Ўзбекистон | 13:08 / 05.11.2018
14553
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аэропортлари бошқаруви хорижий инвесторларга топширилиши мумкин

Ўзбекистон аэропортларидаги хизмат кўрсатиш даражасини ошириш учун уларни танлов асосида ташқи бошқарув учун инвесторларга топшириш вариантларини кўриб чиқиш кўзда тутилмоқда. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Президентнинг туризм ривожига янгича импульс беришга доир топшириғи асосида шу ҳақида маълум қилди. 

“Ҳаво йўлларига нисбатан жиддий режаларимиз бор. Миллий авиаташувчи авиацион паркидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш билан бирга, мунтазам ва чартер рейслар географиясини ошириш учун хорижий авиакомпанияларни жалб қилиш. Аэропортлардаги хизмат кўрсатиш даражасини ошириш учун уларни алоҳида тузилмага ажратиш, танлов асосида ташқи бошқарув учун инвесторларга топшириш вариантларини кўриб чиқиш кўзда тутилган”, - дейди у.

Шунингдек, Бош вазир ўринбосари йўловчи авиаташувчи бозорининг давлат бошқарув тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш, институционал асосларини такомиллаштириш режалаштирилаётганини маълум қилди. Бунда функцияларни давлат бошқаруви, авиаташувчи ва аэропортларни бошқарувчи операторга тақсимлаш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, авиация, темир йўл ва автомобиль инфратузилмаси ҳамда зарур коммуникациялар динамик ривожига оид дастурларни ҳам молиялаштириш учун халқаро молиявий институтларни жалб қилиш масаласи кўриб чиқилади. 

Мавзуга оид