14:47 / 29.03.2019
29645

Пенсия жамғармаси: Пенсия ёшини узайтириш режалаштирилмаган, аммо иш стажи пенсия ёшига боғланиши мумкин

Бугун, 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги пресс-ҳоллида Ўзбекистон республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси «Пенсия жамғармасига суғурта тўловларини амалга ошириш» бўйича матбуот анжумани ўтказди.

Тадбир жараёнида пенсия таъминоти бўйича қатор маълумотлар берилди.

Маълумотларга кўра, 2018 йил давомида қўшимча 260 минг фуқарога пенсия тайинланган. Умуман, республика бўйича ҳар ойнинг 12-14 санасигача пенсиялар тўлиқ молияланишига эришилмоқда, бунинг учун 2,3 трлн сўм маблағ шакллантирилади.

Ҳозирги кунда пенсия жамғармасини шакллантиришда иштирок этмаётган 9 миллиондан ортиқ фуқарони жалб қилиш, келажакда уларни ҳам пенсия билан таъминлаш мақсадида ўз-ўзини банд қилган фуқароларга (масалан хорижда ишловчилар, томорқачилик билан шуғулланувчиларга) ихтиёрий бадал тўлаб бориш тизими йўлга қўйилган.

Хорижда ишловчилар йилига ЭКИҲнинг 4,5 баробари, 4 сотихдан кам бўлмаган деҳқон хўжалигида фаолият юритган шахс 1 баробари миқдорида, ЯТТ ёки оилавий тадбиркорлик субъекти ойига 1 баробари миқдорида бадал тўлашлари зарур стаж йиғилишига асос бўлади.

«Албатта, пенсия ёшининг узайтирилиши дунёнинг кўплаб давлатларида кузатилмоқда. Ўзбекистонда бугунги кунда ва яқин келажакда бундай амалиёт режалаштирилмаган. Аммо иш стажини пенсия ёшига боғлаш бўйича айрим лойиҳалар мўлжалланган. Чунки, пенсия ёшига етганларнинг ўртача стажи 21 йилни ташкил қилмоқда. Юқорида таъкидланганимдек, бу ҳали бир лойиҳа мақомида, аниқ ўзгаришлар кутилаётгани йўқ», дея жавоб берган Пенсия жамғармаси ижро этувчи директор ўринбосари Шуҳрат Давронов Kun.uz мухбирининг келажакда пенсия ёши оширилиши эҳтимоли бўйича берган саволига.

Top