23:00 / 23.04.2019
102298

«Вақф» раиси янги «Malibu 2» минди. Бу қимматбаҳо автомобил фонд маблағлари ҳисобидан олинган

Фото: Facebook

Бугун, 23 апрель куни ижтимоий тармоқда «Вақф» хайрия жамоат фонди раиси Искандар Халилов фонд маблағлари ҳисобидан ўзи фойдаланиши учун «Malibu 2» хизмат машинаси олгани ҳақида хабар тарқалди. 

Унда фондга ёрдам сўраб борган киши раис ҳали давлат рақами тақилмаган «Malibu» миниб келганига гувоҳ бўлгани, унинг ўзига эса «навбат кўплиги ва пул камлиги» сабабли моддий ёрдам кўрсатилмагани ҳақида айтган.

«Одамлар не-не ниятларда хайрия қилишади. Одамлар фонд раҳбари «Malibu»да юрсин деб хайрия қилишмагандир ахир.

Нима бўлганда ҳам, «Вақф» фонди жуда хайрли ишларни кўп қилишяпти, аммо халқнинг пулини бундай талон-торож қилиш яхши эмас. Ундан кўра, кичикроқ енгил машина олиб, қолган маблағларни яна хайрли ишга сарфлаш одобдан бўлар эди», дейилади хабарда.

Маълумот берган шахс фонд ходимидан бу қимматбаҳо автомобил «Муфтий рухсати билан фонд маблағлари ҳисобидан харид қилингани»ни тасдиқлатиб олган.

Azon.uz портали ушбу масалага аниқлик киритиш мақсадида Фонд раисининг биринчи ўринбосари Зоҳиджон Тўраев билан боғланиб, маълумот олган. Молия-хўжалик масалаларига бевосита масъул бўлган Тўраевнинг айтишича, бугунги кунда фонд томонидан хайр-эҳсон, закот ва вақф учун ажратилган 3та, турли йўналишлардаги акцияларнинг (китоб, бетоблар учун маблағ йиғиш, сув чиқариш ва ҳ.з.) 10та ҳисоб рақами, шунингдек масжидлар ва зиёратгоҳлар эҳсон тушумларига мўлжалланган 2та ва фонднинг асосий ҳисоб рақами, жами 16та ҳисоб рақами юритилади.

Ҳар бир ҳисоб рақами аниқ мақсадларга йўналтирилган бўлиб, манбаси белгилаб қўйилган.

«Ҳақиқатан фонд томонидан «Malibu 2» автомобили харид қилинди. Лекин бу хабарларда таъкидланганидек хайр-эҳсонлар эмас, балки Фонднинг асосий ҳисоб рақамидаги маблағлар ҳисобидан сотиб олинган. Ушбу ҳисоб рақамига Мусулмонлар идораси томонидан маблағ ажратилади», дея жавоб қайтарган раиснинг биринчи ўринбосари «Malibu 2» автомобили ҳақидаги саволга.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилганига бир йил бўлди. Мазкур фонд Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони доирасида ташкил этилган.

Маълумот учун, апрель ойидаги баҳоларга кўра, GM Uzbekistan АЖ томонидан ишлаб чиқарилган «Malibu 2» автомобили нархи 276 миллион сўмга яқинни ташкил этади - бу Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган энг қимматбаҳо автомобилдир.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг январида Навоий вилояти ҳокими ўз ўринбосарлари ва вилоятдаги 8та туман ҳокимлари учун янги «Malibu 2» автомобиллари сотиб олгани ижтимоий тармоқларда шов-шувларга сабаб бўлган, фойдаланувчилар чекка ҳудудларда аҳолининг яшаш шароитлари оғир аҳволда қолаётгани ҳолда амалдорлар бундай харидлар қилишидан норози бўлганди.

Кейинроқ Навоий вилояти ҳокими Қобил Турсунов Kun.uz учун берган интервьюсида бу автомобиллар «GM Uzbekistan сайтида кўрсатилганидек 302 миллион сўмдан эмас, балки акция сабаб 267 миллион сўмдан олингани», «Навоий вилояти марказидан Томди туманининг қайсидир қишлоғига бориш учун 450 км масофа босиши, шу туфайли ҳокимларга сифатли автомобиллар зарурлиги» ҳақида гапирган, шунингдек, «Россиядаги губернаторлар яшайдиган ҳашамат олдида бу ҳеч нарса эмаслиги»ни қистириб ўтганди.

Top