ҳам илғаб олдингиз. Мен бугун устозларимиз ҳақида сўз очмоқчиман.

УСТА КЎРГАН ШОГИРД ҲАР МАҚОМГА ЙЎРҒАЛАР

Сезиб турибман, шундай мақолни бузди-я, деб ўйлаяпсиз. «Уста кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар эмасми?!» деб эътироз қиласиз. Аммо ишонинг, бироз шошяпсиз. Тўғри, сиз ҳақсиз. Қайси маънодаки, асил устознинг қадру қиммати ҳақидаги мақол бу! Устознинг қўлида зуваласи пишмаган хом-ғўра шогирднинг аҳволи вой экани ҳақидаги мақол бу! Аммо аслида ҳам шундайми?!

Эшитинг!

Ўтмишда ноғорачи ва доирачилар ёш раққос ва раққосаларни ноғоранинг «така-тум»и, доиранинг «гиж-банги»га ўргатганлар. Табиийки, орадан маълум вақт ўтгач, шогирдлар ноғора ва доиранинг ҳар бир мақомини нозик илғаб, унга монанд равишда рақс тушиш кўникмасини эгаллай боришган. Бора-бора бу ишнинг ҳадисини олишган. Бундан чиқдики, ҳар мақомга йўрғалаш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермас экан!

Нафсиламрини айтганда, ҳаёт аталмиш куйнинг ҳар бир нотасини тўғри фарқлаб, ҳар бир мақомга тўғри йўрғалашни ўргатган зот ҳам – устозларимиздир!

БИЗ АЙИҚМИЗМИ ЁХУД ҚАНОТСИЗ УЧИШ ДАРСИ?

Биз ўз айбимизни билмаймиз. Билсак, валий бўлардик. Устоз – айбимизни биладиган ва уни тўғрилашни ўргатадиган зот!

Биз айиқмиз! Қанча кучга тўлсак, шу қадар билагимизга кўп ишона бошлаймиз. Устоз – билакка эмас, юракка ишониш кераклигини ўргатадиган зот!

Устоз – ҳар қандай оғир шароитда ҳам журъатга ундайдиган зот!

Биз йўнилмаган таёқмиз. Турган гапки, қўпол ва беўхшов таёқ омад эшигига сиғмайди. Устоз – бизга сайқал берадиган ва омад калитларини қўлимизга тутқазадиган зот!

Демишларки, тоғ арчаси қандайдир «ҳаёт суви»дан ичиб турармиш. Шу сабаб ҳам минг йил яшармиш. Арчанинг «ҳаёт суви»дан баҳраманд бўлган одам ҳам узоқ умргузаронлик қилармиш. Устоз анов-манов одам эмас. Устоз – неча-неча шогирдларга ана шундай абадият сувини ичирган зотдир!

Ҳеч кузатганмисиз, баъзан энди учирма бўлаётган полапон учишга ҳаракат қиламан дейди-да, инидан йиқилиб, ўз бошига етади. Бу каби шошқалоқлик турумтой деган қушгаям теккан. У ўз кучи етмайдиган ўлжага чопади. Чопади-ю тўшини унга обориб уради, алалоқибат, ўзини шикастлайди. «Полапон бошига, турумтой тўшига» дейилгани шундан.

Устоз – полапон бўлсак бошимизни, турумтой бўлсак тўшимизни асрайдиган зот. Бир сўз билан айтганда, устоз – қанотсиз учиш дарсидан сабоқ берадиган зот!   

УСТОЗ РОЗИ – ХУДО РОЗИ

Ўшанда 11-синфни тамомлаётгандик. Дарслар оёқлаб қолганди. Ҳамма имтиҳонларга енг шимариб тайёргарлик кўраётган дамлар. Тушликдан сўнг она тили ва адабиёт ўқитувчимиз қўшимча дарс бераётганди. Бирдан эшик очилдию хонага Фурқат исмли синфдошимиз кириб келди. Ҳамма унга қаради. Диққати бўлинган устоз ундан кеч қолиш сабабини сўради. Фурқат жавоб бермади. Шундан сўнг ўқитувчимиз: «Кеч қолишга-ку кеч қолдинг, адабиёт мажмуасини олиб келдингми?» деди. (Ўтган дарс муаллимамиз барчага ушбу китобни олиб келишни тайинлаган, мажмуа эса дарсликлар ичида энг оғири ва «семиз»и эди) Шундан сўнг Фурқат бизга: «Қараб турларинг, ҳозир устозни мот қиламан» дегандай қитмирона сер солиб қаради. Кейин намойишкорона илжайиб: «Ойим 2 килодан ортиқ юк кўтармагин деганлар, шунинг учун олиб келмадим», - деди. Бутун синф гурр этиб кулиб юбордик...

Шу дам ўқитувчимизнинг юзида алланечук ўзгариш пайдо бўлди. Юзи қизаринди. У нимадир дейишга оғиз жуфтлади-ю бир зум тараддудланиб қолди. Сўнг фикридан қайтди чоғи индамади. Ҳа, шунчаки индамади...

Синфга ўнғайсиз сукунат чўкди. Сездик – устознинг дили оғриди. Биз шу дам синфдошимизнинг жуда хунук иш қилганини ва ўзимиз ҳам билиб-билмай унинг айбига шерик бўлиб қолганимизни англадик...

Вақт ўтиб бу воқеа кўпчиликнинг ёдидан кўтарилиб кетди. Мактабни ҳам тамомладик. Ҳар ким ўз танлаган олий ўқув юртига ҳужжат топширди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, 28 нафар битирувчидан нақ 27 нафари талабалик бахтини қўлга киритди. Рекорд натижа, тўғрими?! Фақат бир киши... имтиҳондан йиқилди. У – Фурқат эди...

Бу хабарни эшитгач, негадир ўша нохуш воқеа миямга яшин каби келиб урилди:

Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур,

Агар устоз рози – Тангри розидур.    


УСТОЗ ҚАЧОН ЙИҒЛАЙДИ?

Бизнинг мағлубиятимизни устоз ўз мағлубиятидай қабул қилади. Айни пайтда биз қўлга киритган ҳар қандай катта-кичик муваффақият у учун ҳам жуда-жуда қадрли. Биргина мисол.

Камина теннисга унча қизиқмайман. Қоидаларини ҳам унча тушунмайман. Аммо яқинда тасодифан бир мусобақани томоша қилиб қолдим. Баҳс қизғин ва асабий тарзда кечарди. Айниқса, мураббийлар ҳаяжон билан ўз шогирдларига кўрсатма беришарди...

Хуллас калом, ўйин жуда кичик фарқ билан ўз якунига етди. Таомилга кўра, спортчилар бир-бирларига дўстона қўл беришди.  

Шунда қизиқ воқеа рўй берди. Ажабо, ғолиб бўлган спортчининг мураббийи азбаройи хурсандлигидан йиғлаб юборди. У йиғлар, йиғлаганда ҳам очиқ-ошкора йиғларди... Қизиғи, трансляция режиссёрлари уни йирик планда намойиш этишганда ҳам у кўз ёшларини тийишга уринмасди... Мен тўлқинланиб кетдим. Ичимда нимадир шувиллади. Танамда чумоли югурди...

Шу-шу қачон ўз шогирди ютуқларидан севинган устозни кўрсам, ўша манзара кўз ўнгимда гавдаланадиган бўлди.

СИЗНИ ЯХШИ КЎРАМИЗ!

Халқда «Устоз кўрибсан – сенга пир йўлиқибди» деган нақл бор. Ҳақ гап. Мен айни ёшга қадар жуда кўп улуғ инсонлар қўлида таълим олдим. Уларга ихлос қилдим ва улар сабаб кўп нарсага эришдим. Шу маънода менга чинданам пир йўлиққани, пирлар йўлиққани рост!

Кўпдан бери мени бир савол қийнаб келади: мен устозларим учун нима қилдим?! Афсуски, бу саволга ўзимни қониқтирадиган даражада тайин жавобим йўқ...

Яхшиям, байрамлар бор! Яхшиям, дил изҳорлари айтилгич фурсатлар бор!      

Азиз устозим! Биламан, гап билан ўроқ ўриш осон. Аммо шу нарса аниқки, мен ва менинг тимсолимдаги барча шогирдларингиз сизни яхши кўрамиз!

Чинданам яхши кўрамиз!

Отабек ТИЛЛАЕВ

Top