Жамият | 17:16 / 26.03.2019
6720
4 дақиқада ўқилади

Uzbekistan fashion week: меморандумлар, кўргазмалар ва хорижлик мутахассислардан маҳорат дарслари

“Ёшлар пресс-клуби”да Uzbekistan fashion week халқаро мода ҳафталигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда БАА, Иордания, Италия, Франция, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби мамлакатларнинг машҳур дизайнерлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги “Ёш дизайнерлар Кенгаши” вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Анжуман қатнашчилари лойиҳа мақсади ва унинг дастури билан танишиб чиқди. 5 кунлик дастур доирасида Ikat Day: Uzbekistan fashion week - 2019’нинг махсус дизайнерлари ва иштирокчи дизайнерлари билан учрашув, ёш дизайнерлар либослари кўргазма ва ярмаркаси, юртимизда фаолият олиб бораётган дизайнерларнинг мода уйларига саёҳат ҳамда Ikat адрас матоси тўпламлари намойиши ўтказилади.

Шунингдек, “Metrics” халқаро мода академияси асосчиси россиялик дизайнер  Екатерина Асламова томонидан ёш дизайнерлар учун маҳорат дарслари ташкил этилади. Ҳафталик “Haute couture”, “PRET-A-PORTE” кўргазмалари ва “ASHI Studio” нуфузли халқаро брендининг либослар намойиши билан ўзгача тус олиши кутилмоқда.

— Мазкур ҳафталик орқали зардўзлик, каштачилик йўналишларидаги ўзбек мода брендларини дунёга танитмоқчимиз, — дейди “Ёш дизайнерлар Кенгаши” раиси. — Лойиҳада миллий либослар, кундалик кийимлар ва халқаро миқёсдаги махсус либослар кўргазмасини намойиш этиб, 4 нафар халқаро мода ҳафталиклари президентлари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзолашни режалаштирганмиз.

Мулоқотда ёш дизайнерлар 27 март куни бўлиб ўтадиган “Имидж” танловининг финал босқичи, ҳакамлар ҳайъати аъзолари таркиби ва баҳолаш мезонлари билан боғлиқ саволларга жавоб олишди. Спикерлар ёш дизайнерларни 25-26 май куни Бухорода ўтказиладиган “Ипак ва зираворлар” халқаро фестивалига таклиф этди.

Лойиҳа дастури асосида маҳаллий ва хорижлик дизайнерларда қизиқиш уйғотган Xалқаро мода ҳафталиклари президентлари билан учрашув ўтказилиши таъкидланди. “Uzbekistan fashion week - 2019” халқаро мода кўргазмалари Тошкент, Самарқанд ҳамда Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтади. 29 март куни хорижлик дизайнерлар қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд бўйлаб саёҳат қилади. 30 март Кўҳна ва боқий Бухородаги “Buxoro Brilliant Silk” корхонаси фаолияти билан таништирилади.

Лойиҳада қатнашаётган чет эллик дизайнерлар билан тажриба алмашинуви давомида ёш дизайнерларнинг ижодий салоҳияти оширилади. Қолаверса, янги иқтидор соҳиблари кашф этилади.

Ҳафталик давомида хорижлик дизайнерлар ва ўзбек дизайнерлари ўртасида бизнес ҳамкорлик шартномалари тузилади. Ёш дизайнерларимиз сўнгги 2 йил давомида Шарқ мамлакатлари орасида ном таратган “ASHI Studio” бренди вакиллари билан фикр-мулоҳазалар алмашиб, 2019 йилги мода йўналишидаги янгиликлар, миллийлик ва замонавийлик уйғунлигидаги янгича ёндашувда ишланган либослар дизайни бўйича ўз билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаб олади.

—13 ёшимдан буён дизайнерликка қизиқаман. Айнан шу соҳада таҳсил олганман. Ўтган йилдан бошлаб профессионал тарзда фаолият юрита бошладим, – дейди Дубай шаҳридаги “Honey Mona” брендининг асосчиси Мона Ҳуссайн Муҳаммад Одеҳ. —Асосан узун, замонавий кўринишдаги “ Абая” номли аёллар либосларини яратаман. Мазкур ҳафталик орқали ўзбек миллий матолари ва либослари ҳақида маълумотга эга бўлиб, мамлакатнинг ўзига хос миллий урф-одатлари ва қадриятлари билан танишиб чиқмоқчиман. Шу қаторда ўзим яратган либосларни кўргазма қилишни ҳам режалаштирганман.

Мавзуга оид