Ўзбекистон | 11:52 / 04.10.2018
16874
2 дақиқада ўқилади

Халқ таълими вазирлиги: ноҳақ бўшатилган мактаб директори ўз лавозимига тикланди

Иллюстратив фото

Тошкент шаҳри Миробод туманида жойлашган 31-сонли умумтаълим мактаби директори лавозимидан ноҳақ ишдан бўшатилган Нурия Семмари лавозимига тикланди, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати.

2018 йилнинг август ойи сўнгида Халқ таълими вазирлигининг “Устоз овози” виртуал инспектор тизимининг телеграмм ботига ушбу мактаб битирувчилари, ҳозирда Россияда ва Жанубий Кореяда истиқомат қилувчи Гусейн Наджафов ва Оксана Кимлар мурожаат қилдилар, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, улар ўз мурожаатларида тажрибали, ўз ишининг устаси ва маҳоратли педагог, 31-сонли умумтаълим мактаби директори Нурия Семмари эгаллаб турган лавозимидан ноҳақ ишдан олингани ва Халқ таълими вазирлигидан ушбу ҳолатни атрофлича ўрганиб чиқишни сўраганлар.

Халқ таълими вазирлигининг Назорат-ҳуқуқий хизмати ходимлари ушбу мурожаатларни ўрганиб чиқдилар ва Нурия Семмари 31-сонли умумтаълим мактаби директори лавозимидан ноҳақ бўшатилгани аниқланди, дейилади вазирлик хабарида.

Шундан сўнг, Нурия Семмари директорлик фаолияти давомида самарали ишлагани ва юқори натижаларга эришганини инобатга олган ҳолда вазифасига қайтарилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан мурожаат қилган шахслар қуйида ўз муносабатларини билдиришган:

“Бизнинг мурожаатимизга бефарқ бўлмаганингиз ва эътибор берганингиз учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Миробод туманидаги 31-умумтаълим мактаб директори Семмари Нурия Махмудовнанинг лавозимига қайтгани барчамизга катта қувонч бағишлади. Боиси Семмари Нурия ўз касбининг фидойиси. Ишонч билан айтишимиз мумкинки ҳозирги кунда халқ таълими тизимида аниқ ва тўғри олиб борилаётган ислоҳотларга гувоҳ бўлдик”, - деб таъкидлаган Гусейн Наджафов.

Мавзуга оид