15:47 / 12.11.2018
12525

Ўзбекистон оғир атлетикачилари жаҳон чемпионатидан 1 та олтин, умумий 5 та медаль билан қайтди

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

1-10 ноябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда жаҳоннинг 88 мамлакатидан 600дан зиёд спортчилар иштирок этди. Баҳсларда Ўзбекистон шарафини 12 нафар спортчи ҳимоя қилиб, 1 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритишди.

Бугун, 12 ноябрь куни жаҳон чемпионатида иштирок этган ўзбекистонлик оғир атлетикачилар Ўзбекистонга қайтиб келди. Улар Тошкентдаги жанубий вокзалда спорт жамоатчилиги томонидан тантанали равишда кутиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, мусобақада -102 кг вазн тоифасида қатнашган Акбар Жўраев даст кўтаришда жаҳон рекордини янгилаб, олтин медални қўлга киритди. -67 кг вазндаги Достон Ёқубов силтаб кўтаришда кумуш медаль соҳибига айланди. -109 кг вазн тоифасида беллашувларда Руслан Нуриддинов силтаб кўтаришда бронза медалига эга чиқди. +109 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Рустам Жангабаев силтаб кўтариш ва иккикураш натижаларига кўра бронза медалларига сазовор бўлди.

-102 кг вазн тоифаси вакили ўзбекистонлик Акбар Жўраев жаҳон чемпионати кашфиёти бўлди. 19 ёшли спортчи катталар ўртасидаги мусобақада олтин медални қўлга киритди. У 2020 йилда 21 ёшга тўлади ва айни кучга кирган пайтида Олимпия ўйинларида иштирок этиши мумкин.

Маълумот учун, Токио Олимпиадасига рейтинг очколарини берувчи мусобақалар 6 та бўлиб, Ашхободда уларнинг дастлабкиси бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон оғир атлетика терма жамоаси Индонезияда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида ҳам 5 та медалга (1 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза) сазовор бўлган эди.

Top