Спорт | 18:47 / 16.01.2019
32377
6 дақиқада ўқилади

Эктор Купер: «Аччиқ тажрибам жароҳатлардан эҳтиёт бўлишга ўргатган»

Осиё Кубогининг «F» гуруҳида муддатидан олдин плей-офф йўлланмасини қўлга киритиб бўлган Ўзбекистон термаси эртага, 17 январь куни сўнгги 3-турни Япония терма жамоасига қарши ўтказади. Бугун ушбу учрашув ўтказиладиган Ал-Айн шаҳридаги «Халифа бин Зайид» стадионида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ва яримҳимоячи Жавоҳир Сидиқов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

«Эртага Осиёнинг энг яхши жамоаларидан бири Японияга қарши ўйнашимизни тушуниб турибмиз. Биз фақатгина эртанги ўйин ҳақида ўйлаётганимиз йўқ, плей-офф баҳслари ҳақида ҳам бош қотирмоқдамиз. Шунга қарамай, ўйинда ғолиб чиқиб, гуруҳ пешқадами бўлишни мақсад қилганмиз. Баъзи факторларни ҳисобга олишимиз керак. Жароҳатлардан эҳтиёт бўлишимиз керак. Нимчорак финалда қайси рақибга қарши ўйнашимизга у қадар катта аҳамият қаратмаган бўлардим», – деди Купер анжуманнинг кириш қисмида.

«Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири – эртанги рақибимиз. Шунинг учун ҳам яхши тайёргарлик олиб боряпман. Минимум вазифа уддаланган бўлса ҳам, эртага кучли жамоага қарши ўзимизни синаб кўриш имкониятига эгамиз», –  деб таъкидлади Жавоҳир Сидиқов.

– Таркибда ротациялар кўрамизми? Японияга қарши қандайдир сюрприз тайёрлаб қўйганмисиз? 
– Эртага фақат уч очко учун майдонга тушамиз, шунга қарамай жамоанинг жисмоний ҳолати ҳақида қайғуришимиз керак. Икки ўйинда 180 дақиқа тўп сурган футболчиларга дам берамиз. Шунингдек, сариқ карточкаси бор ўйинчиларни ҳам асрашимиз лозим. Африка кубогидаги салбий тажрибамдан келиб чиқиб жароҳатлар масаласига анча эҳтиёткорона ёндашаман. Кимлар захирада қолишини бугунги машғулотлардан кейин ҳал қиламиз.

– Австралияга дуч келиб қолиш вариантига қандай қарайсиз?

– Таркибда қандайдир ўзгаришлар қилишимиздан қатъий назар, эртага ғалаба қозониш вазифамиз ўзгармай қолаверади. Таркибдаги 23 футболчининг барчаси соғлом ва шай ҳолатда. Мен учун плей-оффда кимга қарши ўйнаш у қадар муҳим эмас. Чемпионликни кўзлаган жамоа барчага қарши ўйинга тайёр бўлиши керак. Европа Чемпионлар лигасида клубни бошқарганимда ҳам кейинги босқичлардаги рақибимиз ким бўлиши борасида кўп ҳам хавотир олмасдим.

– Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ўзаро ўйинлар статистикаси Ўзбекистон учун анча салбий кўринишда. Бунга ўзгартириш киритиш вақти келди, деб ҳисоблайсизми?
– Тўғри, биз тарихни, статистикани ҳурмат қилишимиз керак. Аммо бу – статистика ва рақамлар холос. Эртага эса майдонда реал футбол баҳси бўлади. Статистика ва бошқа фактлар ўз йўлига. Масалан, Уммон ҳам Ўзбекистон учун ноқулай рақиб эди, ўзаро салбий статистика бор эди, аммо ўйинда биз ғалаба қозондик.

(Савол Жавоҳир Сидиқовга) Ўтган йилнинг январидаги олимпия термалари ўртасидаги Осиё чемпионати чорак финалида Ўзбекистон Японияга қарши ўйнаб, 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган, сиз унда гол урган эдингиз. Шу сабабли эртанги баҳс олдидан бошқаларга қараганда сизда ишонч юқорироқ бўлса керак?


– Ишонч нафақат менда, балки бошқа жамоадошларимда ҳам юқори. Тўғри, мен Япония термасига қарши ўсмирлар ва ёшлар термалари миқёсида кўп бора ўйнаб, бирор марта мағлубиятга учрамаган эканман. Фақат мен эмас, жамоанинг барча аъзоларида ўйин олдидан катта ишонч бор.

– Япония терма жамоасининг ўйини, савияси ҳақида қандай фикрдасиз? Бу жамоанинг нозик жиҳатлари қаерда, деб ўйлайсиз?
– Япониянинг кучсиз томонларини билганимда ҳам ўйинимиз олдидан буни айтмаган бўлардим. Рақибимиз тезлик ва прессинг жиҳатдан кучли эканини тан олишим керак. Бу факторларга қарамай, биз уларга қаршилик кўрсата оламиз. Аммо ўйин услубимизни тўла ўзгартириб ташламоқчи эмасмиз. Албатта, кичик ўзгаришлар бўлиши табиий.

– Эртанги ўйин натижасига қараб иккита вариант бўлади: Ал-Айнда қолиш ёки Шаржага қайтиш. Қайси вариантни маъқул кўрган бўлардингиз?
– Қайси шаҳарда ўйнашимиз муҳим эмас. Биз ғалаба учун майдонга тушамиз. БААнинг барча шаҳарларида шароитлар етарли, шунинг учун ҳам бу мен учун иккинчи даражали масала.

Эслатиб ўтамиз, ҳар икки жамоа ҳам муддатидан олдин плей-офф йўлланмасини қўлга киритиб бўлган. Японияга қарши баҳсдаги ғалаба ёки дуранг натижа Ўзбекистон термасига «F» гуруҳида биринчи ўринни олиш имконини беради. Ушбу квартет ғолиби нимчорак финалда «Е» гуруҳида иккинчи ўринни олган жамоа (Саудия Арабистони ёки Қатар) билан, иккинчи поғона соҳиби эса «B» тўртлигини шу ўринда тугатган Австралияга тўқнаш келади.

Япония–Ўзбекистон ўйини эртага, 17 январь куни Тошкент вақти билан соат 18:30да бошланади. Ўйинни мезбон БАА вакили Муҳаммад Абдулла Ҳассан Муҳаммад бошқариб боради.

Мавзуга оид