Спорт | 17:07 / 12.01.2019
33806
17 дақиқада ўқилади

Кузатув. Уммонга ғарқ бўлган режа ҳақида

Ўтган мақолада биз Ўзбекистон терма жамоасининг Уммон билан ўйинга тайёргарлиги, стратегияси ва режаси ҳақида гаплашгандик. Қўлга киритилган муҳим уч очко гўёки барчаси назорат остида бўлгани, Купернинг ўйинга бўлган режаси қисман ишлаганини кўрсатса-да, аслида муаммолар етарли. Яъни Уммон билан ўйинда Купер ҳаммасини аниқ ҳисобга олиб, назорат қилганди, футболчилар кўрсатмаларни аниқ бажаришди деб хулоса қилиш ҳақиқатдан анча узоқ. Келинг, бу сафар энди, бевосита ўйин ҳақида тўхталиб ўтамиз ва баъзи кўрсаткичлар ёрдамида ўйинни янада кенгроқ таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.

 Схема

Купер жамоани 4-3-3 га яқинроқ схемада майдонга туширди. Ҳимоя тушунарли, ярим ҳимоя Шукуров-Аҳмедов-Сидиқов учлигидан ташкил топди. Бу ерда Шукуров марказий ҳимоячиларга энг яқин зонада, Сидиқов ва Аҳмедов эса, бироз олдинроқда, мос равишда чап ва ўнг марказий яримҳимоячилари сифатида ҳаракат қилишди.

Олдинги чизиқда эса, чап қанотда Жалолиддин Машарипов, ўнгда Сардор Рашидов, марказий ҳужумчи сифатида Марат Бикмаев ўйнашди.

 Биринчи кузатув: Ҳаяжон.

Терма жамоамиз футболчилари ўйинни катта ҳаяжон остида бошлашди. Жамоанинг анчадан буён бирга ўртоқлик учрашувида майдонга тушмагани, баъзи футболчилар умуман илк бор мана шундай турнирда иштирок этаётгани ва қисман, учрашувга уммонлик мухлисларнинг кўпчилик бўлиб ташриф буюриб, жуда яхши қувватлаб турганликлари таъсир қилган бўлиши мумкин. Илк дақиқалардаги ўзига хос “мандраж” балки бутун ўйин сценарийсига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

Мисол учун уммонликлар ҳам ўйинни анча эҳтиёткорлик билан бошлашганди. Аммо футболчиларимизнинг ўзини йўқотиб қўйганликлари ва бир неча бор оддий хатоларга йўл қўйишлари, муҳими, тўп билан нима қилишни билмай, ташаббусни олишга уринмаганликлари натижасида уммонликлар аста-секинлик билан ўйинга кириб кела бошладилар. Биздаги ишончсизлик рақиб футболчиларига ёрдам берди ва энди, таймнинг иккинчи ярмига келиб, Уммон бемалол комбинацион футбол намойиш эта бошлади.

Дастлабки 15 дақиқада: тўп назорати: 55-45 фоиз.

15-30 дақиқалар оралиғида: 48-52 фоиз.

15-45 дақиқалар оралиғида: 40-60 фоиз.

Кўриниб турибдики, Уммон дастлаб, вазиятни ўргана бошлади, футболчиларимиздан хавф сезилавермагач, ташаббусни қўлга олди. Тўғри, таймдаги сўнгги 15 дақиқаликда биз ҳисобда олдинга чиқиб олгандик, аммо бу гол ўйиннинг умумий картинасидан келиб чиқмагани, унгача Уммон икки марта ўта хавфли вазият яратганини таъкидлаш керак.

Иккинчи кузатув: Ҳужумни бошлаш режаси умуман иш бермади.

Футболчиларнинг алоҳида статистикасига эътибор берилса, жамоамизда тўп билан энг кўп муомала қилган Отабек Шукуровдир. Унга жамоадошлари энг кўп (42) маротаба тўп узатишган ва Шукуров амалга оширган паслар (50) ўйича ҳам энг яхши кўрсаткичга эга бўлиб турибди. Кейинги икки ўринни эса марказий ҳимоячиларимиз эгаллашган.  

Бу табиий, зеро ҳужумни бошлашдаги Купернинг режаси ҳам шу эди. Марказий ҳимоячилар тўпни Шукуровга етказиб беришлари, Отабек эса, Аҳмедов ёки Сидиқов орқали, тўпнинг рақиб жарима майдони томон йўналтиришга масъул бўлганди. Ёки марказда учбурчак ҳосил қилиш ёрдамида қанотларга узун паслар орқали Рашидов ёки Машариповни “топиш” талаб этиларди. (Бу режани биринчи таймда 3-4 марта кўрдик, айнан юқори пас орқали Машариповни қулай вазиятга чиқаришга уринишди)

Аммо Шукуровнинг паслари манзилига қарасак режа умуман ишламаганини кўрамиз. У энг кўп пасларни Кримец ва Исмоиловга (10 тадан) узатган. Яъни Шукуров ўзи қабул қилиб олган пасларни қарийб ярмини орқага, марказий ҳимоячиларга қайтаришга мажбур бўлган. Умуман Шукуров-Исмоилов-Кримец учлиги жамоамизда энг кўп ўзаро пас беришгани кўп нарсадан далолат қилади. Солиштириш учун, Уммон терма жамоасида Ҳолид ал Браики Ал Саадига 23 маротаба тўп узатган. Шунингдек, Салеҳ Ал Бусаидига ҳам шунча тўп узатмани амалга оширган. Бу футболчиларнинг тўртови ҳам ҳужум чизиғи вакиллари ҳисобланишади. 

Хуллас, Уммоннинг майдон марказидаги фаол прессинги марказимизни “сочиб ташлади” дейиш мумкин. Ўйинни бошқариши ва асосий урғу берилиши керак бўлган Сидиқов ва Аҳмедов жуда ёмон ўйин кўрсатишди. Қаранг, уларнинг майдонда фаол ўтказган вақтлари 39 ва 41 дақиқани ташкил қиляпти холос. Бу жамоамиздаги 6 ва 7-натижа бўлса, Уммон футболчилари билан солиштирганда, уларнинг 9 футболчисидан ёмон кўрсаткич қайд этишган.

Учинчи кузатув: Одил Аҳмедовнинг бизнинг Погбами?

Аҳмедовнинг маҳоратига шубҳа йўқ, айнан унинг голи якунда жуда муҳим бўлиб чиқди ва мана қаторасига иккинчи турнирда Одилнинг голи биз учун Осиё кубогини очиб бермоқда. Аммо айнан Купернинг тактикасида у ўзига топширилган вазифаларни бажара оляптими, бу бошқа масала.

Юқорида айтилганидек, Аҳмедов тўп рақибнинг назоратида бўлиб турган пайтда жуда фаол бўла олмади. Рақиб футболчилари сафида энг кўп тўп узатиш (23) айнан унинг зонасида ҳаракат қилаётган икки футболчи томонидан амалга оширилди. Ва тўп бизнинг вакилларда бўлиб турганда ҳам ўзини кам таклиф қилди: тўп қабул қилиш бўйича ҳам, узатиш бўйича ҳам 6-кўрсаткич. Рақибнинг марказий ярим ҳимоячилари бу борада икки баробар яхшироқ натижа қайд этишган.

Албатта, бу ерда гап Одилнинг ўзида ҳам эмас. Масалан, дунёнинг машҳур футболчиларидан бири Пол Погбанинг ўйини ва позицияси жуда кўп мунозара қилинади. У Моуриньо пайтида яхши ўйин кўрсата олмади. Агар терма жамоамиз билан солиштирсак, Шукуров (Матич) ва Сидиқов (Эррера) билан учликда у ўзини комфорт ҳис қила олмади. Моуриньо тактикасида юқори прессинг бўлмагани учун Погба тўпсиз қолганда жуда катта зонани ёпиши керак бўлган, бу биринчидан. Иккинчидан эса, Эррера етарлича жисмонан бақувват эмас, Матич тезкор эмас. Натижа бу футболчилар Погбанинг камчиликларини кўпинча ёпа олишмасди.

Франция терма жамоасида эса, у билан Канте ва Матиюди ҳаракат қилади. Фарқни сезган бўлсангиз керак. Ҳар иккиси ҳам футболча терминда “қопағон кучук” таърифига мос келади. Погба эса, улар билан ўзини эркин ҳис қилади, яратувчанлик билан кўпроқ шуғулланади.

“Манчестер Юнайтед”га Сульшер келгач, франциялик футболчи яна “очила” бошлади. Ўша шериклар билан бўлса-да, энди Погба фойдалироқ бўляпти, чунки “МЮ” фаол ва юқори прессингда ўйнамоқда, зоналарда кўпчилик бир бирига яқин тўп суряпти, тўпни назорат қилишга ҳаракат қиляпти. Бундай схемада Погбадан рақиб ортидан кўп югуриш талаб этилмайди.

Купернинг услуби кўпроқ Моуриньога ўхшаб кетиши ҳисобга олсак, бир таркибда ҳам Сидиқов, ҳам Аҳмедовнинг бўлиши у қадар тўғри ечим бўлмаслиги мумкин. Назаримда, буни Купер ҳам тушуниб етган, шунчаки, Уммондан бу қадар қаршилик кутмаган бўлиши мумкин. Биз ё тўпни кўпроқ назорат қилишимиз ёки Сидиқов ва Аҳмедовлардан фақат бирини асосий таркибда туширишимиз тўғрироқ бўлиши мумкин.

Катта эҳтимол Туркманистон билан ҳам айни тактикани кўрармиз, аммо Япония ёки Австралия билан ўйинларда таянч яримҳимоячи ҳисобига Сидиқовни захирага олинади. Ана шундагина Одилнинг “қўли сал бўшаб”, кўпроқ ҳужум ташкил қилишга эътибор қаратиш имкониятига эга бўлади, Купер Жавоҳирга қанчалик ишонмасин, катта ўйинларда Одилнинг тажрибаси кўпроқ ёрдам бериши шубҳасиз.

Тўртинчи кузатув: Ҳужум учлигимиз ўйиндан бутунлай узиб қўйилди. 

Нафақат Бикмаев, балки Сардор Рашидов ҳам тўп билан кўп муомала қила олмади. Марат атиги 16, Рашидов эса, 18 дақиқа майдонда фаол дақиқаларга эга бўлдилар холос. Бикмаев атиги 6 маротаба тўп билан муомала қилди ва шерикларига тўп оширди, Рашидовнинг кўрсаткичлари ундан ҳам кам – фақат 4 марта Сардор шерикларидан тўпни қабул қилиб олди. Асосий урғу қанотларга қаратилган бир режа бўлганини тахмин қилсак – жуда ёмон.

Албатта, юқорида айтилгани каби, бу ерда ярим ҳимоя чизиғининг ҳам таъсири бор. Бунинг устига Купер вингерларимизга имкон қадар кенгроқ ўйнашни айтгани сезилди. Лекин назаримда, майдон марказида сон жиҳатидан устунлик қила олмаётган пайтимизда, уларнинг имкон қадар марказга ва жарима майдонига яқин ҳаракат қилишлари, Бикмаевни қувватлаб, шу билан бирга қанот ҳимоячиларимизга зоналар очиб беришлари лозим эди. Аммо бу режа иш бермади ва икки қанот ўйинчимиз ҳам самарали бўла олмадилар.

 Бешинчи кузатув. Шомуродовнинг голи фақат индивидуал маҳорат самараси эмас.

Кўпчилик, жамоамиз ўйини ўта ғариб чиққанини таъкидлаш баробарида, голлар футболчиларнинг индивидуал маҳорати эвазига урилганини айтиб, ғалабани янада камситишга ҳаракат қилмоқдалар. Тўғри, Купернинг жуда кўп режалари ўша куни ишламади, лекин эътибор қаратса бўладиган ижобий жиҳатлар ҳам бор. Зеро, ҳал қилувчи гол 2-таймда майдонга туширилган икки футболчи томонидан “яратилса”, мураббийнинг топқирлигини эътироф этишга мажбурмиз.

Гап фақат топқирлик эмас, чунки ҳар биримиз майдонга айнан мана шу футболчилар тушиши мумкинлигини билиб тургандик. Кейин, кўпинча, захирадаги футболчилар ўйинни ҳал қилса, аслида мураббийнинг кимни майдонга захирадан туширишни топгани эмас, аксинча, асосий таркибни нотўғри танлаганини айтувчилар ҳам бор. Лекин Уммон билан ўйинда футболчиларимизнинг айнан қачон ва қай тариқа ўйинга ташлангани эътиборга молик.

Аввалига энг пассив бўлган Рашидов ўрнини Ҳамдамов эгаллади. Эсингизда бўлса, айнан Ҳамдамовнинг чиқиши ўнг қанотимизни фаоллаштириб юборди. Жамоамиз томонидан илк чиройли ҳужумни ҳам Ҳамдамов гол билан якунлаши мумкин эди, фақат дарвозабон маҳорати Уммонни қутқариб қолди. Вербекнинг хатоси бу хавфни ўз вақтида пайқамай, чап қанотга яқинроқ тўп сурган Ал Хажри ўрнига Муҳсин Ал Гассанини тушириб юборди. Ҳамдамовнинг фаоллиги эса, рақиб бошқа йўл излашига, яримҳимоячиларнинг кўпроқ ўнг қанотимизга эътибор қарата бошлашларига сабаб бўлди.

Шу ўринда Купернинг иккинчи юриши масалани ҳал қилди. У қисқа вақт оралиғида тезкор ва тетик бўлган Алибоев ва Шомуродовни майдонга туширди ва эътибор берган бўлсангиз, ҳар икки футболчи чап қанотга яқин ўйнай бошлади. Бу хавфни сезиб Уммон жойлашувни ва вазифаларни янгидан тақсимлагунча, гол юзага келди.   

Эсингизда бўлса, Қатар-2011 йилдаги дастлабки ўйинда аввалига Аҳмедов узоқ масофадан ҳисобни очган, кейин эса, худди Уммонга урилган 2-голга ўхшаш вазиятда фаол прессинг амалга оширган вакилларимиз тўпни эгаллаб олиб, ҳисобни оширишганди. Ўшанда ҳеч ким голларнинг индивидуал маҳорат ёки рақиб хатоси ёрдамида юзага келмаганини айтмаган, чунки жамоа анча ҳужумкор, комбинацион футбол намойиш этганди.

Уммонга қарши ўйинда голларнинг қандай урилганига урғу берилиши ва индивидуал маҳорат ҳақида кўп гапирилишининг асосий сабаби шу фарқ туфайли, яъни бошқа вазиятларда рақибларимиз ўйланган чиройли ҳужумлар амалга ошира олмагани туфайлидир. Аммо инсоф билан айтганда, ғалаба қозонишимизда, айниқса, сўнгги дақиқалардаги ўйин Купернинг қарорлари натижасида юзага келганини ҳам тан олиш керак.

Олтинчи кузатув: Керак бўлганда вазиятни назорат қилишнинг уддасидан чиқа олдик.

Умумий картинада ва кўрсаткичлар бобида Уммон жуда катта устунлик кўрсатгани аниқ кўринса-да учрашувнинг бориши ва сценарийга ҳам қарасак, бироз бошқача хулосалар ҳам олишимиз мумкин бўлади.

Уммоннинг энг катта устунлиги 2-таймнинг биринчи 15 дақиқасига тўғри келади. Ўша даврда Уммон 80 фоиз тўпни назорат қилиб турди. Кейинги 15 дақиқаликда, Уммон ҳисобни тенглаштиргунча бўлган даврда ҳам деярли шу кўрсаткич. Ҳисоб бизнинг фойдамизга ҳал бўлиб турганида биз кўпроқ ҳимояга ётиб олдик, тенг бўлганда эса, рақибнинг устунлиги сезилмади.

Масалан, сўнгги 15 дақиқани олайлик. Уммон ҳисобни тенглаштирди, охирги ярим соатда катта устунлик билан тўп сураётганди. Одатда бундай вазиятда босим янада давом этар кучаярди. Лекин айнан ҳисоб тенглашгач, футболчиларимиз ташаббус кўрсата бошладилар. Ҳисоб тенглашган вазиятдан Шомуродов гол ургунча, яъни 70-85 дақиқалар оралиғида тўп назорати бўйича ҳам устунликка эга бўлдик. Ҳимояда ҳам кўрсаткичларимиз яхшиланди, рақибга деярли хавфли вазият тақдим этилмади.

Еттинчи кузатув. Жамоамиз ўткир ўйнашга ҳаракат қилмоқда.

Тўпни назорат қилишнинг уддасидан чиқа олмаган бўлсак-да, Купернинг кўрсатмаларидаги асосий жиҳатни пайқаш мумкин. Футболчиларимиз ўйин давомида 11 маротаба “кескир узатма”ни амалга оширди. Уммонда бу кўрсаткич 14. Агар рақиб тўпга кўпроқ эгалик қилгани ва умумий паслар бўйича икки баробар кўп рақамга эга бўлганига эътибор қилсак, Ўзбекистон янада дангалроқ ҳаракат қилгани ва имкон қадар тезроқ вазият яратишга уринганини кўришимиз мумкин. Бу борада Жавоҳир Сидиқовни мақташ керак, у 4 маротаба ўткир пас берган ва ундан 2 таси шерикларига аниқ етиб борган.

Бу жуда яхши ҳолат. Чунки кучлироқ терма жамоаларга қарши имкониятимиз янада камаяди. Бундай вазиятда ўткир ўйнаш футболчиларнинг асосий вазифаси экани асқотиши мумкин. Яъни хавфли вазият ва голлар яратиш учун катта устунликка эга бўлишга эҳтиёж сезмаяпмиз. Уммон биздан кўра жуда кўп зарба берган бўлса-да, аниқ зарбалар бўйича ҳам устунлик катта эмас – 3 га 5. Яъни ҳозирча йўқдан вазият яратиш ва фойдаланиш бўйича ёмон эмасмиз. Айнан Купер тарғиб қиладиган услуб учун жуда муҳим талаб бу.

Ва яна бир жиҳат, ишониш қийин, аммо факт, футболчиларимиз дриблинг борасида Уммонни икки баробардан (12 га 5) кўпроқ устунлик билан ортда қолдиришди. Сидиқов, Машарипов, Рашидов ва Зотеевларда 2 тадан дриблинг бор. Ва албатта, Шомуродовнинг “олтин дриблинги”!

Саккизинчи кузатув: Ҳимоя

Игнатий Нестеров. Сўзсиз, учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлди. Рақибнинг беш зарбасини қайтарди ва айниқса, 2 тасини ўта хавфли зарба дейишимиз мумкин. Ўйин асосан жарима майдонимизда кечганини ҳам эътиборга олсак, хато қилмаганини ҳам унинг плюсига ёзиш мумкин.

Акмал Шораҳмедов ва Зотеев. Қанот ҳимоячиларимиз айниқса, ҳужум ташкил қилишда ишончни оқлай олишмади. Яримҳимояда сон жиҳатдан устунлик қилиш учун олдинга чиққан пайтларда ҳам, рақиб қарши ҳужумларига улгурмай қолишди. Бутун ўйин давомида ҳар икки футболчи атиги 1 тадан кросс амалга оширишди холос. Тўп йўқотишлар бўйича эса, Акмал нафақат терма жамоамиз сафида, балки умуман ўша куни майдонга тушган футболчилар ичида етакчи бўлди – 6 та.  

Марказий ҳимоячиларимизга эътироз камроқ. Хусусан Уммоннинг қанотдаги активлиги ҳисобига жарима майдонимизга жуда кўп кросслар амалга оширилди. Қаранг, 37 кроссдан атиги 4 нафари муваффақиятли чиқди, бошқа вазиятларда Исмоилов, Кримец ва баъзида Шукуровлар яхши ўйнашди. Лекин икки ўта хавфли вазият айнан юқори қаватдаги курашлар натижасида юзага келганини ҳам таъкидлаш керак, албатта.

Кримецнинг сўнгги дақиқадаги қарори эса, албатта, жуда тўғри бўлди. Буни ҳатто ПИм Вербек ҳам чин маънода олқишлади. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида, у шогирдлари ҳақида фикр юритар экан, Кримецнинг нима қилиб бўлса ҳам, рақибни тўхтатиб қолишга ҳаракат қилганини намуна сифатида келтирди.

ХУЛОСА

Ўйинга танланган режа, рақибнинг тўлиқ ўрганилмагани, ўртоқлик ўйинлари ташкил қилинмагани туфайли, футболчиларда пайдо бўлиши мумкин бўлган енгил ҳаяжон ҳисобга олинмагани борасида жиддий эътирозлар бор. Куперни, умуман терма жамоани фақат уч очко қўлга киритилгани қутқариб қолди холос, зеро нурсиз ўйин кўрсатилганда фақат ғалаба қозонибгина, ўзини оқлаш мумкин. Ҳозирча Куперни оқлаш мумкин бўлган ягона асос мана шу.

Купер футболчилардан норози бўлиши, унинг кўрсатмалари аниқ бажарилмагани ёки аслида ишлаш керак бўлган режа ижрочилар туфайли “провал”га учраганини айтиши, ўйлаши мумкин. Аммо биласизми, шогирдларининг нима қўлидан келиш ёки келмаслигини аниқлаш ва айнан уларнинг салоҳияти ва имкониятига қараб режа танлаш, ишлаб чиқиш ҳам бевосита мураббийнинг вазифасидир.

Эҳтиёт бўлинг, балога қоласиз, мистер Купер!

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид