07:20 / 31.10.2018
4618

АҚШ араб коалициясини Яманга авиазарбалар беришни тўхтатишга чақирди

Фото: EPA

АҚШ Саудия Арабистони бошчилигидаги коалицияни Яманнинг барча аҳоли пунктларига авиазарбалар беришни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Майк Помпео айтиб ўтди.

“Душманона ҳаракатларга, жумладан ҳусийлар томонидан назорат қилинувчи ҳудудлардан учувчисиз қурилмалардан ва ракета билан Саудия Арабистони ва БАА томон зарбалар беришни тўхтатиш вақти келди. Мос ҳолда, Яманнинг барча аҳоли пунктларида коалициянинг зарбалари ҳам тўхтатилиши лозим”, деб айтган Помпео. 

АҚШ давлат котиби Ямандаги ихтилофга чек қўйиш ва қуролсизлаштирилган ҳудуд ташкил этиш мақсадида “учинчи давлатда” Яман бўйича музокаралар ўтказишга чақирди.

“Ноябрда учинчи давлатда БМТнинг махсус вакили билан бирга маслаҳатлашувлар бошланиши керак”, деб таъкидлаб ўтган Помпео.

Яманда ҳукумат ва ҳусийлар ўртасидаги ихтилоф 2014 йилдан бери давом этиб келмоқда. Бу ихтилоф мамлакатда кескин гуманитар инқирозга олиб келган. БМТ маълумотларига кўра, Яман аҳолисининг учдан икки қисми, яъни 18 млн киши “қаердан егулик топишни билмайди”, улардан 8 миллиони эса очарчилик ёқасида турибди. 

Top