19:14 / 12.01.2019
24896

Эктор Купер: «Натижа биринчи ўринда эканини унутмаслик лозим»

Осиё Кубоги гуруҳ босқичининг 2-тури доирасидаги Туркманистонга қарши баҳс олдидан Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ва ҳимоячи Анзур Исмоилов матбуот анжуманида иштирок этди.

«Биринчи ўйинимиз оғир ўтди ва бизни яна бир қийин учрашув кутиб турибди. Туркманистон биринчи ўйинда Японияга муносиб қаршилик кўрсата олди. Эртага фақат ғалаба учун майдонга чиқамиз», – дея таъкидлади Эктор Купер.

«Эртага бўладиган ўйин ҳам осон ўтмайди. Рақибни ўрганиб чиққанмиз. Биринчи қадамни ташладик, энди навбатдаги ўйинда ғалаба қозониб яна уч очко олишимиз керак», – деди Исмоилов.

– Уммонни мағлуб этган бўлсак-да, ўйин савияси эътирозларга сабаб бўлди. Биринчи ўйиндан қандай хулосага келдингиз?

– Ўйин сифати деганда ҳамма ҳар хил нарсани тушунади. Бу учрашувни қандай нуқтайи назар билан кузатишга боғлиқ. Уммон билан ўйинда асосий мақсадимиз 3 очко олиш эди. Ўйинимизда баъзи муаммолар борлигини биламиз. Натижа биринчи ўринда туришини унутмаслик керак.

- Туркманистоннинг Япония билан 2:3 ҳисобини қайд этиши баъзилар учун кутилмаган ҳол бўлди, сиз учун ҳам шундай бўлдими?

- Бу ўйинни кўрдим, Туркманистон қитъанинг энг етакчи термаларидан бўлган Японияга қарши муносиб ўйин кўрсата олди. Бу баҳсни кузатиш давомида кўпроқ Япония диққатимиз марказида бўлди. Туркманистон ҳам ўз услубига эга жамоа. Эртанги ўйинда ҳар икки томон ҳам ўз услубида тўп суради ва бунинг самарасини натижа кўрсатади.

- Одатда Кримец ва Исмоилов тандемидан фойдаланиб келгансиз, эртага Егорь майдонга туша олмайди. Унинг ўрнини позицион ўйин кўрсатишда устунликка эга Тўхтахўжаев билан тўлдирасизми ёки яккакурашларда ишончли ҳаракат қилувчи Достон Турсунов биланми?

- Кримецнинг ўрнини босиш учун икки футболчи бор. Ҳозир бу борадаги қароримга тўла аниқлик кирита олмайман.

- Туркманистоннинг ҳимоя чизиғини мустаҳкам деб бўлмайди. Шунга қарамай Ўзбекистон барибир ҳимояга асосий эътиборни қаратган ҳолда тўп сурадими?

- Турманистоннинг ҳимоясини кучсиз деб баҳоламаган бўлардим. Бундай фикрга келишда жамоа Япония қарши ўйнаганини ҳам ҳисобга олиш керак. Биз ўзимиз имкон қадар кўпроқ томошабоп ва ҳужумкор ўйин кўрсатишга уринамиз.

- Осиё Кубогида VAR тизими чорак финалдан бошлаб қўлланади. Гуруҳ босқичидаги қатор баҳсли вазиятлардан сўнг бу муҳокама мавзусига айланиб қолди. Сиз қандай фикрдасиз?

- Бу каби муаммоларни ҳал қилиш учун масъул шахслар бор. Мен бу каби нарсаларга эътибор қаратишни истамаган бўлар эдим. Мен диққатимни ўз жамоамга қаратаман.

- Миср терма жамоасини бошқарганингизда кўпчилик сизни антифутбол кўрсатишда айблаган эди. Ҳозирги жамоангизда аввалгидан фарқли йўналишда ишлаяпсизми?

- Миср терма жамоаси билан солиштирмаган бўлардим. Икки жамоанинг ўйин услуби бутунлай бошқа-бошқа. Ҳамма мухлисларга ва журналистларга бирдек ёқиш имконсиз.

(Савол Анзур Исмоиловга) Сиз ўтган галги Осиё Кубокларида ҳам иштирок этгансиз. Ҳозирги Ўзбекистон терма жамоасини аввалги мусобақалардаги жамоа билан солиштира оласизми?

– Мен учта Осиё Кубогида иштирок этдим. Ҳозирги таркиб асосан ёшлардан иборат, фақат 2-3 нафар ёши катта футболчилар бор. Ёшларимиз Осиё чемпиони бўлишди, бу йигитлар яхши темпда ўсиб боришяпти.

Top