Жаҳон | 11:43 / 01.03.2019
43490
3 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин Трампдан нима ҳақида сўрагани маълум бўлди

Фото: REUTERS/Leah Millis

Шимолий Корея ТИВ раҳбари Ли Ён Хонинг айтишича, охирги марта ўтказилган саммитда КХДР етакчиси Ким Чен Ин АҚШ президенти Дональд Трампдан санкцияларни бутунлай эмас, балки қисман бекор қилишни сўраган. Бу ҳақда РИА «Новости» хабар бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, Трамп бунга жавобан санкцияларни бекор қилиш учун янги шарт қўйган. Ли Ён Хонинг аниқлик киритишича, Вашингтон Ёнбендаги ядро реакторини бузиб ташлаш билан бир қаторда «яна бир чора» талаб қилган.

АҚШ президенти Дональд Трампнинг Fox News’га интервьюда маълум қилишича, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан музокаралари томонларнинг ядросизланиш масаласи бўйича турли позициялари туфайли амалий натижаларга олиб келмаган.

Трампнинг сўзларига кўра, Шимолий Корея ҳукумати қисман ядросизланишни таклиф қилган, у эса Корея ярим ороли ядро қуролидан тўлиқ холи бўлиши талабини қўйган. Шунингдек, Трампнинг таъкидлашича, КХДРдан ядросизланиш бўйича «ҳақиқий дастур»ни хоҳлаган.

«Улар [КХДР] бунга тайёр эмас эди. Мен буни тўлиқ тушунмоқдаман... Мен улар ядросизланишни амалга оширишини хоҳлагандим, аммо улар тўлиқ ядросизланишга боришмайди, бу фақат қисман бўлишини исташади», - деди Трамп.

Шунингдек, унинг қайд этишича, тўлиқ бўлмаган ядросизланиш эвазига санкцияларнинг қисман бекор қилиниши бўйича режа «нотўғри» туюлган.

Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс АҚШ президенти Дональд Трампнинг КХДР билан келишувга эришмаслик бўйича қарорига изоҳ берди. Бу ҳақда у твиттердаги саҳифасида ёзган.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ етакчиси ўзидан олдинги президент Барак Обаманинг хатоларини такрорлашни истамаган.

«Президент Обама Эрон билан ёмон келишувдан узоқлашишни хоҳламади. Президент Трамп бу хатони Эрон, Шимолий Корея ёки бошқа қайсидир давлат билан содир этмади», - дея маълум қилган Сандерс.

Унинг қўшимча қилишича, АҚШ раҳбари ҳар доим, биринчи навбатда, Америка халқи хавфсизлиги ҳақида ўйлайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ КХДР Трамп ва Ким Чен Иннинг янги учрашуви бўйича келишув ҳақида эълон қилганди.

Мавзуга оид