Ўзбекистон | 21:29 / 13.01.2020
16659
3 дақиқада ўқилади

Олий таълим тўғрисидаги низом қабул қилиниши нега кечикяпти? — Вазир изоҳ берди

Ёшлар пресс-клубининг 13 январдаги сессияси Ўзбекистон таълим тизими масалаларига бағишланди.

Унда ўтган икки йил давомида Олий таълим соҳасини тартибга солувчи 20 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилингани, бироқ олий таълим соҳасини тартибга солувчи «Олий таълим тўғрисида»ги ягона низом ҳалигача янги таҳрирда қабул қилинмаётгани борасида савол берилди.  

Бу борада, шунингдек, «Олий таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси 2018 йил август ойидаёқ regulation.uz’да (ҳужжат лойиҳалари муҳокамаси портали) жойлаштирилгани маълумот ўрнида келтирилди.

Саволга Олий ва ўрта махсус таълими вазири Иномжон Мажидов жавоб берди.

«Хабарингиз бор экан, бизда амалдаги низом мавжуд. Хўш, нима учун бизда унинг янгиланган шаклини қабул қилиш босқичи чўзиляпти? Ваҳоланки, бу ишни биз бир ярим, икки йил аввал бошлаганмиз.

Ўтган вақт давомида Олий таълимга алоқадор 20дан ортиқ ҳужжат қабул қилингани ҳам рост гап. Бу ҳали асосий ҳужжатлар. Биз қабул қилаётган ҳужжатлар олий таълимнинг тузилиши, ташқи кўриниши, ташкилий масалаларига тегишли.

Ҳозир шундай вазиятки, ҳар йили олий таълимга оид ўнлаб ўзгаришлар қилиняпти. Биз ҳозир ягона хужжатни тасдиқлаганимиз билан уни барибир ҳар ойда ўзгартиришимиз керак бўлади. 

Бизда ҳозир бунга {«Олий таълим тўғрисида»ги ягона низом - таҳ} алтернатив равишда меъёрий ва ундан кам бўлмаган ҳужжатлар чиқяпти. 

«Олий таълим тўғрисида»ги низом эса олий таълим муассасалари фаолиятининг барча жиҳатларини ўзида жамлаган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам бу ҳужжатга лойиҳа давридаёқ ўзгартириш киритиляпти.

Ўйлайманки, шу йил ҳужжатнинг ташкилий масалалари ҳамда мазмуни тўлдирилганда, педагогик таркибнинг меъёрий талаблари турғун равишда шаклланганда биз уни тасдиққа киритамиз. 

Қайтараман, ҳозир бизда олий таълим муассасаси фаолияти учун низом мавжуд», – дея Иномжон Мажидовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид