Жамият | 12:17 / 08.11.2018
4632
4 дақиқада ўқилади

Ҳудудий етакчилар Кенгаши аъзолари учун ўқув-семинари бошланди

Ёшларни мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлардан хабардор этиш, ҳудудлардаги бошланғич ташкилотлари фаолиятини жонлантириш, бошланғич ташкилот етакчиларининг муаммо ва камчиликларини бартараф этишга амалий ёрдам бериш мақсадида жорий йилнинг 6-9 ноябрь кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Ёшлар оромгоҳи»да Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим олувчи ҳудудий етакчилар Кенгаши аъзолари учун ўқув семинари бошланди.

Мазкур семинар 130 нафар ўғил-қизларни бир мақсад атрофида бирлаштирди. Дастлаб, семинар иштирокчилари 3 кун мобайнида бўлиб ўтадиган ўқувлар, амалий машғулотлар, психологик тренинглар ва маҳорат дарслари билан танишиб чиқишди.

Жисмоний машқ ақлий фаолликни таъминлайди

Бугун ўқув-семинарининг биринчи куни етакчилар тонгни бадантарбия билан бошлашди. Бадантарбия «Спорт, соғломлаштириш ва ҳарбий ватанпарварлик» йўналиши етакчилари томонидан ташкил этилди.

Унда 100 метрга югуриш ва енгил машқлар бажарилди.

Жисмоний фаоллик билан бошланган кун ўқув-семинари билан давом этди.

Етакчилар ўз лойиҳаларини ҳимоя қилишди

Ўқув-семинарини Қобилжон Мажидов бошлаб берди. У лойиҳа тайёрлаш ва уни тақдим қилиш каби етакчиларнинг асосий вазифалари ҳақида тингловчиларга батафсил маълумотлар бериб ўтди.

–       Ўқув-семинарида ёшларнинг ўзини кўпроқ ишлашларига имкон беряпмиз. Улар ҳар куни дастур доирасида, ёшларнинг ҳаётий манфаат ва қизиқишларларига асосланган мустақил лойиҳа ишлаб чиқишади. Биз ҳар бир иштирокчига биттадан жаҳон мамлакатларини бўлиб берганмиз. Улар бугунги дарсда ўзига бириктирилган давлатда ёшларга қай даражада эътибор берилади? У ерда ёшлар сиёсатига доир қандай лойиҳалар ишлаб чиқилган? Мазкур саволларга жавоб топишди ва ўзимизнинг Ўзбекистонга қайси лойиҳаларни татбиқ қилиш мумкинлиги бўйича таклиф беришди. Биз бу орқали улар эркин фикрлашларига йўл очиб беряпмиз.

«Биз ўқишга кириш жараёнларини соддалаштиришимиз керак...”

Етакчиларнинг ҳар бир чиқишлари баҳолаб борилмоқда. Уларнинг лойиҳалари даражасига қараб, 2019 йил Ёшлар иттифоқининг ҳудудий Кенгашлари ёки Марказий Кенгаш иш режасига киритилади. Семинар сўнгида  энг яхши таклиф берган ва ёшлар учун фойдали лойиҳа ишлаб чиққан етакчилар Республика етакчилар Кенгаши аъзолигига қабул қилинади.

–       Ўйлаб қарасак, бошқа давлатларда ўқишга кириш осон, лекин ўқиш қийин. Ўзбекистонда эса ўқишга кириш жуда қийин, аммо ўқиш, тўғрисини айтганда,  осон. Қайси бири яхши самара беради? Албатта, биринчиси. Шунинг учун менинг таклифим биз ўқишга кириш жараёнларини соддалаштиришимиз керак. Таълимни эса кучайтириш лозим, – деди Отабек Амонов.

3 кун давом этадиган семинарда «Team building», «Етакчи имижи», «Time managment», «Ўсмирлик даври психологияси», «Лидерлик ва унинг хусусиятлари», «Ҳаракатлар стратегияси» каби мавзуларда маҳорат дарслари, тренинглар, интерактив спорт ўйинлари ўтказилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, етакчилар Кенгаши аъзолари учун ўқув семинар 9 ноябрга қадар давом этади

Мавзуга оид