20:30 / 28.12.2018
7113

McLaren «Формула-1»даги илк ғалабаси шарафига махсус суперкар чиқарди

Фото: McLaren

McLaren компанияси 720S суперкарининг махсус версиясини тақдим қилди. Машина McLaren жамоасининг “Формула-1” пойгасидаги илк ғалабасининг 50 йиллиги шарафига чиқарилди. Бу воқеа 1968 йил Бельгия гран-присида юз берганди.

Суперкар 50 йил аввалги пойгада Брюс Макларен бошқарувида маррага биринчи бўлиб келган McLaren M7A пойга автомобилига ишора сифатида Papaya Orange номли рангга бўялган. Машинанинг орқа қанотлари ва ўриндиқлари бош суягичларида Бельгиядаги “Спа-Франкоршам” трассасининг контурлари тасвири туширилган.

Бундан ташқари, суперкар эшик остидаги остоналарда “1st McLaren F1 victory Belgian Grand Prix 9th June 1968 — Bruce McLaren” ёзуви бўлган карбон накладкалар ва кумуш рангли “Spa 68” ёзуви бўлган машинани ёқиш калити олган. 

Суперкарнинг техник кўрсаткичлари ўзгартирилгани борасида маълумот берилмаган. Стандарт McLaren 720S 4 литрли, 8 цилиндрли, 720 от кучига эга двигател билан жиҳозланади. 

Top