19:07 / 11.04.2019
4494

“Ўзатом” агентлиги вакиллари АҚШдаги халқаро семинарда иштирок этишди

«Ўзатом» агентлиги делегацияси АҚШнинг Техас штатида МАГАТЭнинг атом энергетика соҳаси раҳбарлари учун (International Nuclear Executive Leadership Seminar) ташкил этилган халқаро семинарда иштирок этишди. Ўзбекистон делегацияси мазкур тадбирда Атом энергетикаси халқаро агентлиги (МАГАТЭ) ва Техаснинг A&M университети қошидаги Ядро энергетикаси институти таклифига биноан иштирок этди. 

Агентлик матбуот хизматининг хабар беришича, семинарда Бразилия, Саудия Арабистони, Аргентина, Туркия, Иордания, Беларусь, Руминия, Польша, Нигерия, Жанубий Африка, Кения и Ўзбекистан каби атом энергетикаси соҳасига энди кириб келаётган 20 га яқин мамлакатнинг соҳа раҳбарлари қатнашишди.  

Семинарда МАГАТЭ, Атом электр станцияларидан фойдаланувчи ташкилотлар халқаро уюшмаси (WANO), Ядро энергетикаси институти, Айдахо миллий лабораторияси, «Westinghouse» компанияси (АҚШ), шунингдек, атом энергетикаси соҳасидаги АҚШнинг бошқа бир қатор тадқиқот марказлари, йирик компаниялари ва халқаро консультантлари ўз маърузалари билан иштирок этишди.   

Тақдимотлар атом энергетикаси соҳасидаги глобал мавзуларнинг муҳокамасига бағишланди. Бутунжаҳон ядро энерегетикаси ташкилотлари фаолиятининг ривожланиш тенденциялари, ядровий хавфсизлик маданияти, ядровий билимларнинг самарали бошқаруви ҳамда соҳа ривожи учун етук кадрлар тайёрлаш масалалари ва атом электр станцияси қурилиши лойиҳасида бошқарув жараёнлари кабилар шулар жумласидандир. 

Тадбир доирасида Жанубий Техас ҳудудида жойлашган атом электр станциясига танишув ташрифи уюштирилиб, унда мазкур АЭСдаги ўқув-машғулотлар маркази ҳамда Ахборот маркази билан яқиндан таништирув бўлиб ўтди. 

Семинар якунида иштирокчилар ва ташкилотчилар олинган билим ва кўникмалари ҳақида фикр алмашишди, мазкур форматдаги семинарларни янада самарали қилиш бўйича ўз таклифлари билан ўртоқлашишди. 

Мазкур семинар доирасидаги ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш Агентлиги Техаснинг A&M университети қошидаги Ядро энергетикаси институти, Айдахо миллий лабораторияси вакиллари билан АҚШнинг таълим марказларида атом энергетикаси йўналишида Ўзбекистонлик мутахассисларни таълим олиб, малака оширишларини ташкил этиш имкониятлари, шунингдек,  МАГАТЭ вакиллари билан шу каби, ўқув-амалий семинарларни Тошкентда «Ўзатом» агентлиги ва атом соҳасининг миллий регулятори вакиллари учун ташкил этиш борасида ҳам музокаралар олиб борди. 

Таъкидлаш лозимки, Техаснинг A&M университети Техас штатининг Колледж-Стейшен шаҳрида жойлашган бўлиб, иккита тадқиқот реакторига эга АҚШдаги ягона олий таълим маскани ҳисобланади. Талабалар сони бўйича АҚШ энг йирик университетлари орасида 65 минг талаба билан еттинчи ўринни эгаллайди. Мазкур университетда нефть ва газ, атом энергетикаси, океанология, космонавтика ҳамда ландшафтшунослик каби йўналишлар бўйича таълим берилади.

Top