Стив Жобснинг қизи отаси ҳақидаги қизиқ маълумотлар билан бўлишди
Лиза Бреннан-Жобснинг отаси Стив Жобс билан мураккаб муносабатлари ҳақидаги Small Fry китобидан парчалар MakeRight.ru'да тақдим этилди.
Стив Жобс дунёга келганида унинг ота-онаси ёш бўлган. Отаси - суриялик Абдулфаттоҳ Жандалий Висконсин университетида ўқитувчи ёрдамчиси бўлиб ишлаган, худди шу олийгоҳнинг магистратура бўлимида эса Стивнинг онаси - Жоан Шибле таҳсил олган. Жуфтлик молиявий жиҳатдан мустақил бўлмаган, Жоаннинг ота-онаси бу никоҳга мутлақо қарши бўлишган, отаси ҳатто йигит билан алоқани узмаса, уни меросдан маҳрум қилиш билан таҳдид қилган.
Жоан болани Сан-Францискодаги хусусий шифокор ҳузурида дунёга келтириб, уни Пол ва Клара Жобслар қўлига топширган. 30 йил ўтиб, Стив Жобс ўзининг биологик ота-онасини излаб топган, бироқ у Пол ва Кларани ҳақиқий ота-онаси деб билган. Зеро улар оддий одамлар (Пол - автомеханик, Клара - ҳисобчи) бўлишига қарамай, унга кўп нарсани ўргатишган. Шундан бўлса-да, Стив ўз ота-онаси ундан воз кечганини унута олмаган ва бу унинг атрофдаги одамлар билан муносабатларига катта таъсир кўрсатган.
Ота ва қиз тарихи
Рассом Крис Бреннан Стив Жобснинг биринчи муҳаббати бўлган, улар 1972 йилда Купертинодаги ўрта мактабда танишишган. Крис бир гуруҳ дўстлари билан мультфильм ишлаш билан шуғулланган. Тез орада Стив унга эътибор қаратиб, ёрдам бера бошлади. Улар тоғли ҳудуддан ижарага уй олишган. У пайтлар Жобс Стивен Возняк билан blue box қурилмаларини сотган, бу қурилмалар ёрдамида бутун дунё бўйлаб бепул қўнғироқларни амалга ошириш мумкин бўлган. Крис Бреннаннинг оиласидаги шароит носоғлом бўлган, отаси кўпинча сафарда бўлар, онаси эса руҳий жиҳатдан носоғломлиги сабаб қизи билан ёмон муносабатда бўлар эди.
Ёш Жобс онасининг эшиги тагига қизига меҳрли бўлишни сўраб хатлар қолдирган, бироқ бу ёрдам бермаган. Тез орада Жобс энг қиммат ва нуфузли Рид коллежда ўқиш истагида Орегонга йўл олган. Маълум бир муддат улар алоқада бўлишган, кейин эса Крис бошқа йигит билан учраша бошлаган. Стив коллежни тарк этган. Криснинг хиёнати унга оғир ботган ва бу уларнинг кейинги муносабатларига таъсир кўрсатмай қолмаган.
Маълум бир вақт ўтгач, улар яна учраша бошлашган. Иккиси ҳам алоҳида Ҳиндистонга бориб, "ашрам"ларда яшашга улгурган, айрилиқдан сўнг икки йил ўтган бўлган. Бу вақтга келиб Жобс ва Возняк Купертинода ягона офисга эга Apple компаниясига асос солишган. Крис қадоқлаш бўлимида ишга жойлашган. Улар умумий келажак режаларини қуришмаган.
Крис ишини ўзгартириб, қайсар ва оғир характерли Стивни тарк этмоқчи бўлганида ҳомиладор эканини билиб қолади. Стив оталикни тан олмайди. Крис Apple'дан кетиб, пул топишнинг турли йўлларини излайди, фарзандли бўлгач эса бола учун тўланадиган пулга кун кўради. Унинг ҳеч қандай доимий даромади, машинаси ва уйи бўлмаган. Қизи Лизани у дўстларининг фермасида дунёга келтиради. Янги туғилган чақалоқнинг суратини Жобсга юборишади ва у ўзига ўхшаш қизчани кўришга келади. Шундай бўлишига қарамай, у оталикни рад этишда давом этади. Шундан сўнг Стив анчагача Криснинг ҳаётига аралашмайди. У компьютер ихтиро қилиб, уни Lisa деб номлайди, бироқ умрининг сўнгги кунларигача қизининг шарафига шундай қилганига иқрор бўлмайди.
Крис фарзанди билан ёлғиз қолади. Дастлаб молиявий қўллаб-қувватлашсиз жуда қийналади, ҳатто ота-онаси унга ёрдам бера олмаган вақтларда у Лизани бошқа оилага бериш ҳақида ҳам ўйлаган, лекин бундай қила олмаган. Секин-аста уларнинг ҳаётида барқарорлик пайдо бўла бошлади: 2 ёшли Лиза болалар боғчасига жойланди, Крис эса официант бўлиб ишлайди. Стив уларнинг ҳаётида пайдо бўлмаган ва умуман ёрдам ҳам бермаган.
1980 йилда Крис Бреннан округ прокурори билан бирга алиментга даъвогарлик қилади: бундан ташқари Жобс давлат томонидан болага тўланган пулнинг ўрнини тўлдириши керак бўлган. Жобс бепушт экани ва фарзанд кўра олмаслигини айтиб, қасам ичган. У Лизанинг отаси мутлақо бошқа инсон эканини таъкидлаган, бироқ ДНК таҳлил айнан Стив қизнинг отаси эканини тасдиқлаган. У ойига 500 доллар тўлашга ва ижтимоий харажатлар ўрнини 6 минг доллар билан қоплашга ҳамда Лиза 18 ёшга тўлгунга қадар тиббий суғуртани тўлашга масъул бўлган.
Иш узоқ давом этган ва охир-оқибат Жобс даъвогарнинг барча талабларини қониқтирган. Бир неча кундан кейин Apple Жобсга улкан бойлик - 200 миллион доллар келтиради.
Тез орада Стив вақти-вақти билан қизидан хабар ола бошлайди. Уни уйига олиб кетиб, жоиз деб ҳисоблаган пайтда барча керакли нарсаларни совға қиларди. Лиза отаси, унинг машҳурлиги, чиройли уйи билан фахрлана бошлаган. Стив уйланганидан кейин Лиза тўрт йил уларнинг уйида яшаган ва жуфтликка Ридни катта қилишда кўмак берган. Шундай бўлса-да, Стив Лизанинг коллеждаги ўқиши учун пул тўлашдан бош тортган. Бунга биринчидан, қизнинг уй ишларидаги ёрдами тегаётгани сабаб бўлган бўлса, иккинчидан, у коллежларни мустақил фикрлашга эмас, бировларнинг фикрларини ёдлашга ўргатувчи кераксиз муассаса деб ҳисобларди. Қизнинг коллеждаги ўқиши учун қўшни - бадавлат юристлар оиласи пул тўлаган, зеро улар отанинг Лизага бўлган муносабатидан таажжубга тушишган.
Лиза коллежни тугаллаб, вояга етганида унинг отаси билан муносабатлари кичик танаффуслар билан давом этган. Улар бир уришиб, бир ярашишган. Стив ўлимига яқин қолгандагина оталикни тан олмагани, етарлича эътибор қаратмагани, унинг таълими билан шуғулланмагани учун қизидан кечирим сўраган. Қиз отасини кечирган, бироқ бу вақтга келиб унинг ёши улғайган, вазиятни тўғирлаш учун аллақачон кеч бўлганди.
Лизанинг китоби нафақат Жобсга, балки унинг болалиги, катта бўлиши, онаси ва атрофдагилар билан муносабатларига ҳам бағишланган.
Кўп болаларда ота-онасидан уяладиган даврлар бўлади
Лиза 7 ёшигача деярли танимаган отасидан эмас, реал ҳаётга мослашмаган, лекин шу билан бирга қатъий ва мард онасидан уялган. У онаси ўзига муносиб бўлмаган кишилар билан учрашганидан уялган, уларга онасини рашк қилган. Онаси эса ночорликдан, қизига у истаганича шароит яратиб бера олмаётганидан қийналган.
Лиза онасини яхши кўрган, лекин унинг наздида Крис ҳаддан ташқари содда бўлган.
Жобс Крис ва қизини ўзининг 30 ёшлигини нишонлашга таклиф қилади. Кийишга тузукроқ кийими бўлмаган аёл сўнгги дақиқаларда тадбирга бормасликка қарор қилади. Крис тез-тез депрессив кайфиятда бўлгани учун Лиза айнан шу омил онасини барча имкониятлардан маҳрум қилган деган хулосага кела бошлайди.
Баъзан муваффақиятсизлик ва ёқимсиз ҳолатлар инсонда илиқлик уйғотади
Оғир характерига қарамай, Жобс ёвуз ёки нодон инсон бўлмаган. Ҳар ҳолда қизи шундай фикрда. У китобда отасини баҳолашдан йироқ, шунчаки ҳаётий далилларни келтиради.
Стив кейинги туғилган кун маросимларидан бирига яна Лиза ва Крисни таклиф қилади ва улар ниҳоят келишади. Бу вақтга келиб қизи отасининг бадавлат ва машҳур инсон эканини билар эди. Ҳовлининг ўртасида улкан батут бўлиб, Жобс қизини унда бирга сакрашга таклиф қилади. Бундай лаҳзаларда улар бахтли ота-боладек тасаввур уйғотишарди.
Тез орада Жобснинг ҳаётида кутилмаган ҳодисалар рўй бера бошлади - уни фақат директорлар кенгашида қолдириб, Apple'дан ҳайдашади. У янги Next компанияси фаолиятини юритади, Pixar студияси билан шуғулланади. У қизи ва Крисдан тез-тез хабар ола бошлайди, учовлон кўпинча роликда учишар эди. Стивнинг муваффақиятига қарамай Крис у билан муносабатларни тиклашга ҳаракат қилмайди - у шунчаки қизига ҳамроҳлик қиларди.
Стив Жобснинг образида ўзига хос қарама-қаршиликлар бор эди: у йиртиқ жинси шимда юрувчи бадавлат киши бўлган, унинг дўстлари ва танишлари жуда кўп бўлган, лекин у одамлар билан қандай муомала қилиш кераклигини билмаган, у машҳур бўлишига қарамай, ёлғиз бўлган.
Насл ва тақдир
Бир куни Жобс Крис ва Лизанинг олдига ёш аёл билан бирга боради ва уни ўзининг туғишган синглиси - ёзувчи Мона Симпсон сифатида таништиради, уларнинг ўзи ҳам яқиндагина танишган бўлади.
Жобс танилиб, бойиб кетганидан кейин ўзининг биологик ота-онасини излаб топишга қарор қилади. У базўр ўзини дунёга келтиришга ёрдам берган шифокорни излаб топади, бироқ у шифокорлик сири сабаб Стивга онасининг исмини айта олмаслигини айтади. Ғазабнок Жобс кетганидан кейин доктор унинг туғилиши билан боғлиқ қоғозлар ва алоҳида конвертни тайёрлаб, унга "Вафотимдан сўнг Стив Жобсга йўллансин" деб ёзади ва юрак хуружи сабаб ҳаётдан кўз юмади. Шу тариқа у онаси ва туғишган синглисини излаб топади.
Мона Стивдан бир неча ёш кичик эди. Стивни бошқа оилага топширгандан кейин жуфтлик охир-оқибат оила қурган ва қиз фарзандли бўлган. Турмуш узоққа чўзилмаган, ота оилани тарк этиб, Мона билан деярли мулоқот қилмаган. Симпсон - кейинчалик қизга оталик қилган кишининг фамилияси бўлган. Мона ва Стив гўё узоқ йиллардан бери таниш одамлардек мулоқот қила бошлашган.
Мона акасининг қизи Лизага яхши муносабатда бўлган, унга совғалар берган, хат ёзган. У Крис ва Лиза учун мебель харид қилган, акасини улар ҳақида қайғуришга, уларга яхши уй сотиб олишга чорлаган. Охир-оқибат Стив шундай қилган ҳам.
Жобс биологик отаси бир вақтлар университетда дарс бергани, кейинчалик кафе очгани ва ҳатто у ерда Стив Жобс тушлик қилиши билан мақтанган ҳам (у вақтлар Жобс ўғли эканини билмаган). Стив у билан учрашишни хоҳламаган, отаси ҳам бунга катта қизиқиш билдирмаган. Шундай бўлса-да, отаси Жобснинг ўлими олдидан у билан телефон орқали боғланишга уринган, бироқ бу ҳеч қандай натижа бермаган - Жобс биологик отасини кечира олмаган.
Стивнинг отасига ўхшаш ягона жиҳати - оталик олдидаги қўрқув бўлган. Жобс отасинининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлса ҳам, унинг ўзи шу хатти-ҳаракатларни қанчалик такрорлаётганини сезмаган. Унинг яқин дўстлари гувоҳлик беришича, Стив доим чўнтагида қизи Лизанинг суратини олиб юрган, бироқ у ҳақидаги саволларга шунчаки қизи ёлғизлиги сабаб қўллаб-қувватлашини айтган.
Уй ўз эгасининг табиатини акс эттиради
Лизанинг хотирлашича, уй хоналари шунчаки мебель билан жиҳозланган апартаментларга ўхшаган бўлган. Стивнинг ётоқхонасида фақат гилам, матрас ва улкан телевизор бўлган. Уйда ҳамма нарса улкан бўлган: бўм-бўш ошхона, энгашмай ўтиш мумкин бўлган камин, баланд шифтли ваннахона - қисқа қилиб айтганда, қулайлиги бўлмаган ташландиқ меҳмонхона.
Уйни кўрганда гўёки Жобс бу уйда яшамаган, вақти-вақти билан меҳмонга келиб тургандек тасаввур уйғотган. Лизани отасидан қолган хоналарда нима борлигини сўраганида у билмаслиги, чунки ҳали уларни кўрмаганини айтган. Вақт ўтиши билан Лиза уларни кўздан кечирган ва уларни ҳам бўм-бўш кўрган. Ҳовлида сузиш ҳавзасидан ташқари дарахтлар ва ўт-ўланлар орасида катта теннис корти ҳам бўлган. Жобс теннис ўйнашни билмаган ва ундан фойдаланмаган ҳам, аммо у пианино чалган.
Жобс ва Лиза уйдан чиқаётганида қизи отасидан нима учун эшикни ёпмаслиги ҳақида сўраган. У уйда ўғирлаш мумкин бўлган нарсанинг ўзи йўқлигини айтган.
Лизанинг фикрича, мана шу улкан, бўм-бўш уй эгасининг табиатини аниқ акс эттирган. У қанчалик баланд кўтарилгани сари ҳаётидаги бўшлиқ ва ёлғизлик кўпроқ сезиларди. У қизи билан муносабатларини яхшилашга ҳаракат қилган, бироқ буни қандай қилиш кераклигини билмаган. Жобс бой ва машҳур бўлган, бу билан фахрланган, аммо бу унга катта хурсандчилик олиб келмаган.
Мукаммаллаштирилган образ ҳақиқатда синовларга дош бермаслиги мумкин
Лиза Жобснинг уйига кўчиб ўтганидан сўнг отасининг ишончини оқлашга астойидил ҳаракат қилди. У болаларга қарашда кўмаклашар, Лоренга яхши муносабатда бўлар эди - у оиланинг бир қисмига айланишни хоҳларди. Дастлаб бироз қийналди, лекин кейинроқ ҳаммаси изига тушди. Стив унга фамилиясини Жобсга алмаштиришни таклиф қилди, лекин Лиза бу онасига нисбатан икки баравар адолатсизлик деб ҳисобларди. Охир-оқибат у Лиза Бреннан-Жобс бўлишга розилик беради. Лизага кийим-кечакни Лорен харид қиларди, Стив баъзан қизининг мактаб ҳаётида иштирок этар, экскурсияга бориш керак бўлса, транспорт билан ёрдам берарди.
Стив бир томондан қизининг мактабдаги ютуқларидан қувонарди: у синф президенти этиб сайланган, турли спектакллар ва синфдан ташқари тадбирларда иштирок этган, бироқ буларнинг бари вақт талаб қилар эди.
Лорен ўзининг соғлом таом компаниясини яратиш устида ишларди. Уларнинг уйида соат 17:00 гача ишлайдиган хизматкор бор эди, аммо Стив уйга қайтганида унда бегоналар бўлишини истамас эди. Бу эса хизматкор кетиши билан Лиза унинг ўрнини босиши керак, дегани. Шу боис тез орада Стив қизининг мактабдаги ютуқларидан қувонмай қўйди.
Лиза имкони борича уларга ёрдам беришга ҳаракат қилар эди, бироқ ўзини доим уларнинг ишончини оқлай олмаётгандек ва тўлақонли оила аъзоси бўла олмаётгандек ҳис қиларди. У ҳақида қайғуришар эди, уни хафа қилишмасди, бироқ шугина холос. Бу ерда ҳеч ким унга онаси каби хайрли тун тиламас эди. У отасидан меҳр истарди. Масалан, Стив кичик Ридни суратга олаётганида Лизадан четга ўтиб туришни сўрарди ва бу билан унинг дилини оғритаётгани ҳақида ўйлмасди. Ҳатто Стивнинг турмуш ўртоғи Лорен ҳам унга бундай муносабатда бўлмаган.
Шундай пайтларда Лиза кўп китоб ўқир эди ва Ҳарвардга ўқишга кириш ҳақида орзу қиларди. У бу отасига ёқмаслигини биларди.
Секин-аста Лиза кўпроқ онаси билан қола бошлади. У онасига отасининг меҳрсизлигини айтиб арз қиларди. Крис қизига отаси уни яхши кўриши, лекин "йўқотилган юраги" сабаб бу ҳақида ўзи ҳам билмаслигини айтарди.
Лиза фақат укаси Ридга эмас, балки қўшнилар - адвокатлар Кевин ва Доротиларнинг ҳам 3 ёшли ўғлига қараган. Улар Лизани яхши кўришар, боз устига кўпинча қизни мазали таом билан меҳмон қилишар эди. Жобс қизининг Ҳарварддаги ўқиши учун пул тўлашдан воз кечганида айнан Кевин ва Дороти тўловни киритишади.
Шу каби воқеалардан кейин Жобснинг мукаммаллаштирилган образи ўз жозибасини йўқотади. У энди қизи учун болалигидан ундан хабар олмаган совуқ худбин кишидек кўринарди. Бироқ қандай бўлмасин, у отаси эди, ота-онани эса танлаб бўлмайди.
Баъзан хатоларни жуда кеч тушуниб етамиз
Ҳарвардда ўқиб юрган кезларида Лиза талабаларга ёрдам берувчи бепул психотерапевтга мурожаат қилади. Психотерапевт эртами-кечми Жобс буни тушуниши, лекин жуда кеч бўлишини айтади.
Стив кейинчалик ҳам Лизага нисбатан ўзини ғалати тутди. У қизининг Ҳарварддаги битирув тадбирига келди. Бу вақтга келиб унинг Лорен билан учинчи фарзанди дунёга келганди. Баъзи интервьюларда у уч фарзанди борлигини айтган, ҳолбуки Лиза билан ҳисоблаганда у тўрт фарзанднинг отаси эди. Криснинг талабига биноан Стив Жобс қизининг университетдаги ўқишига пул сарфлаган қўшниларининг пулларини қайтарди.
Ота ва боланинг муносабатлари тикланганида Лиза 30 ёшга яқинлашиб қолган эди - бу вақтга келиб у моддий жиҳатдан отасига қарам эмасди. Жобс уни оиласи билан бирга яхтада сайр қилишга таклиф қилар ва имкон қадар кўпроқ вақт ўтказишга ҳаракат қиларди. Бир куни у қизини яхтада дўсти, мусиқачи Бононинг олдига олиб борди. Лиза билан танишган Боно Стивдан илк компьютерларидан бирини унинг шарафига номлаган ёки йўқлигига қизиқди. Бунга қадар бу савол жуда кўп марта берилганди, бироқ Жобс бунга рад жавобини бериб, бошқа бир сабабларни ўйлаб топишга ҳаракат қиларди. Бонога эса у худди шундай бўлгани, қурилмани қизининг шарафига номлаганига иқрор бўлади. Лиза Бонога савол учун миннатдорчилик билдиради, зеро биринчи марта бу саволга тасдиқловчи жавоб қайтарилганди.
Бир неча йилдан сўнг, Стив бедаво дардга йўлиқиб, саратонга қарши курашаётган вақтда Лиза у билан учрашиб, ҳаммаси учун ундан миннатдор эканини айтади. Жобс бундан жуда қувонади. Шундан кейин унда жигар кўчириб ўтказиш операцияси ўтказилади, бироқ бу ёрдам бермайди - саратон ривожланишда давом этди. Унинг аҳволи борган сари ёмонлашиб борарди, лекин Лизага қандайдир мўъжиза рўй бериб, отаси тузалиб кетадигандек туюларди.
Лизанинг онаси Крис ҳам дардга чалинади, Лиза отаси, онаси ва аспирантура ўртасида югурарди. Бир куни Жобс Лизага хат ёзиб, ундан уйига келишни сўрайди. Қиз Стивнинг уйига келганида отаси тўшакда ётиб, суратларни кўздан кечирар эди. У Лизани кўриб, кутилмаганда йиғлаб юборди. Стив қизига бу охирги учрашув эканини айтиб, барчаси - болалигида етарлича эътибор бермагани ва бундан кейин ҳам имкони бўлмаслиги учун кечирим сўради. У қизининг олдида доимо қарздорлигича қолиши, бироқ бу қарзни уза олмаслигини айтиб, кўз ёш тўккан.
Ота ва бола яна бир неча марта кўришашади ва Стив қизига бўлган воқеаларда фақат ўзи айбдорлигини айтади. Лиза бутун умр отасининг узр сўрашини кутганди, у енгил тортди ва яшашда давом этди. У ўзи истагандек иш топиб, Нью-Йоркка кўчиб ўтди, у ерда севимли инсонини учратади. Унинг болаликдаги армонлари отаси билан бирга кетади ва қиз онаси билан яқинлашади.
Лиза Бреннан-Жобс ушбу китобни севимли кишисига бағишлаган - энди отаси унинг кумири эмас. Китоб қизиқарли ва аксарият танқидчилар Лизанинг ёзувчилик истеъдодини қайд этишмоқда.
Мавзуга оид
14:39 / 06.12.2024
Ангела Меркелнинг китоби стартдаёқ бестселлерга айланди
13:34 / 07.10.2024
Туркияда Ислом Каримов ҳақида китоб нашр қилинди
11:53 / 06.10.2024
Ўқув маркази, китоб дўкони ва SMM: Икки йилда учта бизнес очган ёш тадбиркор ҳикояси
14:40 / 31.08.2024