19:32 / 07.11.2018
42097

«Ўзавтосаноат»: GM Uzbekistan бир кунда 1000та автомобиль ишлаб чиқармоқда

GM Uzbekistan компанияси мижозлар талабини қондириш ва буюртмаларни ўз вақтида етказиб бериш мақсадида бир кунда 1000 дона автомобиль ишлаб чиқармоқда. Компания шу сабабли ўз заводида 3 сменали ишлашни йўлга қўйган. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Умиджон Салимов янги савдо платформаси тақдимоти доирасида маълум қилди, деб хабар бермоқда KUN.UZ мухбири.

Унинг билдиришича, шу вақтгача халқ орасида талаб кучли бўлган Damas русумли автомобиль бир йилда 24 минг дона ишлаб чиқилган бўлса, 2019 йилдан бир йилда 50 мингдан ортиқ Damas харидорларга етказилади. 

Шу билан бирга, Салимов автомобилларни онлайн харид қилиш имконини берувчи Uzavtosavdo.uz  платформаси ҳақида фикрларини билдириб ўтар экан, автомобиллар хариди учун 20 мингдан ортиқ сунъий навбатлар ҳосил қилингани, бир кишининг паспорти билан 2-3-4та автосалонда навбатга қўйилгани ва бошқа шу каби ҳолатлар бўлганини таъкидлади. 

Онлайн савдо платформаси тўлиқ ишга туширилганидан сўнг, АЖ компаниялари томонидан ишлаб чиқилаётган барча автомобиллар босқичма-босқич интернет ресурсга қўйиб борилади. 

Умиджон Салимов, шунингдек, KUN.UZ мухбирининг, нима учун илова орқали харид қилишда тўланган дастлабки 3 фоизлик бадал суммаси, харидор фикридан қайтган тақдирда қайтмаслигига доир саволига қуйидагича изоҳ берди. 

“Биз бу борада кўп маслаҳат қилдик. Турли фикрларни ўргандик. Бу рақамни 4, 5, 7 фоиз сифатида ҳам белгилаш борасида таклифлар бўлди. Бироқ, дастлабки тўлов миқдорини автомобиль таннархидан 3 фоиз қилиб белгилашга қарор қилдик. Бу сумманинг қайтарилмаслигини шундай изоҳлаш мумкин: қарор негизида савдо жараёнида шаффофликни ҳамда автомобилларни ҳақиқатдан ҳам харидорнинг ўзи сотиб олишини таъминлаш, бу жараёнга ўз манфаатларини кўзлаган олибсотарларни аралаштирмаслик мақсади ётади”, - деди Умиджон Салимов.

Top