08:34 / 27.02.2019
16067

Россия вакили: АҚШ Венесуэлани талон-торож қилди, Гуайдо эса қаллобдир

Фото: AP Photo/Bebeto Matthews

 Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя сўзларига кўра, АҚШ ва Буюк Британия Венесуэлани 30 миллиард долларга талон-торож қилди. Бу ҳақда РИА «Новости» хабар бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, Россия АҚШ ва Буюк Британиядан Венесуэла ҳисоб рақамларини очиб беришни талаб қилмоқда.

Шунингдек, у Вашингтон ва Лондонни БМТ Бош ассамблеяси резолюцияларини бузишни тўхтатишга чақирди.

Небензянинг таъкидлашича, АҚШ ва Британия Венесуэла чегаралари ҳамда суверенитетини ҳурмат қилиши керак.

Бундан ташқари, Василий Небензянинг маълум қилишича, Венесуэлада АҚШнинг ягона мақсади республикадаги ҳокимиятни ўзгартириш бўлиб қолмоқда. 

Унинг сўзларига кўра, АҚШ Венесуэлага ҳарбий йўл билан бостириб кириш имкониятини истисно этмайди.

Шунингдек, у Венесуэланинг муаммоларини ҳал қилиш АҚШ мақсади эмаслигини ҳам қўшимча қилди.

Василий Небензянинг билдиришича, Венесуэла мухолифати етакчиси Хуан Гуайдо «кўчадан келган қаллоб» саналади.

«Мустақил Лотин Америкаси мамлакатида бирданига қаллоб пайдо бўлди, у ўзини кўчада президент сифатида эълон қилди», - деди Небензя.

Унинг сўзларига кўра Гуайдо АҚШ томонидан «бир неча дақиқадан сўнг» тан олинган.

Бундан ташқари, унинг қўшимча қилишича, рўй берган ҳолат «қонун ва конституциявий ҳуқуқ устидан кулиш» ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мадуро Трампни айблаб чиққанди.

Мавзу
Венесуэлада сиёсий инқироз
Венесуэла президент Николас Мадурога қарши оммавий норозилик намойишлари гирдобида қолди. 23 январь куни, ушбу намойишлар авжига чиққан вақтда Венесуэла парламенти раҳбари Хуан Гуайдо ўзини мамлакатнинг муваққат президенти деб эълон қилди
Барчаси
Top