Жаҳон | 01:51 / 04.01.2019
18760
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Новочеркасск шаҳрида 4 қаватли бинонинг бир қисми қулаб тушди

Фото: CC0

Россиянинг Новочеркасск шаҳрида 1-қаватида Сбербанк шохобчаси ва боулинг-клуби бор бўлган кўнгилочар марказ жойлашган 4 қаватли бинонинг бир қисми қулаб тушди. 

DonDay нашри маълумотларига кўра, воқеа соат 18:30 атрофида юз берган. Таъкидланишича, бинонинг ҳозирда ишламайдиган Сбербанк филиали устидаги қисми қулаб тушган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, фалокат банк офисида бино режаси ўзгартирилгани сабабли юз берган бўлиши мумкин. 

Таъкидланишича, боулинг-клубда бино қулаши вақтида одамлар бўлган. Улар бешикаст ташқарига чиқишга муваффақ бўлишган. 

Қутқарувчиларнинг дастлабки маълумотларига кўра, воқеа оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. 

Ҳозирча бинонинг қулаган қисмида одамлар бўлган-бўлмагани номаълумлигича қолмоқда, бироқ гувоҳларнинг айтишича, хоналарда чироқ ёқиқ бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 31 декабрь куни тонгги соат 4да Россиянинг яна бир шаҳри – Магнитогорскда маиший газ портлаши оқибатида ўн қаватли уйнинг подъездларидан бири қулаб тушганди. Охирги маълумотларга кўра, фожиа 39 кишининг ҳаётига зомин бўлди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид