Жамият | 19:12 / 20.07.2019
5520
3 дақиқада ўқилади

«Ёшлар пресс-клуби»да тест синовларини шаффоф ўтказишни таъминлаш масаласи муҳокама қилинди

Олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул тест синовларини адолатли ва шаффоф тарзда ўтказилишини таъминлаш бўйича «Ёшлар пресс-клуби»нинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган очиқ мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат хизматлари агентлиги мутасаддилари, журналист ва блогерлар ҳамда абитуриентлар иштирок этди. 

Унда олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул тест синовлари адолатли ва шаффоф тарзда ўтказилишини таъминлашга доир саъй-ҳаракатлар, тизимдаги янгиликлар, рўйхатдан ўтишдаги қулайликлар ва ўзгаришлар ҳақида фикр-мулоҳазалар юритилди. Муҳокамада таъкидланишича, жорий ўқув йилида олий таълим муассасалари бакалавриатига таҳсил олиш учун 1 миллион 66 минг 925 нафар абитуриент рўйхатдан ўтиб, маълумотлар базасига киритилган. 2019 йилги қабул тест синовлари учун 180 мингдан ортиқ тест топшириқлари шакллантирилиб, 2-босқич экспертизаси ўтказилган. Улар ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган.

Республика бўйича жами 69та бино тест синовлари учун ажратиб олинган. Уларнинг энг каттаси 1 минг 710 ўринга эга. 69та бинода бир кунда 2 сменада 1 минг 275та гуруҳда 38 минг 310 нафар абитуриент тест топширади. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда бинолар учун 1 минг 155тадан ортиқ видеокузатув камералари, 120 дона мобиль алоқаларини тўсувчи қурилма, абитуриентлар сонидан келиб чиққан ҳолда металлорамалар, бармоқ изи асосида таниш воситалари тайёрланди. Жорий йилги тест синовлари 29 июль кунидан бошланиши белгиланган.

Спикерлар тест синовларининг адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида бир кунда 2 минг 554 нафар назоратчи жалб этилганига алоҳида тўхталиб ўтишди. Тест синовларида иштирок этиш учун «Абитуриент рухсатномаси»ни тарқатиш бўйича ҳам батафсил маълумот берилди. Сессия якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволарга жавоб олишди.

«Ёшлар пресс-клуби»нинг мазкур сессиясини 21 июль куни соат 19:30да «Yoshlar» телеканалида тўлиқ форматда томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид