"Vagabrothers" Ўзбекистон ҳақидаги стереотипларни йўққа чиқарди (фото+видео)
Ижтимоий тармоқлар ва YouTube'да "Vagabrothers" номи остида фаолият юритувчи машҳур сайёҳ-блогерлар Марко ва Алекс Айлинглар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси таклифига биноан Ўзбекистонда бўлди. Kun.uz мухбири Қўмита раиси маслаҳатчиси Беҳруз Ҳамзаевдан олинган маълумотлар ҳамда Vagabrothers саҳифаларидаги видеороликлар асосида Марко ва Алекс Айлингларнинг юртимизга саёҳатига бағишланган мақоласини тақдим этди.
"Vagabrothers" YouTube'даги каналида - 860 000 га яқин, Instagram'да - 144 000 дан зиёд, Facebook'да - 48 000 га яқин "фолловер"га эга.
"Vagabrothers"нинг ўзига хос ижобий томонлари: уларнинг видеороликларга кинематографик ёндашуви ва ахборот узатиш шакли. Уларнинг обуначилари сони ҳозирча миллионга етмаган бўлса-да, кўп профессионаллар айнан шу канални кузатиб боради. Марко ва Алекс Айлинглар билан Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўлидаги ўрни ва ундан қолган меросни кўрсатиб бериш мақсад қилинди, зеро инглиззабон кишилар орасида Буюк Ипак йўлига бўлган қизиқиш катта", - дейди Беҳруз Ҳамзаев.
Унинг сўзларига кўра, "Vagabrothers" муаллифларига пойтахт Тошкент шаҳри ва айниқса, метро жуда ёққан. Шунингдек, миллий таомларимиз ҳам уларга жуда маъқул бўлган. Булардан аввал Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий блогерлар айнан гастрономик туризмга эътибор қаратгани боис Айлинглар миллий таомларга алоҳида тўхталишмаган, асосий эътиборни Буюк Ипак йўли ўтган шаҳарларимиз ва миллий меросимизга қаратишган.
"Тарихий ва меъморий обидалари бўйича эса уларга энг ёққан шаҳарлар Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари бўлди. Қадимий ёдгорликларимиз уларни ҳайратда қолдирди. Хива шаҳри ҳам жуда ёқди, лекин об-ҳаво билан боғлиқ муаммолар бўлди. Боз устига, сафар рўйхати охиридаги шаҳар бўлгани боис Айлинглар ҳам бироз чарчашганди. Бундан ташқари, Орол денгизига бориб, унинг фожиасини ўз кўзлари билан кўришди ва бу уларда катта таассурот қолдирди. Dark-tourism деган атама бор, яъни шундай инсонлар борки, улар айнан одамзот оёғи етмаган жойларга боришни орзу қилишади. Орол ҳам туризмнинг айнан шу турини изловчи сайёҳлар орасида машҳурликка эришиши ҳеч гап эмас. Бу ва бошқа ҳодисалар Vagabrothers видеороликларида ўз аксини топди ва улар шу кунгача фолловерларнинг олқишига сазовор бўлмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, уларга бундай янгича ёндашув ва профессионал ҳамкорлик учун самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз", - дейди Беҳруз Ҳамзаев.
"Vagabrothers" видеоларидаги диққатга сазовор жиҳат - уларда Ўзбекистон ҳақида мавжуд бўлган салбий тасаввурларни йўқ қилишга ҳаракат қилинган, яъни хорижликлар бу ерга келмасдан олдин қандай фикрда бўлишган ва аслида қандай эканига урғу беришган. Шу билан бирга, мамлакат туризмини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар ва ислоҳотлар ҳақида маълумотлар тақдим этилган.
"Минглаб йиллар давомида Марказий Осиё бутун дунё маркази, цивилизациялар кесишган жой бўлган ва Ўзбекистон афсонавий Буюк Ипак йўли, Ўрта ер денгизини Осиё билан боғлаган ва воситачиларни бу каби кўркам шаҳарларни қуришга қурби етадиган даражада бадавлат қилган савдо тармоғи ватани ҳисобланади. Самарқанд ва Бухоро, Тошкент ва Хива - бу ерларнинг бари Искандар Зулқарнайндан тортиб то Чингизхонгача, Марко Полодан тортиб то Ибн Батута каби тадқиқотчиларгача, Буюк Британиядан то Хитой савдогарларигача - барчанинг эътиборини жалб қилган. Биз глобализация тарихига жуда қизиққанимиз боис тезроқ ушбу видеолар сериясини олиш иштиёқидамиз", - дея бошланади уларнинг "Нима учун ҳозирнинг ўзидаёқ Ўзбекистонга саёҳат қилиш керак?" номли видеоролиги.
Ака-укаларнинг ижтимоий тармоқлардаги "Vagabrothers" ҳамда шахсий саҳифаларига жойланган суратлар остида жуда кўплаб изоҳлар қолдирилган. Фолловерлар орасида айнан уларнинг фото ва видеороликларидан кейин Ўзбекистонга саёҳат қилиш истаги пайдо бўлгани ва яқин орада, албатта, бу режаларини амалга оширишларини билдирганлар талайгина. Ўзбекистон шаҳарларидаги қадимий обидалар-ку барча фолловерларнинг ҳайрат ва ҳавасига сабаб бўлмоқда.
"Vagabrothers"нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кузатувчи кишилар Ўзбекистон бўйича видеороликлар серияси нафақат ажойиб, балки таълимий жиҳатдан ҳам фойдали бўлгани, аксарият ўзи учун кўп янги билимга эга бўлганини таъкидлашган.
Мавзуга оид
11:15
Конлардаги портлатишни кузатиш, пулли асосда ўқ отиш ва давлат ташкилотлари биноларига ташриф – Ўзбекистонда туризмнинг янги йўналишлари тайёрланмоқда
20:15 / 26.12.2024
Мирзиёев: ЕОИИ давлатлари фуқароларига ички ҳужжатлари билан Ўзбекистонга кириш имконини беришга тайёрмиз
22:53 / 16.12.2024
Эмин Агаларов Чорвоқ бўйида Sea Breeze Uzbekistan туристик марказини қурмоқчи
18:14 / 16.12.2024