Жамият | 14:44 / 15.04.2019
37847
3 дақиқада ўқилади

ИИВ Исломбек Тўлагановнинг муддатидан илгари озод этилганига изоҳ берди

Фото: KUN.UZ

Тошкент тиббиёт коллежи талабаси Жасурбек Иброҳимовнинг ўлимида айбдор деб топилган Ислом Тўлаганов жазо муддатини ўташ вақтида колониядаги режимни бузмагани ва меҳнатга виждонан ёндашгани туфайли озод этилган.

ИИВ маълумотларига кўра, айни пайтда Тўлаганов «Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани Пробация хизмати назорати остида жазони ўтамоқда».

Вазирликдан қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига кўра, судланган шахсга нисбатан суд томонидан белгиланган озодликдан маҳрум қилиш муддати жазо муддатининг маълум қисми ўталганда, инсонпарварлик ҳаракати сифатида енгилроғи билан алмаштирилиши мумкин.

«Жиноят кодексининг 90-моддаси учинчи қисми «б» бандига биноан, И.Тўлаганов жазо муддатининг тўртдан бир қисмини ўтаганидан сўнг, 2018 йил 20 декабрда Жиноий ишлар бўйича Навоий шаҳар суди унга нисбатан муддатнинг ўталмай қолган қисмини ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирди, бунда ойлик маошнинг 20 фоизи давлат даромадига ўтказилади», - дейилади ИИВ хабарида.

Жиноий ишлар бўйича Навоий шаҳар судининг қарорига асосан И. Тўлаганов озодликдан маҳрум қилиш муассасасидан озод этилди ва ҳозирги пайтда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги Пробация хизмати назорати остида жазо ўтамоқда.

2017 йил 31 май куни Миробод туман ИИБ ТБ томонидан Исломбек Тўлагановга нисбатан ЖКнинг 105-моддаси 1-қисми билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан ўтказилганди. 

Иш ҳужжатларига кўра, ўша вақтда вояга етмаган И.Тўлаганов 2017 йил 3 май куни соат 14-00 ларда Боровский номидаги тиббиёт коллежи ҳудудида ушбу коллеж ўқувчиси Жасур Иброҳимов билан ўзаро жанжаллашиб, сўнгра тахминан соат 14:20 ларда 145-мактабнинг орқа томонидаги гаражлар олдига биргаликда келишиб, шу ерда Тўлаганов Иброҳимовнинг бош, қорин ва ҳаёти учун муҳим бўлган бошқа соҳаларига қўл ва оёқлари билан уриб, унга ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари етказиб, унинг ўлимига сабабчи бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2017 йил 30 октябрдаги ҳукмига кўра, И.Тўлаганов ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан айбдор деб топилиб, ЖКнинг 85-моддаси тартибида 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга оид