15:57 / 31.10.2018
59888

ЙҲХХ ходимлари қачондан индивидуал камералар билан ишлай бошлаши маълум қилинди

Фото: Kun.uz

31 октябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев бошчилигида бўлиб ўтган брифинг давомида ЙҲХХ ходимларини индивидуал камералар билан таъминлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

«Kun.uz» мухбири хабар қилишича, бугунги кунга келиб камера билан таъминлаш тизимини ишга тушириш бўйича барча зарурий ҳужжатлар тайёрланган, дастурлар ишлаб чиқилган. Ҳозир керакли миқдорда ускуналар харид қилиш учун тендер ўтказилиши мўлжаллланмоқда. Режага кўра, 2019 йилнинг март ойидан бошлаб ЙҲХХ ходимлари махсус камера билан ишлай бошлашади.

Бу камераларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, уни ишга келиб тақиб олган ходим бутун хизмат давомида еча олмайди. Агар ечиб қўйса, ёки камера 5 дақиқадан ортиқ ҳаракатсиз қолса, дарҳол марказга сигнал юборилади. Дастурий таъминот ва зарур ускуналар билан таъминловчи хорижлик мутахассислар Ўзбекистонда жорий этилаётган тизим кўп жиҳатдан ўзига хослигини таъкидлашган.

Бундан ташқари, брифингда йўл ҳаракатида қоидабузарлик ҳолати қайд этилганда ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилмаслиги тўғрисида ҳам сўз борди.

Таъкидланишича, кўпчилик бу янгиликни ҳар қандай қоидабузарлик ҳолатида ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаси олинмайди, дея талқин қила бошлаган. Аслида ундай эмас. Кўп ҳолларда, аниқроғи 14 хил вазиятда, масалан – ҳаракатланиш давомида уяли телефондан фойдаланиш ҳолати такрор содир этилганда маъмурий суд ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш ёки қилмаслик тўғрисида қарор чиқариши учун гувоҳнома олинади ва ҳужжатларга илова қилинади. Такрор содир этилаётган қоидабузарлик ҳолати ЙҲХХ ходимлари учун махсус ишлаб чиқилган ва уяли телефонда фойдаланиш мумкин бўлган дастур орқали аниқланади.

Шу кунга қадар Тошкент шаҳрида ойига ўрта ҳисобда 20 минг донага қадар ҳайдовчилик гувоҳномалари керакли чора кўриш учун олиб қўйилган. Энди кўп ҳолларда бундай қилинмаслиги ортидан ҳайдовчиларга енгиллик яратиш билан бирга уларнинг жавобгарлиги ҳам оширилади. Чунки қоидабузарлик қайд этилганидан кейин ҳам SMS, ҳам почта орқали махсус хат ёрдамида қоидабузарга хабар берилади ва ҳайдовчи 15 кун давомида ўзига қулай усулда жаримани тўлаши мумкин. Муддат ўтганидан кейин ундириш масаласи МИБга юкланади.

Бу ўз навбатида жарималар тўлаш, гувоҳномаларни олишдаги узундан-узоқ навбатларнинг олдини олишда ёрдам беради.

Top