00:24 / 01.11.2018
8056

Ҳавонинг ифлосланиши сабабли ҳар йил дунёда 600 минг бола ўлмоқда

Фото: UNICEF

Дунёда ҳавонинг ифлосланиши сабабли ҳар йил 600 минг бола ўлмоқда. Бундай маълумотлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “Prescribing clean air” деб номланган янги маърузасида келтирилган. Ҳавонинг ифлосланиши семизлик, қулоқ инфекциялари ва онгнинг пасайиши пайдо бўлишига сабаб ҳисобланади.

Маърузада сайёрамиздаги 93 фоиз болани қамраб олувчи ифлослаган ҳавонинг таъсири ҳақидаги охирги илмий маълумотлар тўпланган. Маъруза муаллифлари бу борада энг муаммоли ҳудудлар Осиё, Африка ва Лотин Америкаси давлатлари эканини қайд қилишган.

“Ифлос ҳаво миллионлаб болаларни зааҳрлаб, уларнинг ҳаётини нобуд қилмоқда. Буни кечириб бўлмайди. Ҳар бир бола улғайиш ва ўз салоҳиятини амалга ошириш учун тоза ҳаводан нафас олиш имконига эга бўлиши лозим”, деб айтган ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус.

Маълум қилинишича, ифлос ҳаво аёлларда боланинг ўлик туғилиши ёки муддатдан олдин туғиш, катта ёшда пайдо бўлувчи касалликларнинг сабаби ҳисобланади. Мутахассисларнинг фикрича, бу ҳолат бутун дунёда атроф-муҳит соҳасидаги сиёсатни ўзгартиришга олиб келиши керак.

Тадқиқотнинг кўрсатишича, ҳавонинг ифлосланиши ва болаларда отит, қулоқ инфекциялари, семизлик ва инсулинни қабул қилмаслик каби касалликлар ўртасида яққол боғлиқлик борлигини кўрсатган.

ЖССТ экспертларининг таъкидлашича, ота-оналар уй хўжалигида таом тайёрлаш ва иситишда экологик соф ёнилғини қўллаган ҳолда ифлос ҳаводан қочишга ҳаракат қилишлари керак. Ота-оналар сиёсатчилар атроф-муҳитни тозалаш билан шуғулланишлари учун уларга таъсир қилишлари керак.

Top