00:11 / 20.02.2019
13602

Манба: “Жибҳат ан-Нусра” етакчиси оғир жароҳат олган

Фото: REUTERS / Rodi Said

“Ҳайат Таҳрир аш-Шом” (аввалги номи “Жибҳат ан-Нусра”) террорчилик гуруҳи етакчиси Абу Муҳаммад ал-Жуланий (ҳақиқий исми Муҳаммад Ҳусайн аш-Шаръа) бошидан жароҳат олди, деб хабар берди Туркиядаги тиббий манбага иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги. 

Таъкидланишича, Суриянинг Идлиб шаҳрида портлаш оқибатида оғир бош жароҳати олган террорчи 18 февралда Туркиянинг Хатай вилоятидаги Антакя шаҳри давлат шифохонасига етказилган.

“Шифохонага етказилган одам портлашдан яраланган, бу унинг мияси чайқалишига олиб келган. Унинг боши операция қилинган”, деб қўшимча қилган манба. Унинг таъкидлашича, ушбу одам террорчи Абу Мухаммад ал-Жуланий ҳисобланади. Террорчи интенсив терапия бўлимига жойлаштирилган, уни аҳволи оғир бўлиб, кома ҳолатида эканлиги маълум қилинган.

Аввалроқ Суриянинг al-Watan нашри Дамашқ жиноят суди “Ҳайат Таҳрир аш-Шом”, “Файлақ ар-Раҳмон”, “Жайш ал-Ислом" террорчилик гуруҳларининг етакчиларини сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилганини маълум қилган. Ўлим жазосига ҳукм қилинганлар орасида ал-Жуланий ҳам бўлган.

Top