10:40 / 20.01.2019
5158

Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси Франкфуртда музокара олиб борди

19 январь куни Германиянинг Франкфурт шаҳрида Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси раиси Баҳромжон Газиев ва Замонавий бешкураш халқаро иттифоқи президенти доктор Клаус Шорман ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинган учрашувда Баҳромжон Газиев Ўзбекистон замонавий бешкурашининг ҳолати ва истиқболлари ҳақида батафсил сўзлаб берди. 

Мулоқотда кўп йиллардан буён мамлакатимизда ушбу спорт турига етарлича эътибор берилмагани ва шунинг учун ривожлана олмагани, ҳозирда эса вазият ўзгаргани таъкидланган.

«Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси ва Миллий олимпия қўмитасининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида қисқа вақт ичида кучли мураббийлар ва бир нечта иқтидорли спортчи топишга муваффақ бўлдик ва Токио-2020 Олимпиадасида иштирок этиш учун ҳақиқий имкониятлар пайдо бўлди», – деган Баҳромжон Газиев.

Клаус Шорманн, ўз навбатида, Ўзбекистон замонавий бешкурашини ривожлантириш ва оммалаштиришга ёрдам беришга ваъда берган.

Учрашувда Ўзбекистон спортчиларини зарур жиҳозлар билан таъминлаш ва спорт мажмуаларини машғулотлар учун замонавий ускуналар билан жиҳозлаш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Клаус Шорманн Ўзбекистонда ушбу спорт турини ривожлантириш борасида ўз тавсия ва таклифларини берган.

«Ўзбекистонда  яқин вақт ичида Ўзбекистон замонавий бешкураш мактаби очилади. Қиличбозлик зали, сузиш ҳавзалари, югуриш йўлаклари, стадионлар, конкур майдони ва ўқ отиш учун мўлжалланган майдонларни ўз ичига олган, халқаро стандартларга мос замонавий спорт базасини қуриш режалаштирилган. Келгусида ушбу спорт базасида нафақат замонавий бешкураш, балки бошқа спорт турлари бўйича ҳам халқаро мусобақалар ўтказилади», дейилган федерация матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси раиси Осиё замонавий бешкураш конфедерацияси президенти Сангво Парк билан ҳам учрашув ўтказишни режалаштирган. Ҳозирги вақтда учрашувнинг аниқ санаси, жойи ва вақтини белгилаш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Top