20:18 / 27.02.2019
15989

2018 йилнинг энг яхши смартфони эълон қилинди 

Фото: technave

Барселонада ўтаётган Mobile World Congress 2019 халқаро кўргазмаси секин-аста якунига етмоқда. Бу эса баъзи якунларни эълон қилиш вақти келганини англатади.

Нуфузли нашрлар журналистлари, алоқа операторлари ва соҳа вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати 2018 йилнинг энг яхши смартфонини эълон қилди. Ҳайъат аъзолари Huawei Mate 20 Pro смартфонини ўтган йилнинг энг яхши смартфони деб топишди. 

Мутахассислар мобил фотосуратчилик сифатини авваллари эришиб бўлмайдиган даражага олиб чиққан хитойлик муҳандислар томонидан қилинган улкан ишни қайд қилиб ўтишган. Уларнинг эътиборини  смартфоннинг юқори иш унумдорлиги, суратларни қайта ишлаш тизими ва қайта қувватланишсиз узоқ вақт ишлай олиши, симсиз қувватлашдаги татбиқ қилинган инновацион ечимлар ва дизайни тортган. 

“Бу Huawei мобиль телефони MWC’нинг энг оғир вазндаги халқаро мукофотини қозонаётган ва Apple, Google, Samsung ва бошқа брендлар қурилмаларини ортда қолдираётган биринчи ҳолат эмас”, деб изоҳ берган Huawei компаниясининг мобил қурилмалар қатори бўйича президенти Хе Ганг.

Huawei маълумотларига кўра, компаниянинг 2018 йилда истеъмолчилик бизнесидан олган тушуми 52 млрд долларни ташкил қилган. Компания ўтган йил давомида 206 миллион дона смартфон сотиб, бу борада дунёда 2-ўринни эгаллаган. 

Энг яхши тақиб юрилувчи электроника тоифасида эса ғалаба Samsung Galaxy Watch соатларига берилди.

2017 йилда энг яхши смартфон номига Apple’нинг iPhone X смартфони сазовор бўлганди.

Top