22:03 / 08.10.2018
7589

Facebook ўзининг илк қурилмасини намойиш қилди — Portal (суратлар)

Facebook ижтимоий тармоғи дисплейлар линейкаси билан бозорга чиқмоқда. Компания ўзининг илк гаджетини  намойиш қилди, унда видеоқўнғироқларни амалга ошириш мумкин.

Қурилма икки хил вариантда тақдим этилди. Биринчиси Portal номини олган бўлиб, 1280x800 пикселли 10 дюймли экранга эга. Иккинчиси — Portal+ эса 1920x1080 пикселли 15 дюймли экран билан таъминланди.

Фото: TechCrunch
Фото: TechCrunch

"Икки модель ҳам ҳаётингиздаги муҳим инсонларни янада яқинда ҳис қилишга  ёрдам бериш ва видеочатларни видеоқўнғироқлар эмас, кўпроқ худди бир хонада суҳбатлашаётгандек тасаввур ҳосил қилиш учун ишлаб чиқилган", - дея маълум қилади ишлаб чиқарувчи. 

Фото: TechCrunch
Фото: Facebook

Гаджет "ақлли" камера ёрдамида суҳбатдошга муайян жойга боғланиб қолмасдан мулоқот қилиш имконини беради. Камера ҳаракатларни автоматик равишда кузатади ва суҳбатдошни диққат марказида ушлаб туради. "Ақлли" товуш технологияси фондаги шовқинни камайтиради ва суҳбатдошнинг дисплей билан орадаги масофаси қанча бўлишига қарамай, автоматик тарзда товуш сифатини яхшилайди.

Фото: Facebook
Фото: Facebook

Қурилма Facebook Messenger'даги суҳбатдошлар билан мулоқот қилиш имконини беради, ҳатто уларда бундай гаджет йўқ бўлса ҳам. Улар Messenger ўрнатилган телефон ва планшетлар ёрдамида мулоқот қилишлари мумкин. Қурилмалар бир вақтнинг ўзида етти нафаргача бўлган кишиларнинг гуруҳ қўнғироқларини ҳам қўллаб-қувватлайди. 

Фото: Facebook
Фото: Facebook

Компания Facebook Portal гаджетлари ёрдамида амалга оширилган видеоқўнғироқларни тингламаслиги, кузатмаслиги ва улардаги маълумотларни сақлаб қолмаслигини алоҳида таъкидлайди. Ишлаб чиқарувчининг қайд этишича, барча видеоқўнғироқлар шифрланган. 

Facebook гаджетлари ноябрь ойидан АҚШ ҳудудида сотувга чиқиши айтилмоқда. Portal нархи - 199 доллар, Portal+ баҳоси эса 349 доллар бўлиши кутилмоқда. 

Top